Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Халқсевар-мурувватли инсонлар

 
 

Инсониятни жоҳилият залолатидан Ислом нури сари юзланишга сабаб бўлган улуғ зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар: "Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг эҳсондир.

Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг эҳсондир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг - эҳсондир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун эҳсон бор, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам сенга эҳсондир".

Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонимиздаги тўкинчилик Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, юртдошларимизнинг эзгу ишлари самараси, десак асло муболаға бўлмайди.

Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон кишиси ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъю-ҳаракат қилади. Чунки, у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ асосида тарбия олган.

Зотан, ҳар бир кунини, ёинки ҳар бир сониясини ўзгалар корини осон қилишга, ўксикларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар чинакам фидойилардир. Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва хожатларини равон қилишда доимо саъй-ҳаракатда бўлиш - улкан саодат.

Инсонларга яхшилик қилиш - уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди.

Аллоҳ таоло хитоб қилиб айтди:

"Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз - шоядки, нажот топсангиз!".

Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар-бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.

Аллоҳ таоло Ўз каломида сизу биз, яъни бандаларига қарата хитоб қилади: "Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг.

Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг ("Моида" сураси, 2-оят).

Инсонларни доимо яхши ишга далолат қилмоқ катта-ю кичик, ёш ва кексаларнинг бурчидир. Айниқса, ёши улуғ кишиларимиз ёшларга қилаётган панду насиҳатларини тинглаб, амалда қўллаб борсак, асло адашмаймиз, ҳаётимиз янада гўзал ҳамда фаровон бўлади.

Алҳамдулиллаҳ, яхши инсонлар ҳам орамизда кўплаб топилади. Мисол учун ҳозирги вазиятда тиббий ниқоб, санитария анжомлари, озиқ-овқат маҳсулотларини бепул тарқатаётган кишилар ҳақидаги хабарларга ҳам дуч келиб турибмиз. Яна бир мисол, бугун Самарқанд шаҳридаги “Панжоб” жоме масжиди имом хатиби Б.Ризаев ва ходимлари  эҳсонпарвар кишилар кўмаги билан 16 000 000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини масжид атрофидаги 10 та маҳаллада истиқомат қилувчи бева-бечора, муҳтож ва кам таъминланган оилалардан 150 та хонадонга эҳсон қилдилар.

Ҳа, азизалар. Яхшиликнинг мукофоти, фақат яхшиликдир. Ким қанча хайрли ишга қўл урса, дунё ва охиратда албатта ўз мукофотига сазовар бўлади, иншааллоҳ.

 

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги ахборот хизмати


Киритилган вақти: 28/03/2020 16:01;   Кўрилганлиги: 1513
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/xalqsevar-muruvvatli-insonlar
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 13:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг