Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Абу Мансур Мотуридийга тош отманг!!!

 
 

Аҳл ас-сунна ва-л-жамоада ҳанафийлик, шофиийлик, моликийлик ва ҳанбалийлик каби тўрт мазҳаб мавжуд. Ушбу мазҳабларнинг ақидавий қарашлари мотуридия ва ашъария таълимотларида ўз аксини топган бўлиб, улар замондош олимлар томонидан айни бир даврда, лекин турли ҳудудларда асос солинган калом мактаблари замирида юзага келган. Жумладан, бу ҳақида ҳанафий мазҳабининг таниқли олимларидан Абулхайр Исомуддин Аҳмад ибн Мустофа Тошкўпризода (901-968/1495-1561) “Билгинки, калом илмида Аҳл ас-сунна ва-л-жамоа олимларининг раиси (бошчиси) икки киши бўлиб, уларнинг бири ҳанафий ва иккинчиси шофиийдир. Ҳанафий бу – Абу Мансур Мотуридий ва шофиий эса, бу – Абул-Ҳасан ал-Ашъарий”, – деган.

Мовароуннаҳрда Имом Абу Ҳанифанинг бевосита шогирдлари фаолият олиб борган. Натижада, “Мовароуннаҳр ҳанафий мактаби” шаклланган. Ўз навбатида ушбу мактабдан кўплаб машҳур ҳанафий олимлари етишиб чиққан. Жумладан, “Имом ал-ҳудо” (Ҳидоят йўли имоми), “Имом ал-мутакаллимин” (Мутакаллимлар имоми) номлари билан улуғланган Абу Мансур ал-Мотуридий ҳам мазкур мактабнинг вакилларидан ҳисобланади. Унинг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандий бўлиб, 257/871 йили Самарқанднинг Мотурид қишлоғида туғилган. У ёшлигидан илм олишга иштиёқи баланд бўлган ва ўз даврининг таниқли маҳаллий ҳанафий олимлардан таълим олган.

Чунончи, Абу Мансур Мотуридийнинг илм силсиласи ҳанафий мазҳаби асосчиси Имом Аъзам Абу Ҳанифага боғланади. Натижада эса, у ҳам имомнинг йирик издошларидан ва мазҳаб ақидасининг буюк олимларидан бири бўлди.

Абу Мансур Мотуридий яшаган даврдаги ижтимоий-сиёсий ҳолат таҳлили ўша пайтда турли адашган оқимлар томонидан мусулмонлар ўртасида атайин низо ва иғво чиқариш мақсадида баъзи ақидавий ҳамда фиқҳий масалалар бузиб талқин қилинганини кўрсатади. У илмий фаолияти давомида “Китоб ат-Тавҳид”, “Таъвилот аҳл ас-сунна” каби тафсир, фиқҳ, мантиқ ва ақида илмларига оид ўнлаб қимматли асарлар ёзган. Лекин, уларнинг ҳаммаси ҳам бугунги кунда аниқланмаган. Гарчи олимнинг барча асарларида адашган оқимларга муайян даражада раддиялар берилган бўлса-да, манбаларда айнан уларга бевосита раддия сифатида битилган саккизта асари мавжуд. Айни шу ҳолат уни калом мактабини жорий этишга ундаган.

Зайниддин домла Эшонқулов манбалар асосида тайёрлади.

 


Киритилган вақти: 14/12/2021 07:49;   Кўрилганлиги: 435
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/abu-mansur-moturidiyga-tosh-otmang
Чоп этилган вақт: 03/05/2024 15:51
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг