Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Қуръон оятлари

“Бақара” сурасининг 23-24-оятлари тафсири

 
 

بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

وَإِن كُنتُمْ فِي رَيْبٍ مِّمَّا نَزَّلْنَا عَلَىٰ عَبْدِنَا فَأْتُوا بِسُورَةٍ مِّن مِّثْلِهِ وَادْعُوا شُهَدَاءَكُم مِّن دُونِ اللَّهِ إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ (23)

  1. Ва агар бандамизга нозил қилган нарсамиздан шубҳада бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг, агар ростгўйлар бўлсангиз.

Яъни “Биз бандамиз Муҳаммад алайҳиссаломга нозил бўлган Қуръонга сизнинг шак-шубҳангиз бўлса, бу Аллоҳдан эмас. “Муҳаммад ўзи тўқиб олган”, демоқчи бўлсангиз, ушбу Қуръон сураларига ўхшаш битта сурани ўзингиз келтиринг-чи?! Ва бу ишга Аллоҳдан бошқа гувоҳларингизни келтиринг, улар сизнинг ростгўйлигингизга гувоҳлик берсинлар. Чунки Аллоҳ Ўз бандаси Муҳаммад алайҳиссаломнинг содиқлигига Ўз гувоҳлигини бериб бўлди”.

فَإِن لَّمْ تَفْعَلُوا وَلَن تَفْعَلُوا فَاتَّقُوا النَّارَ الَّتِي وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ ۖ أُعِدَّتْ لِلْكَافِرِينَ (24)

  1. Бас, агар қила олмасанглар – ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам – ёқилғиси одамлар ва тош бўлган, кофирлар учун тайёрланган оловдан қўрқинглар.

 Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг

“…ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам…” дейиши улкан мўъжизадир.

Одатда, бир тараф иккинчи тараф билан тортишиб, уни мот қилмоқчи бўлганида, ўзидаги энг кучли хусусиятни юзага чиқариб, рақибни енгмоқчи бўлади. Шу билан бирга, мазкур хусусиятдан озгина бўлса ҳам рақибида борлигини билса, шарманда бўлмай деб, ортиқча мақтанмасдан, ҳадиксириб туради. Ушбу тортишувда эса дунёнинг ҳаммаси тўпланиб келганда ҳам, Қуръон сураларидан биттасига ўхшаш сурани ҳеч қачон келтира олмаслиги таъкидлаб айтилмоқда. Қуръоннинг энг кичик сураси уч оятли бўлиб, энг қисқа сура ҳисобланади. Ушбу оятда ҳеч бўлмаса, ана шу уч оятли кичик сурага ўхшаш сура келтириш талаби бор. Агар Қуръон ҳақиқий илоҳий калом бўлмаганида, унда бу даражада очиқ, ожиз қолдирувчи сўз айтилмаган бўлар эди. Иккинчи тарафдан, мана, бир минг тўрт юз йилдан ошдики, ҳеч ким бу чақириқни рад қила олмаяпти. Қайтага, арабларнинг ўзлари ҳам ўз тилларида, балоғатда, фасоҳатда заифлашиб кетдилар ва кетмоқдалар.

Қуръони Каримнинг илоҳий китоб эканига шак-шубҳа билдирувчилар бу даъволарини ҳеч қачон тасдиқлай олмайдилар, тасдиқлай олмасликлари аниқ ҳам. Шундай экан, дўзахдан қўрқсинлар. Иймон келтирсинлар. У дўзахнинг ёқилғиси одамлардан ва тошлардан бўлади. Одамлар ўзлари ёнаверса, азобнинг алами унчалик баланд бўлмай қолади, деб, янада қаттиқ иситиш учун тош ҳам ташлаб қўйилган. Бу дўзах кофирлар учун тайёрлаб қўйилгандир. Қуръонни инкор қилувчилар эса айни кофирлардир.

(“Тафсири Ҳилол” китобидан)

   Давоми бор...


Киритилган вақти: 19/09/2019 16:46;   Кўрилганлиги: 1696
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/islam/ayahs/baqara-surasining-23-24-oyatlari-tafsiri
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 20:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг