Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Абу Мансур ал-Мотрудий

 
 

Имом Абу Мансур ал-Мотрудий аҳли сунна вал жамоа эътиқод қиладиган икки йирик мактаб имомининг бири, Ҳанафий мазҳабидагиларнинг ақида масаласида мурожаат қиладиган Мотрудия мадрасасининг имоми. Тўлиқ номи Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандийдир. Унинг номи дарёнинг ёнидаги “Мотурид” қишлоғига нисбат берилган. У зотнинг таваллуд топган йили тарихда зикр қилинмаган, лекин айтиш мумкинки алломанинг таваллуд топган замонаси Аббосийлар халифалиги даврига тўғри келади. Абу Мансур ал-Мотуридий дастлабки таълимни шу қишлоқда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандда давом эттиради.

Маълумки, ўша даврда мусулмон шарқида барча етук алломалар Фиқҳ, Ҳадис, тафсир ва бошқа ислом илмларини ўрганишда ўша вақтда ислом марказлари бўлмиш Боғдод, Димашқ, Куфа каби йирик шаҳарларга интилар эдилар. Аммо илоҳиёт, яъни, ислом фалсафаси борасида Бухоро, Самарқанд ва Хоразм каби Ўрта Осиё шаҳарларига йўл олар эдилар. Бу ўлкадан ислом оламига донг таратган машҳур алломалар етишиб чиққанлиги шу сабабли бўлса керак.

Аҳли сунна вал жамоадагилар эътироф этадиган қоидалар ёки имон талаблари еттита: Аллоҳ таъалонинг ягоналигига, фаришталарига, муққаддас ҳисобланган китобларига, пайғамбарларига, охиратга, тақдирга ва инсон ўлгандан кейин тирилишга ишонишдир. Калом илми ҳам бошқа илмлар каби зарурдир. Ҳадис илми пайғамбаримиздан ривоят қилинган, айтилган гапларини ва ишларини ўргатса, фиҳқ илми шариат қонуншунослигини ўргатади, калом илми эса ислом динида эътиқод қандай бўлишлигини таълим беради.

Ал-Мотуридий таълимоти муътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки ақл билан нақлни қўшиб фойдаланишни зарур деб билади. Ақида борасидаги унинг қўшган яна бир улкан ҳиссаси шуки ўша даврларда жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан муслмон аҳлини турли йўлларга бошлар эдилар. Ал-Мотуридий шунга чек қўйишда ва бу ўлкада ягона ақида тизимини ўрнатишда улкан ҳисса қўшди. У барча ақида борасидаги баҳсли мавзуларни ҳар бир фирқага далиллар асосида исботлаб берди. Бунинг натижасида турли хилдаги майда оқимларнинг кўпайиши олди олинди.

Абу Мансур ал-Мотуридий илм ўчоғи бўлмиш Самарқандда саводини чиқаради. У кишининг барча устозлари Абу Ҳанифа ан-Нўъмон ибн Собит ва унинг талабаларидан таҳсил олганлар. Улардан Абу Наср Аҳмад ибн Аббос ибн Ҳусайн ал-Иёзий, Абу Бакр Аҳмад ал-Жузжоний, Нусайр ибн Яҳё ал-Балхий ва Муҳаммад ибн Муқотил ал-Розий каби калом ва фиқҳ олимларини ўзини устози деб билган. Фиқҳ ва калом масалаларини Ҳанафий мазҳаби олимларидан дарс олиб ўз билимини оширади. Ушбу тўртта устоз имом Мотуридийни имом Абу Ҳанифагача бўлган санадини боғловчи устозлар ҳисобланади. Чунки мазкур Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхийлар 200 ҳижрий санада вафот этган Абу Сулаймон Мусо Жузжонийнинг шогирдларидир. Бу зот эса Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг шогирди бўлган. Демак шунга кўра ҳанафия мазҳаби имом Мотуридийга қуйидаги санад билан боғлиқ:

- Имом Абу Ҳанифа;

- Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад;

- Абу Сулаймон Мусо Жузжоний;

- Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхий;

- Мотуридий.

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ фиқҳда имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларида бўлганидек, ақидада ҳам у зотга эргашган. Шунинг учун ҳам баъзи асарларда мотуридийларни ҳанафийлар деб ҳам аталади.

Шу вақт жараёнида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқатда бўлган ва аҳли сунна вал жамоага қарши чиққан фирқаларнинг даъволарига батафсил радддиялар келтирган. Яъни ўша пайтларда мусулмонларга ташвиш туғдириб турган муътазилий етакчилариниг асарларига бирма-бир раддиялар ёзиб, уларни сукут сақлашга мажбур қилган. Бутун умри даврида шу соҳага оид асарлар ёзиб қолдирган.

Бунга мисол қуйидагилардир: Абу Муҳаммад Боҳилий муътазилийнинг “Усулул хомса” (бешта асос) номли китобига “Родду усулил хомса” (“бешта асос” китобига раддия), Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “таҳзийбул жадал” (илмий баҳсларни ўргатиш) номли китобига “Родду таҳзийбил жадал” (“илмий баҳсларни ўргатиш” китобига раддия),

Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “Ваъийдул фуссақ” (Фосиқларга таҳдид) номли китобига “Родду “Ваъийдил фуссақ” (“Фосиқларга таҳдид” китобига раддия), Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “Аваилул адилла” (Дастлабки далиллар) номли китобига “Родду аваилил адилла” (“дастлабки далиллар” китобига раддия) номли асарлар ёзган. Бундан ташқари “Китоб ат-Тавҳид” (Аллоҳни яккаю ягоналиги борасидаги китоб), “Китоб ал-Мақолот”, “Таъвилот аҳли ас-сунна” ёки “Таъвилот ал-қуръон” (аҳли сунна ёки қуръон таъвилоти), Китоб ал-родду аъла ал-қаромита (Қарматийларга раддия), “Баяну ваҳмил муътазила” (Муътазилий фирқасининг нотўғри тасавури баёни) каби адашган фирқаларнинг умумий қарашларидаги хатоларни баён қилувчи кўплаб асарлар ёзган.

Имом Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади.

Имом Мотуридийни улуғлаб "Имом ал-Худа" ва "Имом ал-мутакаллимин" (Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми) каби номлар билан ҳам атаганлар.

Имом Мотуридий шогирдлари орасида ислом оламига машҳур алломалар Абу ал-Хасан ар-Рустуғфаний (вафоти 350/961 й.), Исҳоқ ибн Муҳаммад ас-Самарқандий ва Абд ал-Карим ал-Паздавий (вафоти 390/999 й.), Абу Ахмад ал-Иёзи каби олимлар бор эди. Шогирдлари ўз устозларини жуда ҳурмат қилишган, ҳатто, унинг таълимотини давом этиришганлиги туфайли Мотуридийа мактаби вужудга келган.

Имом Мотуридий Cамарқандда 333/944-945 йил вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза қабрстонига дафн этилган.


Киритилган вақти: 07/10/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1679
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/abu-mansur-al-motrudiy
Чоп этилган вақт: 04/10/2024 12:35
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг