Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

САХОВАТ – ЖАННАТ КАЛИТИ

 
 

Дунёда ҳеч бир халқ ёки миллат ҳаёт синовларидан, тақдирнинг кутилмаган зарбаларидан четда қолмайди. Жаҳон миқёсида серталафот кечаётган жорий йилда халқимиз бошига ҳам оғир синовлар келди.

Айниқса, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси, Сардоба ва Бухорода рўй берган офатлар, улар оқибатида келиб чиққан иқтисодий, ижтимоий қийинчиликлар матонатли халқимизни яна бир бор имтиҳондан ўтказди, иродасини тоблади.

Давлатимиз раҳбари томонидан бу офатларнинг оқибатларини бартараф этиш ва таъсирини юмшатишга қаратилган ташаббусларнинг ўз вақтида илгари сурилгани эса тарихий аҳамият касб этмоқда. Зотан, синовли дамлар давлат ва халқни олий мақсадлар йўлида янада жипслаштириш баробарида бир умумий ғоя атрофида ҳам бирлаштирди. Давлатимизнинг мустаҳкам ҳимоясида эканимизни ҳис этдик.

Ўзбекистон ҳар қандай шароитда ҳам давлат ва халқ ҳамжиҳатлигининг ёрқин намунасини дунёга яна бир бор кўрсатди. Мамлакатимиздаги бирдамлик ва, энг асосийси, оқилона сиёсат юритилаётгани жамиятнинг мураккаб жараёнлардан кам талафот билан ўтиб олишига, халқимиз турмуш даражаси барқарорлиги сақланишига замин яратмоқда. 

Пандемия шароитида қийналиб қолган, меҳрга, ёрдамга муҳтож инсонларга саховат кўрсатиш тадбирлари Самарқанд вилоятида ҳам амалга оширилди. Жумладан, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан кам таъминланган оилаларга 12 турдаги зарур озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб, уларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётгани барчанинг кўнглини тоғдек кўтармоқда. 

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлашни бош ғоя сифатида қабул қилган жамият равнақ топади. “Кўпнинг дуоси – кўл”, дейди доно халқимиз. Ёрдам олган, меҳр кўрган инсоннинг дуоси эса юракдан чиқади. Бундай дуолар Яратганнинг ҳузурида қабул бўлишига кўплаб манбалар гувоҳлик беради. 

Қилинаётган бу эзгу ишлар азалий қадриятларимиз, халқимизга хос фазилатларни намоён қилади. Шундай бўлмоқда ҳам. Вилоятимиздаги диний соҳа вакиллари кам таъминланган оилаларнинг хонадонларига ташриф буюриб, ҳадялар улашди. “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида дастурхон ёзилиб, совғалар улашилгани эса қувонч устига қувонч бағишлади. 

Самарқанд вилоятининг табаррук, фазилатли жойларида уламолар, тажрибали имомлар етакчилигида Қуръони карим хатмлари қилинмоқда. Аллоҳ таоло “Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз”, деб марҳамат қилган.

Биз Аллоҳнинг раҳматидан ҳам, шифосидан ҳам умидвормиз. Унинг “сўрасанг, бераман”, мазмунидаги ваъдасига мувофиқ, юртимизга тинчлик, бунёдкорлик, халқпарварлик ишларига баракот, ишбошиларимизга икки дунё саодати, бозорларимизга тўкин-сочинлигу арзонлик сўраб, дуою илтижолар қилмоқдамиз. 

Албатта, кўпни кўрган халқимиз ҳам дуойи хайрларни кўпайтириб, юртимизга тинчлик, барқарорлик, халқимиз бошидан бу балоларни кўтаришини сўраб, илтижолар қилиши айни савобли ишдир. Меҳр ва шафқат, саховатнинг манбаи ҳам, оқибати ҳам эзгулик. Шу боис, муқаддас динимизда саховатга даъват қилинади. 

Аллоҳ таоло учун саховатли бандалар маҳбуб ва қадрлидир. У Оли Имрон сурасининг 134-оятида оғир дамларда ҳам эзгулик қиладиганларни севишини марҳамат қилади ҳамда жаннатга эришишнинг йўли ўзи яхши кўрган нарсани бошқаларга эҳсон қилиш эканини алоҳида таъкидлайди. 

Илоҳий даъват бўлган саховат дунёда ҳам барака келтиради, охиратда ҳам улкан ажрларга сабаб бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бежиз сахийликни томирлари жаннатда, шохлари дунёга тушган дарахтга қиёсламадилар. 

Шундай экан, азизлар, саховат дарахти шохларига чиқиб, эзгуликни шиор қилайлик. Бу борада ибрат, намуна бўлиб турганларга эргашайлик. Шукрни тарғиб қилайлик. Шунда Яратган неъматларини янада зиёда қилади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…”, деб ваъда берган. 

Инсонпарварлик тадбирлари замирида диёримиздаги ислоҳотларнинг бош мезони бўлган халқни рози қилиш тамойили мужассам. Хоразмлик аллома Маҳмуд Замахшарийнинг “Атвоқуз заҳаб” асарида бундай мисралар бор: 

Мурувват – гўзал хулққа хос аломат. 

Ахлоқий покликка эрур далолат. 

Аллоҳ ризолигин қозонай десанг, 

Кам бўлмассан, шу хислатни қил одат.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг рушду ҳидоятида собитқадам қилсин! Ўзининг шукр қилувчи бандаларидан бўлишимизни насиб айласин! Тинчлигимиз бардавом, тараққиётимиз барқарор, халқимиз фаровон бўлсин!

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси,
2020 йил 30 декабрь, 255-сон

Киритилган вақти: 31/12/2020 09:14;   Кўрилганлиги: 941
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/saxovat-jannat-kaliti
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 14:48
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг