Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Аллоҳ малоикаларининг вазифалари.

 
 

Аллоҳ таоло томонидан бизга умр неъмати берилган кундан бошлаб, ҳар бир кунимиз, ҳар бир лаҳзамиз, ҳар бир амалимиз ила Аллоҳнинг изни билан фаришталар нигоҳида бўламиз. Ҳаттоки жон таслим қилар чоғимиз ҳам фаишталарга рўбаро келамиз. Хўш, фаришталар ҳақида нималарни биламиз? Бу дунёда Аллоҳнинг малоикаи муқаррабинлари тўрт нафарни охиратда эса саккиз нафарни ташкил қилади. Аслида фаришталарнинг сони жуда кўп. Бироқ уларнинг аниқ сонини Буюк Аллоҳдан бўлак ҳеч ким аниқ айта олмайди. Муқаррабинлар, яъни Аллоҳнинг даргоҳида энг асосий вазифаларини бажарадиганлар юқоримартабали малоикаларидир. Улар қуйидагилар:

  1. Жаброил (алайҳис салом), яъни Жаброили амин – унинг вазифаси Аллоҳнинг ваҳийларини пайғамбарларга етказишдир;
  2. Микоил (алайҳис салом) – унинг вазифаси Аллоҳ яратган барча тирик жонзотларга, улар учун аталган ва тақсимланган ризқини етказиб беришдир;
  3. Азроил (алайҳис салом) – унинг вазифаси инсон ва бошқа жонзотларнинг жонини олиш, қабзи руҳ қилишдир;
  4. Исрофил (алайҳис салом) – унинг вазифаси Қиёмат қоим бўлганида, Аллоҳнинг буюк амри ила сур чалиб, қабрлардан барча жонзотларни қайта тирилтириб, Маҳшар водийсига чорлашдир. Бунда биринчи сур чалинганда Қиёмат куни бўлади. Иккинчи бор чалганида эса барча махлуқотлар қайта тирилади;

Бошқа фаришталар:

Кироман-Котибин – инсоннинг яхши ва ёмон амалларини ёзиб борувчи фаришталар.
         Мункар ва Накир – инсон қазо қилиб, қабрга қўйилганда савол-жавоб ўтказадиган фаришталар.
        Қўриқловчи-Фаришталар – Инсонларни олдидан, орқасида, ўнгидан, чапидан(Аллоҳнинг изни билан) ҳимоя қилувчи фаришталар.
        Ризвон (а.с.) – Жаннатнинг бош фариштаси, Жаннат қўриқчиси
        Молик (а.с.) – Дўзахнинг бош фариштаси.
        Забония – Дўзахда гуноҳкорларни азобловчи фаришталар.
        Хамалату-л-Арш – Аршни кўтариб турувчи фаришталар.

Ҳа! Бутун коинот узра ҳар қандай жой ва ҳолат бўлмасин барчасида Аллоҳнинг фариштилари мавжуддир.

Демак, бу дунёда фаришталарнинг асосий вазифалари инсонларни муҳофаза қилиб юриш, уларнинг яхши ва ёмон амалларини қайд қилиб бориш экан. Ҳар бир жой, ҳар бир ҳолатда фаришталар биз билан биргадир.

Инсонлар орасида фаришталар ҳам сўроқ қилинадими ? деган савол ҳам учраб туради. Фаришталар сўроқ қилинмайди. Чунки, улар фақат Аллоҳнинг буйруғини бажарадилар, нафси буюрган ишлар билан машғул бўлмайдилар. Бу ҳаёт инсонлар ва жинлар учун синовдир. Шайтонлар ҳам синовга маҳкум этилган. Ваҳоланки, биз инсонлар нафсимиз орқали бажарган ишларимиз, гапирган гапларимиз юзасидан Қиёмат куни савол-жавоб қилинамиз.

 

“Қуръон сирлари” китобидан Саййид Азиз Саййид Исо ўғли таржимаси асосида тайёрланди.


Киритилган вақти: 14/10/2021 19:15;   Кўрилганлиги: 604
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/alloh-maloikalarining-vazifalari
Чоп этилган вақт: 02/05/2024 03:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг