Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Олтин силсила туркумидаги «Саҳиҳи Муслим» китобининг биринчи жузи нашрга берилди

 
 

Маълумки, «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси «Олтин силсила» туркумида дунё мусулмон уламолари томонидан якдиллик билан эътироф этилган мўътабар ҳадис тўпламларини нашр қилмоқда.

Шундай хайрли ишнинг давоми саналган «Олтин силсила» туркумидаги «Саҳиҳи Муслим» китобининг биринчи жузи нашрга берилди.

Аввал ҳабар қилганимиздек, жорий йилнинг 15 ноябрь куни нашриётда шунингдек, юртимизда меҳмон бўлиб турган ҳиндистонлик ҳадисшунос олим шайх Абдуллоҳ Маъруфий ҳафизаҳуллоҳ шу куни «Олтин силсила» туркумининг давоми «Саҳиҳи Муслим» китобининг биринчи жилдини нашр этиш учун рамзий тугмани босиб бердилар. Аллоҳ таолонинг хоҳиш марҳамати билан яқин икки ой ичида ҳадис ихлосмандлари ва барча китобхонлар улуғ муҳаддис Муслим ибн Ҳажжож раҳматуллоҳи алайҳ томонидан таълиф этилган «Саҳиҳи Муслим» тўпламининг илк нашрини ўзбек тилида ўқиш бахтига мушарраф бўладилар. Китобда ҳадисларнинг арабча матни ҳам келтирилган бўлиб, улар кўпчилик мутахассислар тарафидан энг ишончли деб эътироф этилган «Тавқун-нажот» нашри асосида тайёрланди.

«Саҳиҳи Муслим» имом Муслимнинг шоҳ асари, унинг илмий мақомини намоён қилган, шахсини бутун дунёга танитган ва асрлар оша номини сақлаб келаётган тўплам ҳисобланади. Бутун дунё Имом Муслимни мазкур асари орқали танийди ва эътироф этади. Бу асар ҳақли равишда «Саҳиҳул Бухорий»дан кейинги ўринни эгаллаган ва асрлар оша уламоларнинг диққат марказида бўлган. Шу боис уламоларимиз унга бир қатор шарҳлар битишган ва у ҳақда махсус рисолалар ҳам ёзишган. Бу китобни ўқимаган, ундан фойдаланмаган бирор олим ёки толиби илм йўқ десак, муболаға бўлмайди. Ушбу китобга ўттиздан ортиқ шарҳ китоблар ёзилган бўлиб, шунинг ўзи ҳам унинг нақадар мўътабар тўплам эканини кўрсатиб турибди.

Ислом уммати улуғ ҳофиз, буюк муҳаддис имом Муслимнинг «Саҳиҳ» китоби имом Бухорийнинг «Жомеъус саҳиҳ»идан кейинги энг саҳиҳ китоб эканига иттифоқ қилган. Баъзи уламолар «Айрим жиҳатлари билан «Саҳиҳи Муслим» «Саҳиҳул Бухорий»дан ҳам юқори туради» деган фикрни айтишган.

«Саҳиҳи Муслим» ўзининг муқаддимаси билан бошқа асарлардан, жумладан, «Саҳиҳи Бухорий»дан ҳам ажралиб туради. Бу ўз навбатида мусулмон муаллифларнинг асарларга муқаддима ёзиш борасида бошқалардан анча илғор бўлганини, бунга қадимдан эътибор бериб келинганини англатади.

«Саҳиҳи Муслим» номи билан шуҳрат қозонган ушбу асарнинг номи манбаларда турлича келади. Бунга сабаб шуки, муаллиф китобнинг ўзида унга аниқ ном бермаган. Бироқ бошқа бир асарида уни «Ал‑Муснадус‑саҳиҳ» деб атайди.

Баъзи уламолар «Саҳиҳи Муслим»ни тўлиқ ўқиб, хатм қилгач, бунга оид ноёб маълумотларни қайдлаб, алоҳида китоблар ёзишган.

«Саҳиҳи Муслим» асари ёзилган давридан бошлаб бугунги кунгача уламоларнинг қўлидан тушмай келади. Бу асарнинг довруғи ўша пайтдаёқ бутун Ислом оламига тарқаган ва у барчанинг эътирофига сазовор бўлган.

Уламолар «Саҳиҳи Муслим»да исмлари зикр этилган имом Муслимнинг шайхлари, шайхларининг шайхларидан то тобеъин ва саҳобаларгача бўлган ровийларнинг ҳаётини ўрганишга катта эътибор қаратиб, бу ҳақда алоҳида китоблар ҳам ёзишган.

Имом Муслим ўз «Саҳиҳ»ини ўн беш йил давомида таълиф қилган. Бу эса муаллиф ушбу асарни яратиш учун жуда катта куч сарфлаганини билдиради. Ундаги ҳадисларни минглаб саҳиҳ ҳадислар орасидан саралаб, жамлашнинг ўзи жуда оғир меҳнатдир. Имом Муслим бу ҳақда: «Ушбу саҳиҳ муснадни эшитган уч юз мингта ҳадисларим орасидан тасниф қилдим», деган. Бу эса у зотга «Дунё ҳофизларидан бири» деган унвон бежиз берилмаганини англатади.

Имом Муслим ўзининг ушбу китоби ҳақида: «Мен бу китобни ёзиб тугатдим ва у саҳиҳдир, дедим», деган. Яна: «Мен уни саҳиҳ ҳадислардан тўплаб, қўлимда жам бўлиши ва ҳузуримдагилар уни мендан ёзиб олишлари учун ёздим. Токи унинг саҳиҳлигига асло шубҳа қолмасин», деган. Шунингдек, имом Муслим ушбу «Саҳиҳ»га фақат муҳаддислар саҳиҳлигига ижмоъ қилган ҳадисларнигина киритганини айтган. Уламолар «Саҳиҳайн» ҳақида, жумладан, «Саҳиҳи Муслим» ҳақида кўплаб мақтовлар айтишган, бу китоблардаги ҳадисларнинг қатъий саҳиҳлигини, уммат уларни яхши қабул қилганини эътироф этишган.

Эслатиб ўтамиз, «Hilol-nashr» жамоаси жорий йил баҳорида «Олтин силсила» туркумида буюк муҳаддис имом Бухорийнинг «Саҳиҳул Бухорий» тўпламини саккиз жузда тўлиқ нашрдан чиқаришга муваффақ бўлган эди.

Манба: Islom.uz


Киритилган вақти: 21/11/2019 15:23;   Кўрилганлиги: 1030
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/oltin-silsila-turkumidagi-sahihi-muslim-kitobining-birinchi-juzi-nashrga-berildi
Чоп этилган вақт: 26/04/2024 08:06
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг