Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Қуръон оятлари

“Бақара” сурасининг тафсири

 
 

“Бақара” сурасининг тафсири

Мадинада нозил бўлган 286 оятдан иборат.

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

(1) الـم 

  1. Алиф. Лаам. Мийм.

Қуръони Каримнинг йигирма тўққиз сураси юқоридагига ўхшаш ҳарфлар билан бошланган. Бу ҳарфларга турлича номлар берилган: баъзилар “Ҳуруфул муқаттаот” – кесик ҳарфлар десалар, бошқалар “Ҳуруфул ҳижои” – алифбо ҳарфлари дейдилар, учинчилари эса “Фавотуҳус сувар” – сураларни очувчилар, дейдилар.

Бу ҳарфларга турлича ном берилганидек, баъзи сураларнинг улар ила бошланишидан кўзланган мурод ҳақида ҳам ҳар хил фикрлар айтилган. Бу ҳақда махсус баҳслар ҳам бор. Баъзи уламолар бу ҳарфларнинг сирини Аллоҳга ҳавола этадилар, бошқалари: “Бу – Аллоҳ билан Пайғамбар алайҳиссалом ўрталаридаги сир”, дейдилар. Бошқа бирлари эса уларга ўзларича маъно йўйганлар.

Ихтилофнинг асосий сабаби – улар ҳақида на Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўpларидаy, ва на саҳобаи киромлардан бирорта ҳам ривоят йўқлигидир. Шубҳасиз, улар бу ҳарфлардан мурод нималигини яхши билганлар, шунинг учун ҳам бир бирларидан сўрамаганлар ва ривоят қилмаганлар. Саҳобаи киромларнинг одатлари – билмаган нарсаларинигина сўрардилар. Улар улуғ зотлар бўлиб, елкаларида Ислом динини бутун дунёга тарқатишдек улкан масъулият ётганини тўлиқ тушунар эдилар ва асосий эътиборни шунга қаратардилар. Билган нарсалари ҳақида тортишувларга тоқатлари ҳам, вақтлари ҳам йўқ эди.

Кўпгина тафсирчилар, айниқса, тафсирчиларнинг кейинги авлоди, баъзи сураларнинг мазкур ҳарфлар ила бошланиши, арабларга: “Қуръон сизлар ишлатиб юрган “алиф”, “лаам”, “мийм”га ўхшаш ҳарфлардан тузилган, қўлларингиздан келса, сизлар ҳам шунга ўхшаш нарса тузинглар-чи”, деган маънони билдиради деганлар.

Аввал эслаганимиздек, Қуръони Карим нозил бўлаётган даврда араблар ўзларининг сўз усталиклари билан фахрланар эдилар. Шоирлар, сўз усталари, мўътабар шахслар ҳисобланардилар. Доимо шеърдан, ваъзхонликдан мусобақалар ўтказиб турилар эди. Ҳатто ғолиб шоирларнинг шеърлари Каъбаи Муаззама деворига осиб қўйиларди. Қуръони Карим уларнинг нозик жойларидан тутиб: “Агар сўз устаси эканлигингиз рост бўлса, ўзингиз ишлатиб юрган оддий ҳарфлардан тузилган Қуръонга ўхшаш нарса келтиринг-чи”, деди. Бу худди тупроқнинг мисолига ўхшайди. Оддий тупроқдан кимдир лой қилиб ғишт қуяди, кимдир сопол идишлар ясайди ва ҳоказо. Лекин Аллоҳ таоло ушбу оддий тупроқдан инсонни яратди, унга жон киргизди. Шунга ўхшаб, араб алифбосининг оддий ҳарфларидан араб сўз усталари шеър тўқийдилар, ваъзхонлик қилиб одамларни қойил қолдиради, аммо Аллоҳ таоло ўша ҳарфларнинг айни ўзидан ҳамма-ҳаммани ожиз қолдирувчи Қуръонни нозил қилди! 

(2) ذَلِكَ الْكِتَابُ لَا رَيْبَ فِيهِ هُدًى لِلْمُتَّقِينَ 

  1. Бу китобда шак-шубҳа йўқ, тақводорларга ҳидоятдир.

Яъни Қуръони Карим шундай китобки, унинг ҳақлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин, аниқ-равшандир.

Қуръони Каримнинг яна бир сифати “тақводорларга ҳидоятдир”. Ҳидоят-мақсадга эриштирувчи йўлни лутф билан кўрсатишдир. Тақводорлар эса уқубатга элтгувчи нарсалардан сақланадиган шахслардир. Демак, Қуръони Карим ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун тақводор бўлиш керак экан. Кимки Қуръони Каримдан ҳидоят олибдими, демак унда тақво бор экан.

Кейинги оятда мазкур тақводорларнинг сифатлари келади:    

 

(“Тафсири Ҳилол” китобидан)

   Давоми бор...


Киритилган вақти: 29/08/2019 15:55;   Кўрилганлиги: 1615
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/islam/ayahs/baqara-surasining-tafsiri
Чоп этилган вақт: 18/07/2024 03:05
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг