Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Аҳли умматнинг миллати бир!

 
 

Бугунги кунда бутун ер юзида барча мамлакат фуқаролари экстремизм ва терроризмни нима эканини тўғри англаб олди десак муболаға қилмаган бўламиз. Бу мавзу борасида жуда кўп мақолалар ёзилди. Унинг пайдо бўлган, хуруж қилган давригача маълумотлар етарли. Бу икки атаманинг олдига “диний” сўзини (аслида дин ниқобида) қўйиб номланиши Али ва Муовия (Аллоҳ улардан рози бўлсин) ўртасидага келушув, таҳким воқеасидан сунг, Али розияллоҳу анҳунинг қўшинидан унга қарши ажралиб чиққан Хаворижларга боғланиши тарихда муҳрланиб қолди.

Хаворижларнинг дастлабки вакиллари саҳровий араблар бўлиб, илм-маърифатдан йироқ, лекин ўзларини динда тақводор ҳисоблайдиган шахслар бўлган. Уларнинг илмлари чегараланганлиги сабабли, ўзларига ёққан нарсага ёпишиб олиб, бошқа нарсаларни рад этар ва бошқаларни нуқсонда айблар эдилар. Улар бегуноҳ мусулмонларнинг қонини тўкиб, йўлтўсарлик қилиб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ўзларига ҳалол ҳисоблашган эдилар.

Ана шундай шахслардан бири Абдураҳмон ибн Мулжам 661 йилда  Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни ярадор қилиб ўлдирди. Кейинги даврда Хаворижлар умавийлар ва аббосийлар халифалигига ҳам қарши уруш олиб борди ва жуда кўп мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлди.

IX асрнинг охири X асрнинг бошига келиб, мусулмонларнинг ҳаёлига, ақлига келмаган ирҳоб-террор вужудга келди. Бу янги пайдо бўлган тоифанинг ҳаракати  Хаворижлардан ҳам ўтиб тушди. Ироқда форс мажусийларидан Ҳамадон ал-Ашъас Шиа мазҳабининг Исмоилия йўналиши бўйича «Ал-Қаромита» (Қирмитийлар) деб аталган диний-сиёсий ҳаракатга асос солди. Бу ҳаракат вакиллари ўзларига эргашмаган бошқа мазҳаблар тарафдорларини ўлдириш сиёсатини олиб борди. 908 мелодий —  317 ҳижрий санада қирмитийлар Ислом дунёсида мисли кўрилмаган жиноятга қўл уришди. Уларнинг бошлиғи Абу Тоҳир 600 отлиқ ва 900 пиёда билан Муқаддас Макка шаҳрига кириб қатл ва талончилик ўтказди. Ҳажарул асвад ва Каъбадаги бошқа муқаддас нарсаларни талашди. Макка амири ҳажарул асваднинг эвазига мамлакатдаги бор бойликни бериш таклифини қилиш учун Қирмитийларнинг олдига борганларида, Амир  билан келган аҳли ва аскарларини жуда кўпини ўлдирди. Шом ва Ироқ мусулмонлари улардан қўрққанидан ҳаж сафарига чиқишмай қўйдилар. Ҳажарул асвадни 22 йил давомида ўзларида сақлаб, 339 ҳижрий санада Фатимий ҳукмдори Мансур ҳукми билан Маккага, байтуллоҳга қайтариб, ўз ўрнига қўйдилар.

Террор — дин, миллат, элат ва чегара билмайди. Бу ишни содир этганлар — энг ваҳший, маданиятсиз ва инсоний хислатларини йўқотган ашаддий жиноятчилардир.

Муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб олган экстремистик ва террористик ҳаракатлар юқорида зикр этилган “диний” сўзининг (аслида дин ниқобида) пайдо бўлишини мустаҳкамлади. Бундай оқим ва ҳаракатлар диний мутаассибликка асосланган бўлиб, диний таълимотларга кўр-кўрона қаттиқ киришиб олиш натижасида юзага келади ва кўпинча муайян сиёсат ва иқтисодий манфаатларни таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Ҳар-бир давр ва замонда ислом уламолари бу иллатга қарши курашган ва уларни диндан адашганлигини  Қуръон ва ҳадис орқали исботлаганлар. Бутун башариятни қисқагина яшаш муддатида уларга берилган илоҳий кўрсатмагина уларни тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини кафолатини беради. Фақатгина ўша кўрсатмаларни кишилар камтарона ҳолда, самимият билан қабул қилсалар етарли. Муқаддас ислом динини бандалар ўзларига мураккаблаштирмасликлари, унга холис ёндошмоғи лозимдир. Кимларнингдир ҳавойи нафслари учун ёки кўрсатмаларига хизмат бўлиб қолмаслиги керак. Аллоҳ таолонинг каломидан мисол келтирамиз. “Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир”. (Анфол 46). Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида низога бормасликка чақирмоқда. Шундай экан, мусулмонлар масала тортишмасдан тинглашни, қулоқ тутишни яхши ўрганиб олишлари зарурдир. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: ”Эй Аллоҳнинг расули! Мени бир амалга йўллаб қўйингки, агар уни қилсам, жаннатга кирайин”, деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан ибодат қиласан, фарз намозларини ўқийсан, фарз қилинган закотни адо этасан ва рамазон ойи  рўзасини тутасан”, дедилар. Шунда у киши: “Жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, бу айтилган нарсалардан ошириб ҳам, камайтириб ҳам юбормайман”, деди. У киши орқасига қайтиб кетганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни жаннат аҳлидан бўлган кишига қараш хурсанд қилса, мана бу кишига назар солсин”, дедилар. Имом Муслим ривояти. Демак, буюрилган нарсалардан ошириб ҳам, камайтириб ҳам юбормасдан, баъзисини тутиб, баъзисини тарк қилинмаса ҳеч-бир низо келиб чиқмас экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй қавм! Сиздан олдинги умматлар шундоқ қилиб, анбиёларига ихтилоф қилишлари билан, китобнинг баъзисини баъзисига уришлари билан залолатга кетганлар. Қуръоннинг баъзисини баъзисига урманглар! Қуръоннинг баъзиси баъзисини тасдиқлаб нозил бўлгандир. Ундан билган нарсаларингизга амал қилинг. Ўхшаш бўлиб қолганига иймон келтиринг” -деганлар. (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Аллоҳ таоло бу борада шундай марҳамат қилади: “…Ёки китобнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирасизми?! Сизлардан ўшани қилганларнинг жазоси бу дунёда фақат расво бўлишликдир, қиёмат куни эса, энг шиддатли азобга қайтарилурлар. Аллоҳ қилаётганларингиздан ғофил эмас”. (Бақара 85). Ушбу ояти карима мадинада яшаб турган Авс ва Хазраж қавмида яшовчи Бану Қайнуқо, Бану Назр ва Бану Қурайза яҳудийлари тўғрисида нозил қилинган бўлиб, Авс ва Хазраж қабилалари орасида уруш бошланса, яҳудий қабилалари ўз иттифоқдоши томонида туриб жанг қилар эди. Шунда яҳудий яҳудийни ўлдирар, уйидан чиқариб молларини талон-тарож қилар, уруш тўхтаганидан сўнг мағлуб бўлган томоннинг асирларини таврот буюрган деб тавон тўлаб озод қилардилар. Ваҳоланки таврот бир-бирини қонини тўкишдан қайтарган эди. Ўзларининг ҳавойи нафсларига тўғри келганини қилиб, тўғри келмаганини тарк қилган қавмнинг адашгани баён қилинмоқда.

Бугунги пайтдаги зиддиётлар, ихтилофлар қуръон ва хадисни ҳар ким ўз фикри билан баъзисини олиб, яна баъзисини тарк қилиб таъвил қилаётгандадир. Қарама-қарши ихтилофга бормасдан, бир-бирига зулм қилиш бўлмаса нарсаниниг турида ихтилоф қилган икки тарафни ҳам Қуръони карим мадҳ қилган. “Сизнинг хурмони кесишингиз ёки аслида тик қолдирганингиз фақат, Аллоҳнинг изни билан ва бузғунчиларни хорлаш учун бўлди”. (Хашр 5). Ушбу ояти карима ғазотлардан бирида, мусулмонлар душманга паноҳ бўлиб турган хурмоларни кесиш ёки кесмаслик ҳақида ихтилоф қилдилар. Баъзилари кесдилар. Баъзилари кесмадилар. Орада ким тўғри қилдию, ким нотўғри қилди, деган савол пайдо бўлганида нозил бўлган. “Довуд билан Сулаймоннинг экинзор ҳақида ҳукм қилаётганини эсла. Ўшанда у экинзорга қавмнинг қўйи кечаси тарқалиб кетган эди. Биз уларнинг ҳукмига шоҳид бўлган эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга фаҳмлатдик. Уларнинг ҳар бирига ҳукмни ва илмни берган эдик…” (Анбиё 78,79). Давуд алайҳиссалом қўйларни экинзор эгасига берилишига ҳукм чиқарди. Қайтиб кетаётган қўй эгаси Сулаймон алайҳисаломни кўриб қолиб, бўлган ҳодисани унга айтиб берди. Шунда Сулаймон алайҳиссалом отаси Давуд алайҳиссалом хузурларига кириб: “Эй Аллоҳнинг набийи, ҳукм сиз чиқарган ҳукмдек бўлмаслиги керак эди”, дедилар. “Қандай бўлиши керак эди”, дедилар. Сулаймон алайҳиссалом: “Қўйни экинзор эгасига беринг, у фойдаланиб турсин. Экинзорни эса қўй эгасига беринг, уни тузатиб асл ҳолига қайтарсин. Сўнгра ҳар ким ўз нарсасини қайтариб олади”, дедилар. Шунда Давуд алайҳиссалом: “Ҳукм сен чиқарган ҳукм”,  дедилар.

Икки тараф бири иккинчисининг ҳам ҳақда эканинни билса, инсоф қилса, бу хилоф — қарама-қарши хилофга айланиб кетмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз қадар ҳақида тортишиб турганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб, юзларидан анор донаси бўртиб чиққан  ҳолда чиқиб келдилар ва:

 “Шунга амр қилинганмисизлар?! Ёки сизларга шунинг учун юборилганманми?! Сизлардан олдинги қавм шу ишда тортишганлиги сабабли ҳалок бўлди. Бу ишда тортишмасликларингизни қарор қиламан”, дедилар. (Термизий ривоят қилган). Яна бошқа ривоятда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ўз саҳобалари олдига, улар қадар ҳақида хусумат қилиб турганларида чиқиб қолдилар. Униси бир оятни келтирса, буниси бошқа оятни келтирар эди. Шунда. У зот худди юзларидан анор донаси бўртиб чиққан ҳолга келдилар ва: Шунга амр қилинганмисизлар?! Шунга вакил қилинганмисизлар?! Аллоҳнинг китобининг баъзисини баъзисига уришга-я?! Ўзингизга амр қилинган нарсага назар қилингда, унга эргашинг. Қайтарилган нарсангиздан қайтинг, дедилар. (Ибн Можа ва Термизий ривоят қилганлар). Хуллас, низо ва тортишувлар, зиддиётлар, ихтилофлар қуръон ва хадисни ҳар ким ўз фикри билан баъзисини олиб, яна баъзисини тарк қилиб таъвил қилишликлар янги ва янги оқим ва фирқаларни пайдо бўлишига сабаб бўлиб қолмасин!

 Хайруллоҳ Саттаров, ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари 


Киритилган вақти: 07/07/2020 09:34;   Кўрилганлиги: 1065
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/ahli-ummatning-millati-bir
Чоп этилган вақт: 21/01/2025 07:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг