Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Унутилаётган суннатлар (30-суннат): Кўп истиғфор айтиш

 
 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, мен Аллоҳга бир кунда юз марта истиғфор айтаман", дедилар (Имом Бухорий ривояти). Бошқа ҳадисда эса: "Етмиш мартадан кўпроқ" (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло истиғфорни гуноҳларнинг заҳрини кесувчи малҳам қилди. Истиғфорнинг маъноси Аллоҳ таолодан мағфират сўраш. Аллоҳ таоло ҳақига тегишли ҳар бир ёмон гуноҳ тавба ҳамда истиғфор билан афв бўлади. Шу боис қачон бир катта ёки кичк гуноҳ содир қилганда, тезлик билан тавба ёки истиғфор билан уни кетказиш лозим. Балки, яхши ишларни хилофини қилганда ҳам истиғфор айтиш керак.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД


Киритилган вақти: 30/12/2020 08:58;   Кўрилганлиги: 752
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/unutilayotgan-sunnatlar-30-sunnat-kop-istigfor-aytish
Чоп этилган вақт: 18/04/2024 20:36
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг