Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

АБУ БАКР МУҲАММАД НАРШАХИЙНИНГ “БУХОРО ТАРИХИ” АСАРИ

 
 

Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закарийя Хаттоб ибн Шарик Наршахий машҳур тарихчи сифатида танилган. У 899 йил Бухоро воҳасининг Наршах қишлоғида дунёга келган[1]. Аллома ҳақидаги маълумотлар манбаларда кам учрайди. Бу ҳақда Саъонийнинг “Китобул ансоб” асарида у кишининг тўлиқ исмини Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закариё ибн хаттоб ибн Шарик деб келтирилган[2]. Абу Бакр Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асари орқали у киши ҳақида баъзи маълумотлар сақланиб қолган. Сомонийлар саройида котиблик қилган. Наршахий. 943-944 йилларда "Бухоро тарихи" ("Таҳқиқи вилояти Бухоро") номли асарини араб тилида ёзиб, уни сомонийлар амири Нуҳ ибн Наср (ҳукмронлик даври: 943-954)га бағишлаган. Наршахийнинг ўғли Абу Бакр Мансур ва невараси ҳадисшунос олим Абу Рафи ал-Ала ибн Мансур ибн Муҳаммад ибн Жаъфар асарни араб тилида давом эттиришиб, Мансур ибн Нуҳ (ҳукмронлик даври: 997-999), яъни, сўнгги сомонийлар давригача тўлдиришган. Насафийнинг "Китоб ал-қанд"[3] ("Самарқандия") ва Абу Саъд ас-Самъоний (1113-1167)нинг "Китоб ал-ансоб" асарларида Наршахий. ҳақида маълумотлар мавжуд. Наршахий. ўзи туғилган қишлоғида вафот этган. Асарнинг асл нусхаси бизгача етиб келмаган. 1128 йил Қувалик Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Қубавий асарни форс тилига қисқартириб таржима қилган. 1178-1179 йилларда асар 2-марта қисқартирилган.

Таржимонлар қисқартириш билан бирга уни янги маълумотлар билан маълум маънода тўлдирганлар. "Бухоро тарихи" 36 бобдан иборат бўлиб, асосан, Бухоро воҳасининг тарихига багишланган. Китобнинг бир неча боби Бухоронинг барпо этилиши, номлари, подшоҳларига бағишланган. Асарнинг махсус бир боби Бухоро атрофидаги Кармана, Нур, Тавоис, Искажкат, Шарғ, Зандана, Вардона, Афшона, Баркат, Ромитон, Варахша, Байканд (Пойкенд), Фароб ва бошқалар билан ёритилган.

"Тарихи Наршахий" китобининг биринчи бети (Янги Бухоро, 1904). "Бухоро тарихи" китобининг биринчи бети (Тошкент, 1966). шаҳар ва қишлоқларнинг тасвирига бағишланган. Унда бу жойларнинг тарихи, ахолиси ва унинг машғулоти, фаолияти ҳамда ташқи шаҳарлар билан муносабатлари ҳикоя қилинади. Бухоро аҳолисининг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида содир бўлган муҳим тарихий воқеалар баён қилинади. Китобда Ўрта Осиёда араб халифалиги ҳукмронлигининг ўрнатилиши, ислом динининг ёйилиши ва Бухоронинг араблар томонидан тақсимлаб олиниши ҳамда халифаликка қарши курашлар, айниқса, Муқанна ва бошқалар бошчилигидаги халқ қўзғолонлари батафсил ҳикоя қилинади. "Бухоро тарихи"да IX асрда Ўрта Осиёнинг араб халифалигидан ажралиб чиқиши, Мовароуннаҳр ва Хуросонда сомонийлар давлатининг барпо бўлиши ва Сомонийлар даврида Бухоронинг иқтисодий ва маданий ҳаёти тасвирланган. Асарда Бухоронинг тарихий топографиясига оид маълумотлар бўлиб, унда Бухоро шаҳрининг дарвозалари, ички ва ташқи деворларининг қурилиши ҳамда арк ва шахристоннинг бино қилиниши ҳикоя қилинади. Асар фақат Бухоро тарихинигина эмас, балки бутун Ўрта Осиё тарихини ўрганишда ҳам нодир манбадир. "Бухоро тарихи" Париж (1892)да франсуз, Бухоро (1904) ва Теҳрон (1939)да форс, Тошкент (1897)да рус, Кембриж (1954)да инглиз, Тошкент (1966, 1993)да ўзбек тилида, Душанбе (1979)да тожик тилида нашр этилган.

"Нар шах"га нисбат берилган. Наршах - Вобкент яқинидаги Бухоро қишлоқларидан бири. Мазкур қишлокдан чиққан олим:

 Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закариё ибн ал-Хаттоб ибн Шарийк ибн Базиъ ан-Наршахий уламолардан, уламолар ҳам ундан ҳадис ривоят қилганлар.[4] Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закарийя Хаттоб ибн Шарик Наршахий ҳижрий 348 (959) йили сафар ойида вафот этган.[5]

"Бухоро тарихи"нинг бош сўзида айтилганидек, бу китобни даставвал Бухоронинг Наршах қишлоғидан бўлган Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий 943-944 йилларда араб тилида ёзган. [6] Ҳозирда Наршахийнинг номи Ўрта Осиёнинг VIII-XII асрлар тарихига оид деярли барча илмий тадқиқот ишларида тилга олинади-ю, аммо унинг ҳаётига оид бирор тўлиқ маълумот келтирилмайди. [7] Бунга сабаб, унинг ўз асарида ҳам ва унга яқин даврларда яшаган бошқа муаллифлар, Фақат Самъонийнинг "Китоб ул- ансаб" асарида унинг тўла номи "Абу Бакр Муаммад ибн Жаъфар ибн Закариё ибн Хаттоб ибн Шарик" эканлиги ва у Бухоро аҳлидан бўлиб, 286 (899) йили туғилган ва 348 (959- 960) йили вафот этганлиги эслатилади.[8]

Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср Қубовий шундай дейди: "Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахий Бухоро (шаҳри), унинг хусусияти ва фазилатлари, шаҳарнинг ўзида ва қишлоқларида мавжуд бўлган қулай шароитли ва фойда етказувчи нарсалар, шаҳарга алоқадор бўлган нарсалар ҳақида ҳамда пайғамбар "Аллоҳ унга ўз раҳмат ва саломини йўлласин" унинг суҳбатдошлари, тобелари ва дин олимлари "уларнинг барчасидан аллоҳ рози бўлсин" томонидан Бухоронинг фазилати борасида айтилган ҳадислар ва сўзлар ҳақида бир китоб ёзган ва уни марҳум Амири ҳамид Абу Муҳаммад Нуҳ ибн Наср нбн Аҳмад ибн Исмоил ас-Сомоний номига бағишлаган. Бу китоб араб тилида, гўзал иборалар билан ҳижрий 332-333 (милодий 943-944) йиллар ёзилган эди. Аммо кўпчилик кишилар араб тилида ёзилган китобни ўкишга рағбат кўргазмаганликлари сабабли, дўстларим мендан у китобни форс тилига таржима қилишни илтимос қилдилар. Мен илтимосни қабул қилдим ва беш юз йигирма иккинчи йилнинг жумод ул-аввал ойида (милодий1128) китобни форс тилига таржима қилдим"[9]. Бироқ, араб тилидаги нусхада кераксиз ва бунинг устига ўқиганда киши табиатига малоллик орттирадиган нарсалар ҳақида ҳам сўзланган экан. У таржимага киритмай қисқартириб юборган. Ундан ярим аср ўтгандан кейин асар яна қайтадан таҳрирга учраган: 1178-1179 йиллар мобайнида Муҳаммад ибн Зуфар ибн Умар форс тилидаги таржимани иккинчи марта қисартириб баён қилган. Аммо асарни ўқир эканмиз, биз унда, баъзан, мазкур 1178-1179 йилдан кейинги то 1220 йилгача бўлиб ўтган тарихий воқеалар ҳақида ҳам, қисқа-қисқа маълумотлар учратамиз. Бу ҳол шуни кўрсатадики, Муҳаммад ибн Зуфардан кейин ҳам бир ёки бир неча бизга номаълум кишилар асарни таҳрир қилганлар. Улар ҳам асарни қисартирганлар дейишга асос бўлмаса-да, лекин қўшимчалар киритганликлари воқеалар мазмунидан аниқ англашилиб турибди[10].

"Бухоро тарихи" нинг биз танишишга муяссар бўла олганимиз барча қўлёзма нусхалари, улар орасидаги баъзи фарқлардан қатъи назар, ана шу 1220 йилгача давом эттирилган матнни[11] ўз ичига олади. Наршахийнинг ҳамда унинг асарини бевосита қайта ишлаб арабчадан форс тилига таржима қилган Абу Наср Аҳмад ва бу таржимани қисқартириб баён этган Муҳаммад ибн Зуфарларнинг асл нусхалари эса ҳозиргача ҳам манбашунослик фани учун номаълумлигича қолиб келмоқда. Лекин бизгача етиб келган асар нусхасининг мазмунига қараганда, шуни айтиш мумкинки, таржимон Абу Наср Аҳмад ҳам, қисартирувчи муҳаррир Муҳаммад Ибн Зуфар ҳам ўз ишларига оддий таржима ёки таҳрир тарзида қараган эмаслар. Асарнинг кўп ерларида унинг муаллифи Абу Бакр Муаммад ибн Жаъфарга ҳамда таржимон Абу Наср Аҳмадга илова қилиб сўзланган жумлалар шуни кўрсатадики, таржимон Абд Наср Аҳмад ҳам, қисқартирувчи муҳаррир Муҳаммад ибн Зуфар ҳам ўз ишларига мустақил бир тус берганлар[12].

Таржимон Абу Наср Амад Наршахийнинг араб тилидаги нусхасида мавжуд бўлган баъзи мавзуларни ташлаб кетиш билан бир қаторда асарга катта тарихий қимматга эга бўлган кўпгина маълумотларни қўшган ва бунда у ўз давридан илгариги воқеаларни ёритиш учун бошқа тарихий манбаалардан фойдаланган. Бу манбаалардан бири Абу Наср Аҳмаднинг ўзи кўрсатиб ўтгани Абул-Ҳасан Абдураҳмон ибн Муҳаммад Нишопурийнинг "Хазоин ул-улум" номли асаридир. Бу асарнинг бизнинг давримизгача етиб келган келмаганлиги ҳозирча маълум эмас. Аммо ундан келтирилган "Бухоро тарихи"даги айрим сатрларнинг ўзи ҳам Абул-Ҳасан Абдураҳмоннинг китоби нақадар муҳим бир тарихий манба бўлганлигини кўрсатади. "Хазоин ул-улум"дан маълумотлар келтирилиши ҳақиқатан ҳам Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад томонидан бажарилганлигига эса қисқартирувчи муҳаррир Муҳаммад ибн Зуфарнинг ўз номидан келтириб: "Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср... шундай дейди. Абул-Ҳасан Нишопурий "Хазоин ул-улум"да айтишича..." деган сўзлари шубҳасиз далилдир[13].

Ана шу мазмундаги кўп жумлалар яна шуни кўрсатадики, Наршахийншг асарига қўшимчалар киритган киши асосан таржимон Абу Наср Аҳмад бўлиб, Муҳаммад ибн Зуфарнинг иши, қатъий қилиб айта олмасак ҳам, форс тилидаги таржимани қисқартириб баён қилишдан иборат бўлган.

Таржимон Абу Наср Аҳмад ва ундан кейинги муҳаррирлар асар матнига анчагина ўзгартиришлар киритган бўлсалар ҳам, лекин Наршахий номини мусанниф-муаллиф сифатида сақлаб қолганлар: масалан, асардаги: "Бу китобнинг мусаннифи айтади" деган сўзлар буни яққол исботлай олади. Лекин, шунга қарамай, асардаги бир қанча маълумотлар Наршахий ўз китобини ёзиб тугаллагандан (944) кейинги таржимонга яқин (1128) даврларга оид эканлигига кўра, биз бу маълумотлар муаллифи деб Абу Наср Аҳмадни ёки ундан кейин китобни қисқартириб таҳрир қилган Муҳаммад ибн Зуфар ва бошқа, ҳозирча номлари аниқланмаган шахсларни танишимиз лозимлигини тақозо этади.

Наршахий аслида ўз асарига қандай ном берганлиги маълум эмас. Шу сабабли асар қўлёзма нусхаларда ва ҳозирги замон илмий-тарихий адабиётида ҳам "Тарихи Наршахий" ("Наршахий тарихи"), "Тарихи Бухоро" ("Бухоро тарихи"). "Тарих ул-вилоят" ("Вилоят ҳақиқатини аниқлаш"), "Ахбори Бухоро" ("Бухоро ҳақида хабарлар")[14] каби ҳар хил номлар билан юритилиб келган. Бу номлардан кейинги учтаси асар мазмуни бўйича тўғри бўлиб, улардан энг аниғи "Тарихи Бухоро" ҳозирда тарихий адабиётда қатъий ўрнашиб олди. "Тарихи Наршахий" деб аталиши эса юқорида эслатиб ўтганимиздек, асарнинг бизгача етиб келган нусхаси Наршахийдан бошқа кишиларнинг ҳам қўшимча ва таҳрирлари, қисқартиришларига учраганлиги туфайли тобора камроқ ишлатилиб келмокда. Шунга биноан, ушбу нашрда ҳам асарнинг номи "Бухоро тарихи" деб қабул қилинди.

"Бухоро тарихи"ни бош манба сифатида ўрганиб, ундаги қимматли маълумотларни илмий тадқиқотларга жалб қилиш ишлари кўп вақтлардан бери давом этиб келмода. Бухоронинг VIII-XII асрлардаги тарихидан баҳс этувчи ҳозирги замон йирик илмий тадқиқот ишларининг ҳаммасида ҳам "Бухоро тарихи"дан олинган маълумотларни учратамиз десак, муболаға қилмаган бўламиз. Шу билан бир қаторда асарнинг бир ёки бир қанча қўлёзма нусхалари асосида тайёрланган матни ҳам бир неча бор 1892 йили Ч. Шефер томонидан Парижда, 1904 йили Мулло Султон томонидан Бухорода, 1939 йили Мударрис Ризавий томонидан Теҳронда нашр қилинган. Шунингдек, "Бухоро тарихини"нинг Н. Ликошин томонидан бажарилган изоҳли русча таржимаси, 1897 йили Тошкентда ва Р. Фрайнинг изоҳлар илова этилган инглизча таржимаси, 1954 йили Кембрижда босилиб чикди.

"Бухоро тарихи"нинг кенг ўқувчилар оммаси диққатига тавсия этилаётган ўзбекча таржимаси А. Расулов томонидан бундан бир неча йил аввал Ўзбекистон СССР Фанлар академияси Шарқшунослик институтида асарнинг Париж ва Бухоро нашрлари ҳамда мазкур институтнинг қўлёзёмалар фондида сақланаётган 5388-11 рақамли 1235 (1819-1820) йили кўчирилган қўлёзма нусхаси асосида бажарилган эди. Сўнгра, ушбу сатрлар муаллифи томонидан таржимани таҳрир қилиб, нашрга тайёрлаш асносида босма ва қўлёзма нусхалар сони яна кўпайтирилиб, таржима қайтадан кўриб чиқилди ва баъзи текстологик изохдар тузилди. Чунончи, бу ишга "Бухоро тарихи"нинг Теҳронда Мударрис Ризавий томонидан нашр қилинган форс тилидаги қиёсий нашри ва СССР Фанлар академияси Осиё халқлари институтининг Ленинград бўлимида сақланаётган 1008 (1599-1600) йилда кўчирилган 675 рақамли ҳамда Тожикистон СССР Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари фондидаги 1060 (1650) йилда кўчирилган 513/11 рақамли қўлёзма нусхалар жалб қилинди. Бу қўлёзма ва босма нусхаларни бир-бирига таққослаш натижасида Теҳрон нашрини асос қилиб олиш мувофиқ топилди. Чунки гарчи бу нусха ҳам айрим камчиликлардан холи бўлмаса-да, умуман олганда бошқа қўлёзма ва босма нусхаларни назарда тутиб нашрга тайёрланганлиги билан эътиборга сазовордир. Бу босма нусханинг камчиликларини текшириб бориш учун эса асосан Париж босмаси, Бухоро босмаси, Ленинград қўлёзмаси ва Душанба (Тожикистон СССР) қўлёзмаси матнларидан фойдаланилди. Зарурат туғилган айрим ҳолларда Ўзбекистон СССР Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг XIX асрда кўчирилган 2212/1 ва 4355/111 рақамли қўлёзмалари ҳам жалб қилинди[15].

Жуғрофий ва шахсий номларга берилган қисқача изоҳлар Д. Ю. Юсупова томонидан бажарилган.

Маълумки, "Бухоро тарихи"ни дастлаб ёзган Муҳаммад ибн Жаъфар ҳам, сўнг асарни қисқартириб ва қўшимчалар қўшиб арабчадан форс-тожик тилига таржима қилган Аҳмад ибн Муҳаммад ва бу таржимани қисқартириб баён қилган Муҳаммад ибн Зуфарлар ҳам IX-XII асрлар шароитида, ўз даврларида мавжуд бўлган иқтисодий, маънавий ҳаёт таъсирида иш олиб борганлар. Шунинг учун ҳам "Бухоро тарихи" IX-XII асрлар ижтимоий муҳити тақозосича ислом динига ҳамда ўша даврда ҳукмрон бўлган тузумга қарши ҳаракатлар (масалан, Муқанна қўзғолони) ни қоралаш позициясида туриб ёзилган. Бироқ шунга қарамай, асарда катта тарихий қимматга эга бўлган маълумотлар келтирилган ва уларни илмий объектив равишда таҳлил қилиш тарих фани учун фойдадан ҳоли эмас. Бу ҳол "Бухоро тарихи" маълумотлари Ўрта Осиёнининг VII-XII асрлар тарихидан баҳс этувчи илмий-тарихий асарларнинг аксариятлари кўп вақтлардан бери фойдаланиб келинаётганлиги билан шак-шубҳасиз исботланган. Бу қимматли ва ноёб асарнинг ушбу ўзбекча нашри ҳам тарихчи-тадқиқотчилар, кенг ўқувчилар оммаси диққатига бош манба ҳамда IX-XII асрлар тарихий адабиётидан намуна сифатида тақдим этилади.

 Нурсултонхон Абдуманнонов Самарқанд шаҳар "Дамариқ" жоме масжиди имом-хатиби,
Ориентал Университети I босқич магистранти
 

[1] Абу Бакр Наршахий. Бухоро тарихи. – Тошкент. “Oydin tafakkur”, 2022. – Б. 7.

[2] Ўша жойда, 7-бет.

[3]  Алломанинг "Шоҳ асари" — "Китоб ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд" Мовароуннаҳр ўлкасидан етишиб чиққан мингдан зиёд юртдошларимизнинг ҳаёги ва илмий фаолияти ҳақидаги қимматли биографик маълумотларни берган.

[4] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё Олимлари Қомуси. - Тошкент," Имом Бухорий республика илмий- маърифий маркази" нашриёти, 2007.-Б161.

[5] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё Олимлари Қомуси. - Тошкент," Имом Бухорий республика илмий- маърифий маркази" нашриёти, 2007.-Б161.

[6] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё Олимлари Қомуси. - Тошкент," Имом Бухорий республика илмий- маърифий маркази" нашриёти, 2007.-Б358.

[7] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё Олимлари Қомуси. - Тошкент," Имом Бухорий республика илмий- маърифий маркази" нашриёти, 2007.-Б358.

[8]«Бухоро тарихи»нинг Техрон нашрини (1939 йил) тайёрлаган Мударрис Ризавийнинг муқаддимаси.

[9] Абу Бакр ан-Наршахий. Бухоро тарихи асари. - Тошкент. "Камалак", 1991. - Б. 88 .

[10] Асарга кўп кишилар ўз таҳририни киритганлиги кўпчилик тадқиқотчилар томонндан қайд этилиб келган, улардан бири, масалан, Эрон олими Муҳаммад Тақи Баҳор «Малик уш-шуаро»дир.

[11]  Асарда келтирилган маълумотлар ҳозирги замон нлмий-тарихий адабиётида бошқа ёзма манбалар ҳамда археологик, топографик, этнографик ва ҳоказо турли хил тарихий материаллар билан солиштирилиб бир қадар ёритилган.

[12]  Абу Hacp Аҳмад ва Муҳаммад ибн Зуфарларнинг «Бухоро тарихи»га киритган ўзгартишлари миқдори ва Наршахийнинг асл нусхасига қўшимчалар киритган киши асосан Абу Наср Аҳмад эканлиги ҳақида 0. А. Сухареванинг «К историй городов Бухарского ханства» (Ташкент, 1958) номли асаринннг кириш қисмида бир оз тўхтаб ўтилган бўлса ҳам, бу масала ҳали узил-кесил ҳал қилинган эмас ва келажакда яна илмим тадқиқот ишлари олиб боришни талаб қилади.

[13] Абу Бакр ан-Наршахий. Бухоро тарихи асари. - Тошкент. "Камалак" ,1991. - Б. 85.

[14] "Собрание восточннх рукописей АН УзССР", т. 1, Ташкент, 1952, стр. ", № 92.

[15]   "Бухоро тарихи" матнининг айтиб ўтилган қўлёзма ва нашр этилгаа нусхалар орасидаги жиддий деб топилган фарқлар асарнинг 1966 йили "Фан" нашриётида чоп этилган ўзбекча таржима иловаларида тўла келтирилган.


Киритилган вақти: 18/04/2024 15:58;   Кўрилганлиги: 149
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/abu-bakr-muhammad-narshaxiyning-buxoro-tarixi-asari
Чоп этилган вақт: 05/05/2024 05:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг