“Бақара” сурасининг 21-22-оятлари тафсири
بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ
يَا أَيُّهَا النَّاسُ اعْبُدُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ وَالَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ (21)
- Эй одамлар, сизларни ва сиздан олдингиларни яратган Роббингизга ибодат қилинг. Шоядки, тақво қилсангиз.
Ушбу оятда умумбашарга қарата нидо этилмоқдаки, сизларни яратган тарбиякунандаларингиз – улуғ Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизларни яратишда У ягона бўлган. Энди ёлғиз Ўзига ибодат қилишингизга ҳақлидир. Ибодатдан мақсад – шоядки, тақводор бўлсаларингиз.
الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ فِرَاشًا وَالسَّمَاءَ بِنَاءً وَأَنْزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَخْرَجَ بِهِ مِنَ الثَّمَرَاتِ رِزْقًا لَكُمْ فَلَا تَجْعَلُوا لِلَّهِ أَنْدَادًا وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ (22)
- У сизларга ерни тўшак, осмонни бино қилган ва осмондан сув тушириб, у билан сизларга меваларни ризқ қилиб чиқарган Зотдир. Бас, билиб туриб, Аллоҳга бошқаларни тенглаштирманг.
Ерни Аллоҳ инсон учун яшашга осон қилиб, тўшаб қўйганининг маъноси шуки, ер инсон ҳаёти учун зарур бўлган барча қулайликларни ўзида мужассам қилган бир масканга айлантирилганидир. Лекин одам боласи бу қулайликлар ичида яшаб, кўзи ўрганиб қолганидан унга эътибор бермайди. Ердаги мавжуд нарсалардан бирортаси йўқолиб қолса, бу ҳолат бузилиб, ер юзида ҳозиргидай фароғатда яшаб бўлмас эди.
Осмоннинг бино – том қилиб қўйилиши ҳам худди шундай. Бу улкан бинонинг тузилиши озгина ўзгаришга учраса, унинг остида инсоннинг яшаши қийинлашиб қолиши турган гап.
Осмондан сув туширилиши эса Аллоҳнинг қудрати сифатида Қуръони Каримда тез-тез такрорланадиган мисолдир. Аллоҳнинг ушбу неъматини эсга олиб туриш учун ҳам бу мисол кўп келтирилади. Чунки сувсиз ҳаёт йўқ. Аллоҳ бермаса, уни ҳеч бир инсон зоти ярата олмайди. Демак, инсонни яратган Аллоҳ экан, инсоннинг қулай яшаши учун ерни тўшак, осмонни бино, ёмғирни ризқ қилган ҳам Аллоҳнинг Ўзидир. Шундай бўлгач, инсон билиб туриб, Аллоҳга бошқаларни тенглаштирмаслиги лозим. Эътиқодда ҳам, ибодатда ҳам ягона Аллоҳнинг Ўзини дейиши керак. Унга ҳеч кимни, ҳеч нарсани ҳеч қачон тенглаштириб бўлмайди. Аллоҳга бошқани тенглаштириш бут-санамларга сиғиниш суратида, Аллоҳдан бошқадан бирор нарсани умид қилиш билан, бошқа бирор шахс ёки кучдан қўрқиш билан, наф ёки зарар Аллоҳдан бошқадан келади, деб эътиқод қилиш билан бўлади.
Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинадики, у киши айтибдилар:
“Тенглаштириладиганлар ширкдир. У қоронғи кечада, қора тош устида қумурсқа ўрмалагандан ҳам махфийроқдир. У “Аллоҳ билан ва сенинг ҳаётинг билан, эй Фалончи, ва менинг ҳаётим билан қасам”, дейиш орқали ҳам юзага келади. “Манави ит ёки ғоз бўлмаганида, бизникига ўғри кирарди”, дейиш билан ҳам юзага келади. Бир одамга “Аллоҳ хоҳласа ва сен хоҳласанг”, деса ҳам, “Аллоҳ ва Фалончи бўлмаганида”, дейиш билан ҳам юзага келади. Бунинг ҳаммаси ширкдир”.
Ҳадисда айтилишича, бир киши Набий алайҳиссаломга:
“Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз”, деганида, у зоти бобаракот:
“Мени Аллоҳга тенглаштирасанми?” деган эканлар.
Бу масалада ниҳоятда ҳушёр бўлишимиз керак.
Мушриклар Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликларига шубҳа қилиб, шак келтирганларидек, яҳудийлар ва мунофиқлар ҳам шак келтирар эдилар.
(“Тафсири Ҳилол” китобидан)
Давоми бор...
Киритилган вақти: 14/09/2019 16:20; Кўрилганлиги: 1713
Чоп этилган вақт: 06/10/2024 19:19