ИБРАТЛИ ВОҚЕА
Бир куни Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қимматбаҳо совутини йўқотиб қўйди. Куфа бозорини айланиб юрганда уни бир зиммийнинг қўлида кўриб:
- Бу менинг совутим-ку. Фалон куни, фалон жойда туямдан тушиб қолибди,-деди.
- Йўқ, совут меники. Чунки менинг қўлимда турибди.
- Йўқ, меники. Бошқа гап йўқ, уни бировга сотма, ҳеч кимга берма.
- Келинг, яхшиси қозига борамиз,-деди шунда зиммий.
- Хайрият инсофинг бор экан. Юр тезроқ, - деди Али розияллоҳу анҳу
Икковлон қози Шурайхнинг хузурига боришди. Али розияллоҳу анҳу давосини сўйлади. Шурайх зиммийга қараб:
- Хўш, сен нима дейсан? – деди
- Совут меники, чунки у менинг қўлимда, бироқ амирул мўмининни ёлғончи деб ҳам ўйламайман.
Қози Али розияллоҳу анҳуга қарата:
- Сизнинг гапмнгизга шубҳам йўқ эй мўминлар амири. Совут сизники эканига ишонаман. Аммо даъвоингиз исботи учун иккита гувоҳ лозим, -деди. Шунда Али розияллоҳу анҳу Қанбар исимли мавлоси ва ўғли Ҳасан гувоҳлик беришини айтди.
- Ўғлининг отага гувоҳлиги ўтмайди,-деди қози.
- Субҳаноллоҳ! Наҳотки жаннат аҳлидан бўлган кимсанинг гувоҳлиги ўтмаса? Балки Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг сайидларидир”, деганларини эшитмагандирсиз?
- Эшитганман. Аммо боланинг отасига берган гувоҳлиги қабул қилинмайди.
Шунда Али розияллоҳу анҳу зиммийга қараб:
- Ол, олақол шуни. Менинг бошқа гувоҳларим йўқ-деди.
Бундан тасирланган зиммий:
- Лекин мен, эй мўминлар амири, совут сизники эканига гувоҳлик бераман,- деди ва сўзида давом этди: -Ё Аллоҳ, ўз қозиси ҳузурида ҳалифа ҳақ-ҳуқуқ талашди. Қози менинг фойдамга ҳукум чиқарди. Мен бу дин ҳақ эканига Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам унинг бандаси ва расули эканига иқрорман. Эй қози жаноблари, совут ростдан ҳам амирил мўмининникидир. Мен Сиффийнга кетаётган қўшин изидан бориб, йўлда уни топиб олган эдим.
Али розияллоҳу анҳу деди:
- Сен мусулмон бўлдинг. Совут сенга совға. Мана бу отни ҳам қўшиб бераман. Олақол!
Бу воқиадан кўп ўтмай Наҳровон кунида бу киши Али разияллоҳу анҳунинг байроғи остида хаворижларга қарши жангда иштирок этди ва шаҳидлардан бўлди.
Зайниддин Эшонқулов ЎМИ Самарқанд вилоят вакили (Тобеъинлар ҳаёти китоби асосида)
Киритилган вақти: 17/02/2020 18:44; Кўрилганлиги: 3667
Чоп этилган вақт: 15/12/2024 03:25