Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Ҳадислар

Ваҳийнинг бошланиши китоби (2 БОБ)

 
 

2-ҳадис. Ҳорис ибн Ҳишом (р.з.) Расулуллоҳ с.а.в.дан: “Ё Расулуллоҳ, сизга ваҳий қандай келади,” – деб сўради. Расулуллоҳ с.а.в.: “Менга ваҳий, баъзан қўнғироқ овози янглиғ келарди. Кучли ваҳий келганда шундай бўлади. Шунда мен бутун борлиқни унутиб, ваҳий сўзларини ўқиб олардим. Баъзан эса, инсон қиёфасидаги фаришта менга ваҳий келтирар ва мен унинг айтганларини ёдлаб олар эдим”, – деб жавоб қилдилар.

Оиша (рз.): “Қаттиқ совуқ кунларнинг бирида у зотга ваҳий келганининг гувоҳи бўлдим. Шунда у киши бутун борлиқни унутган ҳолатда бўлиб, пешоналари қаттиқ терлаб кетган эди”, – деб айтдилар. (яна қ. 3215ҳадис)

Ҳорис ибн Ҳишом – Абу Абдуроҳман ал-Махзумий, саҳоба, Маккада истиқомат қилган, Пайғамбар а.с.дан бир неча ҳадис ривоят қилган. Махзум қабиласининг етакчиси, Расулуллоҳ с.а.в. у кишига 100та туя ҳадя қилган. Уммат олимларидан бири. Набираси Абу Бакр ибн Абдуроҳман тобеъийн Макка муфтийларидан бири бўлган.

Оиша (рз.) – Оиша бинти Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳума, Макка шаҳрида туғилган, мўъминларнинг онаси, саҳобия, Пайғамбаримиз с.а.в.нинг завжалари.

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Имом Бухорий ҳар томонлама амаллар дебочаси ҳисобланган “ният” тўғрисидаги ҳадисни келтирганларидан сўнг, ният ва амалларни ислоҳ қилиш учун асосий восита бўлган “ваҳий” тўғрисидаги ҳадисларни келтирдилар.

Ваҳий – Аллоҳ таоло томонидан танлаб олинган пайғамбарига билвосита ёки бевосита айтилган, жўнатилган “илоҳий сўз, илоҳий кўрсатма” бўлиб, тўғридан-тўғри қалбга индирилади. Ибн Аббос бу ҳақда:

عن ابن عباس رضي الله عنه: أن الوحي هو القذف في القلب

“Ваҳий – қалбга индирилган нарсадир,” – дедилар.

Аллоҳ таоло инсон зотини Ўзи билан сўзлашиши фақат ваҳий орқали бўлиши мумкин эканлигини айтади:

فقال تعالى: {وَمَا كَانَ لِبَشَرٍ أَن يُكَلّمَهُ اللَّهُ إِلاَّ وَحْياً} (الشورى: 51).

“Бирон одам (яъни, набий ёки расул) учун Аллоҳ унга сўзлаши жоиз эмас, магар ваҳий-илҳом орқали, (сўзлар)”ظ (Шўро сураси 51.)

Ваҳий келиши амалда омматан инсонларга тааллуқли бўлмасдан, балки фақат пайғамбарларга хос амал ҳисобланади. Яъни, ваҳий фақат пайғамбарларга нозил бўлади. Аллоҳ таоло инсонларни дунё ва охиратига оид қонун-қоидаларни пайғамбарларига жўнатилган ваҳий орқали уларга билдиради.

Қуръон оят ва ҳадисларида келган хабарлардан пайғамбарларга ваҳий бир неча хил кўринишда бўлади шулардан;

1. Рост туш – Пайғамбар с.а.в.га ваҳий, пайғамбарлик мартабаси берилишидан аввал рост тушларни кўриш орқали бошланган. Расулуллоҳ с.а.в. “Пайғамбарларнипг тушлари ваҳийдир”, – деб айтганлар. Иброҳим Халилуллоҳнинг ҳам тушларида ўз ўғиллари Исмоил забихуллоҳнинг Аллоҳ йўлида қурбонлиқ қилишга буюрилишини бунга мисол бўла олади.

2. Ваҳий илҳом – Аллоҳ таоло томонидан бирон бир масала ёки ишнинг ечиминини тўғридан-тўғри пайғамбарнинг қалбига солиниши. “Ва у (Пайғамбар) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас.” (Нажм сураси, 3.). Ушбу оятга биноан, Пайғамбар с.а.в.нинг динга оид ҳадиси шарифлари ҳам “ваҳий илҳом”нинг ҳосиласи ҳисобланади.

3. Бирон парда-тўсиқ ортидан Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига сўзлашидир. Бунга Тур тоғида Мусо а.с. ва Меърожда Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. муяссар бўлганлар.

4. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларига фаришталар орқали ваҳий юбориши бўлиб, бунда Тангри таолонинг ваҳийларини пайғамбарларга элтгувчи ўртадаги асосий воситачи фаришта – Жаброил алайҳис-саломдирлар.

Юқорида айтилган далиллардан маълум бўладики, ваҳий – Аллоҳ таоло инсонлар ичидан ўзи хослаган солиҳ бандалари (пайғамбарлари)га жўнатиладиган илоҳий кўрсатмадир. Ҳозирги вақтда Тангри ёки фаришталар билан гаплашаётганини ҳамда ваҳий каби буюк ишларни даъво қилаётган сохта пайғамбарлару коҳинлар шайтоннинг малайларидан бошқа нарса эмас.

Ҳадиснинг умумий маъноси.

Саҳобалар назаридан Расулуллоҳ с.а.в.нинг ҳаётидаги бирор нарса четда қолмаган. У зотлар Пайғамбар а.с.дан шариатга тааллуқли ҳар бир ҳукм билан биргаликда у зотнинг ҳаёти билан боғлиқ ҳар бир ҳодиса, воқеани билишга интилишар эдилар. Ана шундай кунларнинг бирида саҳобалардан бири “Ҳорис ибн Ҳишом (р.з.) Расулуллоҳ с.а.в.дан: “Ё Расулуллоҳ, сизга ваҳий қандай келади,” – деб сўради.” Яъни, Сизга ваҳий қандай, қандай кўринишларда келади?

“Расулуллоҳ с.а.в.: “Менга ваҳий, баъзан қўнғироқ овози янглиғ келарди.”

Пайғамбар а.с. ваҳийнинг келишини қўнғироқ овозига ўхшатмоқдалар. Қўнғироқ овози – ҳар бир темир ёки қаттиқ жисмнинг бир-бирига урилганда чиқадиган овозга айтилади. Бу каби овозлар эшитувчи учун бир тарафдан эмас, балки ҳамма томондан келади. Ваҳий – Аллоҳ таолонинг каломидир. Уни овози ҳам ваҳийни қабул қилиб олувчи пайғамбарга қўнғироқ овози каби ҳамма томондан келади. Шунинг учун Пайғамбаримиз с.а.в. ваҳийни келишини “Менга ваҳий, баъзан қўнғироқ овози янглиғ келарди.” деб таърифладилар.

“Кучли ваҳий келганда шундай бўлади.”

Аллоҳ таоло билан пайғамбарнинг ўртасида ваҳийни келтирувчи воситачи фариштасиз амалга ошган ваҳий. Ваҳийнинг бу тахлитда келишини Расулулоҳ с.а.в., “қўнғироқ овози янглиғ” “кучли ваҳий”, дедилар.

Манбаларда келтирилишича, ваҳий уч хил ҳолат билан келар экан;

1. Ваҳийни нозил қилаётган зот (Аллоҳ таоло) томонидан ваҳий қилинаётган зот (пайғамбар)нинг қалби Ўзига мутлақ бўйсундирилиши ва унга ваҳийни тушурилиши. Бу ҳолатда ваҳий фариштаси воситачилик қилмайди.

2. Ваҳий келаётганда ваҳий туширилаётган зот (пайғамбар)нинг ҳиссий сезгиларига таъсир қилиниши. У ҳолатда овозни эшитади, у овоз Имом Бухорий наздида Аллоҳ таолонинг овозидир ва у махлуқлар овозига ўхшамайди.

3. Ваҳийни фаришта томонидан келтирилиши. Бу икки қисмдан иборат; а). Пайғамбарнинг ички олами – ботини, қалби ваҳий фариштасига бўйсундирилиши; б). Ваҳий фариштаси инсон сувратида келиб, пайғамбарга юзма-юз ҳолатда ваҳийни сўзламоқлиги.

“Баъзан эса, инсон қиёфасидаги фаришта менга ваҳий келтирар ва мен унинг айтганларини ёдлаб олар эдим”, – деб жавоб қилдилар.”

Юқорида айтилинганидек, ваҳий пайғамбаримизга турли хил кўринишларда келар, ундан сўнг келган ваҳий Аллоҳ таолонинг инояти билан у зотнинг қалбларига муҳрланар эди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

“(Эй Муҳаммад, Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг. 16. Зеро уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир.17. Бас, қачон Биз (яъни Жаброил фаришта) уни (яъни ҳар бир ваҳийни) ўқиб битганимиздан сўнггина сиз ҳам уни ўқишга эргашинг!18. Сўнгра уни — Қуръонни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир.19.” (Қиёмат, 16-19.)

Оиша р.з. Пайғамбар с.а.в.га ваҳий келаётган вақтда у зотнинг ҳолатларидан сўзлаб бермоқдалар. Оиша (рз.): “Қаттиқ совуқ кунларнинг бирида у зотга ваҳий келганининг гувоҳи бўлдим. Шунда у киши бутун борлиқни унутган ҳолатда бўлиб, пешоналари қаттиқ терлаб кетган эди”, – деб айтдилар.

Пайғамбаримиз с.а.в. Аллоҳ таолодан келадиган ваҳийга жуда қаттиқ эъибор қаратиб, ваҳийнинг ҳар бир ҳарфи ва оҳангини эслаб қолишга интилар эдилар. У зотга ваҳий келган вақтда атрофдаги ҳеч бир нарса у зотни ваҳийдан чалғита олмас эди. Юқорида айтилганидек, ваҳий келаётганда у зотнинг қалблари ваҳийга боғланиб, дунёдан мутлақ узилар эди.

Ҳадисдан олинадиган истифодалар.

1. Ваҳий – инсониятга нисбатан Аллоҳ таолонинг раҳмати эканлиги.

2. Ваҳий келиши фақат Аллоҳ таоло ҳамда пайғамбарларга хос бўлган иш эканлиги.


Киритилган вақти: 01/12/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 3508
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/islam/hadiths/vahiyning-boshlanishi-kitobi--2-bob-
Чоп этилган вақт: 07/11/2024 02:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг