Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ

 
 

“Ҳар бир умматнинг ишончлиси бор.

Бу умматнинг ишончлиси Убу Убайдадир”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

У киши юзлари ёрқин, жисми бир текис, бўйлари узун, кўрган кўз қувонадиган ва қалблар унга ошно бўладиган зот эдилар.

У кишини Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу сифатлаб шундай дейдилар: “Қурайшнинг уч кишиси — инсонларнинг энг обрўлиси, ахлоқи гўзали, ҳаёси кучли, гапирсалар ёлғон гапирмаслар, унга гапирсалар уларни ёлғончига чиқармаслар. Улар Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон ва Абу Убайда ибн ал-Жарроҳдирлар”.

У зот розияллоҳу анҳу исломга кирганларнинг пешқадамларидан бири эдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қўлларида, у кишидан сўнг иймонга келганлар.

У зот жаннат башорати берилган 10 кишининг бири эдилар.

Бадр ғазотида Абу Убайда розияллоҳу анҳу чексиз маҳорат кўрсатдилар. Мушрик аскарлар у зотга йўлиқишдан қўрқиб, ўзларини ҳар томонга отишар эди. Лекин бир одам унинг йўлидан ҳа деб чиқаверарди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу эса у кишидан қочишга уринар эдилар. Ҳалиги одам ниҳоят Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг йўлини тўсди. Шу аснода у зот ва Аллоҳнинг душмани ўртасида жанг бошланди. Сабр тоқат қилолмай Абу Убайда розияллоҳу анҳу у кишининг бошига кучли зарба бериб, бошини иккига бўлиб юбордилар. У одам шу жойида жон таслим қилди.

У одам ким эди? У одам Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг отаси Абдуллоҳ ибн ал-Жарроҳ эди.

Абу Убайда розияллоҳу анҳу оталарини ўлдирмадилар, балки отасининг шахсиятида бўлган ширкни ўлдирдилар. Аллоҳ таоло у киши борасида Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг Расулига душманлик қилувчиларга дўстлик қилганларини топмассан. Ҳатто у(душман)лар ўз оталари, болалари, ака-укалари ёки қариндошлари бўлса ҳам. Аллоҳ ундоқ кишиларнинг қалбларида иймонни собит қилган, уларни Ўз ҳузуридан бир руҳ билан қўллагандир. Ва уларни остидан сувлар оқиб турган жаннатларга киритур. Улар унда абадий қолурлар. Аллоҳ улардан рози бўлур. Улар Аллоҳдан рози бўлурлар. Ундай кишилар Аллоҳнинг фирқасидандирлар. Аё, огоҳ бўлинглар, албатта, Аллоҳнинг фирқасидагилар, ҳа, ўшалар ютувчилардир” (Мужодала сураси 22-оят).

Маҳмуд ибн Жаъфардан ривоят қилинади: Насронийлардан бир жамоа Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келишиб, шундай дедилар: “Эй Абулқосим! Биз билан бирга саҳобаларингиздан бирини жўнатинг. У киши бизнинг ўртамизда ҳукм чиқариб берсин. Биз мусулмонларнинг ҳукмига розидурмиз”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кечаси келинглар. Сизларга энг ишончли одамни бераман”. Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: “Пешин намозига эрта чиқдим. Ушбу сифат эгаси бўлишдан бошқа нарса кўзимга кўринмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга намоз ўқиб берганларидан сўнг ўнг ва чап томонларига қарай бошладилар. У зот мени кўрсинлар деб бўйнимни чўзар эдим. Орамиздан кимнидир қидирар эдилар ва Абу Убайдани кўриб, унга “Сен чиқ ва улар ихтилоф қилаётган нарсалари борасида ҳақ ила ҳукм қил” дедилар. Шунда мен бу сифатни Абу Убайда олиб кетди дедим”.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Қурайшнинг карвонига қарши чиқиш учун юбордилар. У зот ва қолган саҳобалар ўзлари билан хурмолар ва сув олишган эдилар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу саҳобалврга биттадан хурмони берардилар. Улар хурмони сўриб юрар эдилар ва кетидан сув ичар эдилар. Шу уларга кечгача кифоя қиларди.

Уҳуд куни мусулмонлар мағлуб бўлишгач, мушриклар менга Муҳаммадни кўрсатинглар, менга Муҳаммадни кўрсатинглар, деб бақира бошлашди. Абу Убайда Розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўксиларини камон ўқларига қалқон қилиб тўсиб турганлардан бири эдилар. Уруш тугагач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни синган совутларидан иккита ҳалқа у зотнинг пешоналарига кириб қолганини олиш учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаракат қилаётган эдилар. Шунда Абу Убайда розияллоҳу анҳу “Буни менга қўйиб беринг эй, Абу Бакр” дедилар. У зот четга ўтдилар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу қўллари билан Расулуллоҳга азият бериб қўйишдан қўрқиб, тишлари билан уларни олишга киришдилар. Икки ҳалқани оламан деб, у зот икки тишларидан айрилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Абу Убайда икки олд тиши йўқ инсонларни энг чиройлиси” деб айтардилар.

Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳу вафот этар чоғларида қўл остидагиларига шундай деганлар: “Намозни адо қилинглар, Рўза тутинглар, садақа қилинглар, ҳаж ва умра қилинглар, ўзаро васият қилинглар, бошлиқларингизга насиҳат қилинглар, уларга ғаш қилманглар ва сизларни дунё алдаб қўймасин!”. Сўнг Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга қарадилар ва “Одамларга намоз ўқиб беринг”, дедилар. Озгина ҳам вақт ўтмай у зот бу дунёни тарк этдилар.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтадилар: “Эй, одамлар! Сиз азиз инсонимиздан айрилдингиз. Бу зотдан кўра қалби тоза, ёмонликдан узоқ, оқибатини ўйлаб иш қиладиган ва оммага насиҳатгўй инсонни кўрмаганман. Унга раҳмат тилаб дуо қилинглар”.

Саҳобаи киромлар ҳар жабҳада бутун инсоният учун ўрнак бўладилар. Саҳобаларнинг қилган амаллари фақатгина Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг розилиги учун бўлишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бежиз айтмаганлар: “Саҳобаларим юлдузлар кабидир. Қай бирига эргашсангиз ҳам адашмайсиз”.

Аллоҳ таоло улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлишди!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-Б курс талабаси Эргашев Абдуссамиъ

«Саҳобалар ҳаётидан лавҳалар«

китобидан таржима қилди.


Киритилган вақти: 08/10/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2067
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/abu-ubayda-ibn-al-jarroh
Чоп этилган вақт: 04/12/2024 14:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг