Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Вилоятимизда Буюк ипак йўли бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди

 
 

Самарқандда «Афғонистон, Марказий Осиё ва Эрон — Буюк ипак йўли бўйлаб умумий мерос, Европага йўл» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

ЮНЕСКО, Европа Иттифоқи ҳамда Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Марказий Осиё мамлакатларидан ташқари Эрон, Афғонистон, Туркия, Озарбайжон ва Покистондан келган шарқшунос, санъатшунос ва тарихчи олимлар, халқаро экспертлар иштирок этди.


Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат, Европа Иттифоқининг делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс ва бошқалар Ўзбекистон юритаётган ички ва ташқи сиёсат қўшни давлатлар ҳамда дунёнинг турли мамлакатлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилганини алоҳида таъкидлади. Бу алоқалар иқтисодий соҳа билан бирга, маданий-гуманитар, туризм соҳаларида изчил ривожланаётгани қайд этилди.

Анжуманда халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар минтақада моддий ва номоддий маданий мерос объектларини асраш, Буюк ипак йўлида жойлашган мамлакатлар халқларининг маданий мероси ҳақидаги умумий билимни ошириш, туризмни барқарор ривожлантиришнинг янги имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.

Анжуманда маданий объектлар билан боғлиқ халқаро лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, жаҳон музейларида сақланаётган қўлёзмалардан рақамли технологиялар асосида нусха кўчириш, мумтоз мусиқа намуналарини тадқиқ этиш, ўрта асрларда динлараро муносабатлар каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Тадбир доирасида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли« туризм халқаро университети ҳамда Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.


манба: "daryo.uz"



Киритилган вақти: 06/11/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1480
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/viloyatimizda-buyuk-ipak-yoli-boyicha-xalqaro-konferentsiya-bolib-otdi
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 15:56
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг