Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

УЙЛАНИШ ВА НИКОҲ ОДОБЛАРИ

 
 

Ислом динида никоҳ – бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбар (с.а.в)нинг суннатлари билан мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланадиган муқаддас риштадир. Шунингдек, Қуръони каримнинг Рум сурасининг 21-оятида “Унинг аломатларидан (яна бири)-сизлар (Нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқли ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” деб марҳамат қилади. Шунингдек, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Никоҳ менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дея марҳамат қилганлар ва бошқа бир ҳадисларида уйланишга, кўпайишга буюрганлар. Термизий (р.а) ривоятида Набий (с.а.в): “Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: “ Ҳаё, хушбуй сепмоқлик, мисвок ва никоҳ" дедилар. Ушбу тўрт нарса Одам а.с.дан тортиб, Муҳаммад а.с. гача бўлган барча пайғамбарларнинг суннатидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи вассаллам: «Эй йигитлар жамоаси, сизлардан ким уйланишга қурби етса, уйлансин, чунки уйланиш кўзни аёлларга қарашдан ва фаржни ёмон, ҳаром ишлардан сақлайди. Агар қайси бирларингиз уйланишга қурбингиз етмаса, рўза тутиш у учун яхшидир» (Бухорий ва Муслим ривояти). Оила никоҳдан бошланади. Никоҳ қонун асосида ўтқазилган бўлсагина ҳақиқий ҳисобланади. Оила кодексининг биринчи моддасида никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилиши лозимлиги кўрсатилган. Никоҳдан ўтувчилар ФХДЁ га ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади. Узрли сабабларга кўра, бир ой синов муддати етгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин. Ҳамда қонунда никоҳ тузишнинг ихтиёрийлиги, никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода қилиши алоҳида таъкидланган. Қонунда никоҳ тузишга мажбурлаш йўқ, айниқса аёлни мажбурлаб эрга бериш йўқ. Шу ўринда никоҳ ёши муҳим эканлигини ота-оналар унутмасликлари керак.

Ҳанафий уламолар, оила барқарор бўлиши ва ундан кўзланган мақсад рўёбга чиқиши учун ҳар икки томон бир-бирига ҳамма жиҳатдан тенг бўлиши шарт деганлар. Яъни иқтисодда, одоб-ахлоқда, турмуш тарзи ва бошқа жиҳатларда ўзаро тенг ёки яқин бўлишса, бир-бирларини тезда тушиниб кетадилар. Никоҳда фарзандли бўлиш, шаҳватдан тийилиш, уй ишларининг бошқарилиши, сулоланинг кўпайиши, нафс билан курашиш каби фойдалар бор.

Саҳоватли кишилар томонида эҳтиёжманд оилаларнинг вояга етган фарзандларини оила қуришликда уларга яқиндан ёрдам беришликлари динимизда мақталган ишлардан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қийналган кишига ёрдам берса, Аллоҳ унга охиратда ёрдам беради”, деб айтганлар.

Баъзилар қарз олиб тўй қилишади. Халқимиз орасидаги «Қарз олиб тўй қил, қарздан қутиласан, хотин ёнга қолади», деган бемаъно мақолга амал қилинса, хурсандчилик тўй тугагунча давом этади. Агар «Кўрпангга қараб оёқ узат», деган пурмаъно мақолга амал қилинса,  қарз ташвиши бизларни азобга солмайди. Шунинг учун динимиз кўрсатган амалларга риоя қилиб борсак, хато ва нуқсонларга йўл қўймаймиз.

Б.Шарипов  - Самарқанд туман бош имом хатиби


Киритилган вақти: 03/07/2020 16:59;   Кўрилганлиги: 1710
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/family/uylanish-va-nikoh-odoblari
Чоп этилган вақт: 15/10/2024 14:18
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг