Абул-Муъийн Ан-Насафийнинг калом илми ривожида тутган ўрни
Абу Муъин ан-Насафий калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшганлар. Аввало калом илми нималиги билан танишсак, “Калом – ислом илоҳиётининг илми ҳисобланиб, XII-асрда пайдо бўлган. Калом тарафдорлари мутакаллимлар деб аталади. Ушбу илм турли диний-сиёсий гуруҳлар, мисол учун, хорижийлар, қадарийлар, жабарийлар, муржиийлар кабилар пайдо бўлиши билан боғлиқ баҳслар натижасида вужудга келди ва тарқалди. Калом илми вақт ўтган сари тараққий топди. Айниқса, Насафий яшаган XI-асрнинг иккинчи ярми ва XII-аср бошларида ўзининг юксак чўққисига кўтарилди”. Абу Муъин ан-Насафий мана шундай оқимлар кўпайиб, нотўғри ақидалари ҳар жойда илдиз отиб бораётган бир пайтда ижод қилиб, уларнинг илдизларига болта урдилар. Уларга қарши раддиялар бериб, уларни мот этдилар.
Мутакаллим олимлар Абу Муъин ан-Насафий раҳматуллоҳи алaйҳининг ақоид китобларини аъло баҳолаб, уларга турли хил шарҳлар битганлар. Ҳозирги кунда бу кишининг ёзган асарлари билан бутун олам мусулмонлари фойдаланиб бормоқдалар.
Аллома мол-дунёга қизиқмади, парҳезкор, фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим бўлиб, қатъий далиллар билан салафларнинг фикрларини мустаҳкамлади, мўътазила, жаҳмия, рофизия, хорижия каби мухолиф фирқаларга қарши туриб, уларнинг ақидаси ботиллигини аниқ, ишончли ҳужжатлар билан исботлаб, одамлар орасида илму маърифат зиёсини сочди. АбулМуин ан-Насафий ҳижрий 508, милодий 1114 йили вафот этди. Қабри Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида жойлашган.
Муҳтарам Президентимиз ушбу йил сайлов кунлари олдидан Қашқадаё вилоятига ташрифлари давомида калом илмининг султони, ўз замонасининг забардаст олими Абул Муъин ан-Насафий ҳазратларининг илмий меросини ўрганиш, у киши қўним топган муборак масканни обод этиш, мазкур зиёратгоҳ қошида кутубхона ташкил этиш, у зотнинг бизгача етиб келган асарларини таржима қилиб, халққа, хусусан, ёшларга етказиш мақсадида “Ақида илмий мактаби” фаолиятинини такомиллиштиш ҳақида алоҳида кўрсатма бердилар.
Зиёратгоҳда улкан ободонлаштириш ва қайта қуриш ишлари жадал олиб борилди. Зиёратгоҳнинг қайта таъмирланиши буюк алломага бўлган юксак эҳтиромни ифода этиб, у ерда ташкил қилинадиган “Ақида илмий мактаби” аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни ўрганиш истагида бўлган илм аҳли, шунингдек зиёратчи юртдошларимиз ва хорижий сайёҳлар учун қулай даргоҳ бўлади.
Абул-Муийн Ан-Насафий ҳазратлари мусулмон оламига улкан фойдаларни келтирди. Бу киши ёзган асарларни ҳозирги кунда олимларимиз таржима қилиш билан шуғилланмоқдалар. Яқинда «Табсиратул адилла» китоби нашрдан чиқди. Эндиликда халқимиз ушбу китоблардан бемалол фойдаланиб маълумотлар олишлари мумкин.
Абу Муъин ан-Насафий ҳазратлари Калом илмига чексиз ёрдам кўрсатдилар. Мўътазила ва шу каби адашган фирқаларга қарши раддия бердилар ва уларни енгиб чиқдилар. Биз ҳам шу инсон каби кишиларни тўғри ақидага бошлашимиз зарур. Зеро, илм ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарз. Бу борада биз тиним билмай ҳаракат қилишимиз зарур. Абу Муъин ан-Насафий ҳазратларининг асарларини ўқиган ҳар бир ўқувчи ўзини денгизда сузаётган балиқдек ҳис қилади. Зеро, денгизда сузувчи ҳар балиқ у ердаги барча нарсани тўлалигича кўриб ҳис қила олади. Одамлар ҳам шу кишининг асарларини қўлларига олиб ўқий бошласалар ўзларида ҳузур-ҳаловатни ҳис қиладилар.
Шу ерда бир нарсани айтиб ўтсак, Самарқанд Вилоятида очилган “Ҳадис ва Калом” мактабида Абу Муъин ан-Насафий ҳазратларининг “Табсиратул адилла” китобидан дарслик қилиб фойдаланишлик кўзда тутилди. Буни қаранг орадан 900 йил ўтибдики, бу кишининг асарлари унитилгани йўқ, унитилмайди ҳам. Келажак ёшларимизга у кишининг китоблари ўқитилиб борилади.
Яна шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бу кишининг мақбаралари қайта таъмирланиб, халқимиз учун зиёратгоҳга айлантирилди. Бунда жуда кўп фойдалар бор. Халқимиз орасидан бу киши ҳақида ҳалигача хабардор бўлмаган кишилар ушбу масканга ташриф буюриб, бу кишининг ҳаётлари, турмушлари ва ижодлари борасида кенг илм-маърифатга эга бўлишади.
Узоқ юртдаги буюк, кучли олимлар ҳам бу киши ҳақида энг яхши сўзларни эътироф этишган. У кишининг ёзган асарларига шарҳлар ёзишган ва халққа намоён этишган.
Биз имоми хатибларгаларга бу кишининг асарларини ўрганиб, татбиқ этишимиз, ҳамда халқимизга бу асарлар моҳиятини тўлалигича етказишимиз зарур. Бунинг учун биз тинмай ҳаракат қилиб, жидд-у жаҳд қилиб ўқиб-ўрганишимиз зарур.
Аллоҳ таоло бу кишидан ва ақидани тўлалигича етказиб келаётган барча олимларидан рози бўлсин!
Бугун Самарқанд шаҳар имом хатиблари Қашқадарё вилоятида Абул-Муъийн Ан-Насафийнинг муборак қабирларини зиёратида бўлишдилар ва бу буюк алломага хатми Қўръон қилишиб, мамлакатимизни тинчлиги тилаб, хайрли дуолар қилиб қайташди.
Самарқанд шаҳар Руҳобод масжиди имом хатиби Амиров Тўлқин Барот ўғли.
Киритилган вақти: 03/11/2021 06:05; Кўрилганлиги: 1007
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 04:52