Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Шукрона

 
 

Биродарлар, азизлар пайғамбардан сўзлайман,

Ҳолис ният ила мен кўп ажрлар кўзлайман.

Бу дунёю у дунё топай десанг ҳаловат,

Амал қилиб суннатга, расулга айт саловот.

Отасидир Абдуллоҳ, Аминадир онаси,

Саййидимиз Муҳаммад икки дунё маъноси,

Туғилмасдан отаси вафот этиб кетдилар,

Олти ёшда, онаси дунёни тарк этдилар,

Ота-она меҳрига тўймай катта бўлганди.

Ваҳий келган йилида қирқ ёшига тўлганди,

Йигирма уч йил Қуръон нозил бўлди кетма-кет,

Бир юз ўн тўртта сура, олти юздан ортиқ бет,

Қуръон ҳамда ҳадислар мусулмонга меросдир,

Фарзу вожиб суннатни бажармоқ бизга ҳосдир.

Бу дунёю у дунё топай десанг ҳаловат,

Амал қилиб суннатга расулга айт саловот.

Энди баён айлайин Расулоллоҳ феълини,

Чин ошиқлар қирқ жойдан боғласинлар белини,

Дона-дона сўзларди шошилмасдан каломни,

Ёшларга ҳам биринчи берардилар саломни,

Гаплари рост, доимо вадасига вафодор,

Тавба қилиб айтарди ҳар кун юз бор истиғфор,

Абу Жаҳл кабилар озор бериб сўкса ҳам,

Туҳмат тошин отишиб, обрўсини тўкса ҳам,

Зулм қилмай ҳеч кимга ислом учун яшарди,

Жоҳилларнинг кундан-кун озорлари ошарди,

Йўлларига ахлатни тўкди гоҳо разиллар,

Ҳақоратли сўзларни айтиб қилди ҳазиллар,

Ёлғончисан коҳинсан сеҳргарсан ё жинни,

Десалар ҳам, пайғамбар намоён қилди динни.

Қанча озор чексада ҳақиқатни айтарди,

Жоҳилларни хуш феъли маърифатга қайтарди,

Энг сўнгги нафасида ,,Умматии‘‘ деб берди жон,

Хос уммат бўлай десанг амалинг бўлсин Қуръон.

Бу дунёю у дунё топай десанг ҳаловат,

Амал қилиб суннатга расулга айт саловот.

Дунёга боқ ушбу кун қанча фисқу фасодлар,

Не кўргилик масжидда қонга ботган жасадлар,

Айлантирди террорга ниқоб қилиб соф динни,

Ла илаҳа иллоллоҳ деб отмоқдалар мўминни.

Аммо бизнинг диёрда тинчлик ҳукм сурмоқда,

Юртбошимиз бош бўлиб мадрасалар қурмоқда,

Қуръон, ҳадис, ақида, илму ирфондир бизда,

Ҳақиқий дин, маърифат, инсофу имон бизда.

Раббиул аввал ойи эҳсону мавлид ойи,

Кундан-кун очилмоқда масжидларнинг чиройи,

Аллоҳимнинг назари тушган обод бу диёр,

Дуо қилинг азизлар дуонгизда ҳислат бор.

Бу дунёю у дунё топай десанг ҳаловат,

Амал қилиб суннатга расулга айт саловот.

Отабек Боқоний: Самарқанд туман

Хўжа Аҳрори Валий масжиди ноиб имоми


Киритилган вақти: 01/12/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 651
 
Материал манзили: http://www.sammuslim.uz/press/news/shukrona
Чоп этилган вақт: 18/11/2019 07:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг