Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Қуръон оятлари

“Бақара” сурасининг 18-20-оятлари тафсири

 
 

بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

صُمٌّ بُكْمٌ عُمْيٌ فَهُمْ لاَ يَرْجِعُونَ (18)

  1. Улар кар, соқов, кўрдирлар. Бас, улар қайтмаслар. 

Ўзларидан ўтган мунофиқлик оқибатида улар яхшиликни эшитмайдиган кар, гапира олмайдиган соқов ва кўрмайдиган кўр бўлиб қолганлар. Энди улар нифоқ йўлидан қайтмайдилар.

أَوْ كَصَيِّبٍ مِّنَ السَّمَاءِ فِيهِ ظُلُمَاتٌ وَرَعْدٌ وَبَرْقٌ يَجْعَلُونَ أَصَابِعَهُمْ فِي آذَانِهِم مِّنَ الصَّوَاعِقِ حَذَرَ الْمَوْتِ ۚ وَاللَّهُ مُحِيطٌ بِالْكَافِرِينَ(19) أَوْ كَصَيِّبٍ مِّنَ السَّمَاءِ فِيهِ ظُلُمَاتٌ وَرَعْدٌ وَبَرْقٌ يَجْعَلُونَ أَصَابِعَهُمْ فِي آذَانِهِم مِّنَ الصَّوَاعِقِ حَذَرَ الْمَوْتِ ۚ وَاللَّهُ مُحِيطٌ بِالْكَافِرِينَ (20)

19.Ёки худди осмондан ёмғир ёғиб, қоронғи босиб, момақалдироқ ва чақмоқ чаққанда, яшиндан қочиб, бармоқларини қулоқларига тиқиб, ўлимдан эҳтиёт бўлаётган одамга ўхшарлар. Ва Аллоҳ кофирларни қуршаб олувчидир.

  1. 20.Чақмоқ кўзларини олиб қўяй дейди. Ҳар сафар ёришган пайтда юриб олишар, қоронғи бўлса, туриб қолишар. Аллоҳ агар хоҳласа, қулоқ ва кўзларини кетказур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир.

Аллоҳ таоло ушбу икки оятда мунофиқларнинг ҳайратлари, иккиланишлари ва умумий руҳий ҳолатларини момақалдироқ бўлиб, чақмоқ чақиб, осмонни зулмат босиб, қаттиқ ёмғир ёққанда кўчада қолган бечора одамга ўхшатмоқда. У қўрққанидан даҳшатга тушиб, яшиндан қутулмоқчи бўлади, бармоқларини қулоқларига тиқиб, шу мени ўлимдан сақлайди, деб турибди.

Улар куфр ва нифоқ зулматидадирлар: чақмоқ чаққан пайтдаги ёруғликдан фойдаланиб, бир-икки қадам боса оладилар, чақмоқдан кейин яна қоронғида туриб қоладилар.

Уламоларимиз: “Бу оятдаги ёмғирдан мурод Ислом дини. Чунки ёмғир ерни тирилтирганидек, Ислом ҳам қалбларни тирилтиради. Зулмат – мунофиқларнинг қалбларидаги шак-шубҳа. Момақалдироқ – динда кофиру мунофиқларга ваъда қилинган азоб ва иқоблар ҳақидаги хабарлар. Чақмоқ – уларнинг қалбларидаги сақланган инсоний туйғулар. Яшин эса уларга етадиган балолардир”, – деганлар.

Имом Аҳмад Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом айтадилар:

“Қалблар тўрт хил бўлади: мусаффо бўлиб, чироқдек нур сочадиган; ғилофга солиниб, ғилофи боғланган; тўнтарилган ва ўзгарувчан. Мусаффо қалб мўмин кишининг қалбидир, унинг нури бор. Ғилофли қалб – кофирнинг қалбидир. Тўнтарилган қалб ҳақиқий мунофиқнинг қалбидир – ҳамма нарсани билиб туриб, инкор қилади. Ўзгарувчан қалбда эса иймон ҳам, нифоқ ҳам бор. Ундаги иймон худди тоза сувдан фойда оладиган ўсимликка ўхшайди. Ундаги нифоқ қон аралаш йиринг оқиб турган ярага ўхшайди. Икковидан қай бири бошқа тарафдан ғолиб келса, қалбга ҳам ғолиб келади”.

 

(“Тафсири Ҳилол” китобидан)

   Давоми бор...


Киритилган вақти: 13/09/2019 16:31;   Кўрилганлиги: 1876
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/islam/ayahs/baqara-surasining-18-19-oyatlari-tafsiri
Чоп этилган вақт: 14/12/2024 12:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг