Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Маданият

ҚОҒОЗ ҚАДРИ

 
 

Инсониятнинг барча жабҳадаги тараққиётида беқиёс аҳамият касб этган ва аждодлар илмий мероси авлодлар қўлига етиб боришида асосий восита бўиб хизмат қилган омил – бу қоғоз албатта. Аллоҳнинг набийси Идрис аклайҳиссалом инсоният тарихида илк бор қўлига ёзув қуролини олиб ёза бошлаганларидан буён шу кунимизга қадар бу икки неъмат – қалам ва қоғоз воситасида инсоният учун мисли кўрилмаган улкан маънавий хазина юзага келди.

Ҳатто, бугунги компьютер асрининг ҳам илк аждодлари тош, чўп ва тери каби нарсалар бўлган даврни ҳам қоғозсиз асло тасаввур қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло инсоният саодати йўлида унинг дунёвий ишларда хатога йўл қўймаслиги ва ҳақ йўлдан тоймаслигини ирода қилиб барча расулларига ўз таълимотини баён қилди. Бу илоҳий таълимотлар кўп ҳолларда саҳифалар, тош битиклар ва баъзан бус бутун китоб ҳолида инъом қилингани маълум ва машҳурдир.

       Эндиликда қоғоз саноати фақатгина илмий мақсадлар учун бўлмай кўплаб соҳаларни қамраб олгани оддий ҳаётий ҳақиқат. Лекин шуни ҳам унутмаслигимиз керакки қўлимизга дафтар ёки китобнинг тайёр ҳолига келгунига қадар биз билган – билмаган улкан меҳнат ва харажатлар ётибди. Бунинг учун ҳар йил катта миқдордаги ўрмонлар кесилиб бормоқда лекин қоғознинг жуда ҳам оз қисми қайта ишланади холос. Биз бу ҳақиқатлар устида тааммул ила фикр юритсак унинг нақадар қимматли ва муқаддас неъмат эканлигига амин бўламиз. Унга нисбатан беписандлик ва исроф муслмон кишининг одобига хилоф эканлигини ҳис қиламиз. Ота боболаримиз қоғозни нон каби эъзоз қилганлар ва “бунга худонинг номи ёзилади” дея эҳтиром қилишган, ҳамда уни ношоиста жойларга тушиб қолишидан эҳтиёт қилганлар. Агар унда ёзув бўлса бу эҳтиром илмга бўлган юксак ихлос мақомида бўлган.

      Аллоҳга шукрки юртимизда дини-покимиз Ислом ва унинг ривожи йўлида мўмин-муслмонлар учун барча шароитлар яратилиб берилган. Бу йўлда юртимизда турли нашриётлар, керакли адабиётлар, газета ва журналлар чоп этилмоқда. Шубҳасиз, бу улуғ неъматдир. Бу бизга ўқиб ўрганиб, унга амал қилиш билан бир қаторда уни асраб авайлаш масъулиятини ҳам юклайди. Таассуфки, баъзан диний мазмундаги адабиётлар оёқ остида, чиқиндилар орасида ва ҳаттоки ҳожатхоналарда учраб қолиши кишини маҳзун қилади.

         Яқин тарихдан маълумки, қатағон даврларида аждодларимиз китоблар душман қўлига тушиб, ўзларига стам, китобларига эса таҳқир бўлмасин деган мақсадда, уларни ўраб, сандиқларга солиб пок жойларга беркитишган. Ҳеч ким босамсин деб қабристонларга кўмишган ёки катта анҳорларга оқизилган. Бу динга, илмга нисбатан муқтазои зарурат юзасидан ҳисобланган! Яна шуни билишимиз керакки – ёзув қоғозига нисбатан исроф асосан икки хил бўлади; бири унда фойдасиз ва жамият учун зарарли нарсаларни ёзиш бўлса, иккинчиси дафтарнинг бир қисмигагина ёзиб қолган саҳифалари бўш қолиб кетишидир. Исроф эса улкан гуноҳдир.

      Азизлар, унутмайлик, инсониятга маълум бўлган билимларнинг улкан ҳиссаси қоғоз воситасида меърос бўлиб келди ва шундай бўлиб қолади. Демак унга бўлган эҳтиором илм ва келажакка бўлган эҳтиромдир. Барчамиз устозлар кўмагида саводимизни оппоқ саҳифаларни қоралаб чиқарганмиз. Савод – бу араб тилида қоралик, яъниким жаҳолат, қоронғулик, зулмат маъноларини билдиради. Жаҳолат биздан кетиши, унинг ўрнини илм-маърифат аталмиш зиё эгаллаши учун ўзини бағишлаган улуғ неъмат қадрига етмоқ барчамиз учун муҳумдир.

 Самариддин АБУЛСАИДОВ, Тойлоқ тумани “Жумабозор” Жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 10/10/2019 13:04;   Кўрилганлиги: 130
 
Материал манзили: http://www.sammuslim.uz/articles/culture/qogoz-qadri
Чоп этилган вақт: 21/11/2019 11:15
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг