Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

САМАРҚАНДДА ЙИЛ ИМОМИ АНИҚЛАНДИ (ҳамда китоб тақдимоти, Рамазон ойи олдидан йиғилиш тадбирлари)

 
 

2016 йилнинг 2 июн куни Самарқанд шаҳридаги муҳташам санъат саройида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги тасарруфидаги масжид имом хатиблари ва ноиб имомлари ўртасида “Йил имоми - 2016” кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг дастлабки туман босқичида ғолибликни эгаллаган 16 нафар имом хатиб ва ноиб имомлар беллашдилар.

Кўтаринки руҳ ва юқори савияда ўтган “Йил имоми - 2016” кўрик танловига вилоят миқёсидаги ҳакамлар, вилоят бош имом хатиби Нуриддин Исламов, вилоят бош имом хатибининг ўринбосари Зайниддин Эшонқулов, Имом Бухорий халқаро маркази директори, Шовосил Зиёдов, Имом Бухорий халқаро маркази малака ошириш бўлими мудири Тоҳир Эвадуллаев, Самарқанд қишлоқ хўжалик институти маънавий маърифий ишлар бўйича ректор ўринбосари Абдушукур Ҳамзаевлар ҳайъат сифатида иштирок этиб, баҳолаб бордилар.

Танлов иштирокчиларининг вилоят босқисига кучли тайёргарлик кўрганлиги ғолибларни аниқлашни анча қийинлаштириб қўйди. Шундай бўлсада тажрибали ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра биринчи ўринга Жомбой тумани “Иброҳим ота” жоме масжиди имом хатиби Ахмедов Анвар, иккинчи ўринга Пайариқ тумани “Мулла Тоҳир” жоме масжиди имом ноиби Азимов Қамариддин, учинчи ўринга эса Ургут тумани “Боғишамол” жоме масжиди имом ноиби Латипов Маҳмуд лойиқ топилди. Ғолиблар қимматбаҳо совғалар ва вакилликнинг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

Кўрик-танлов ниҳоясига етгач, бевосита тадбирнинг иккинчи қисми: йилнинг энг яхши китоби дея эътироф этилган “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китоб тақдимотига ўтилди. Тақдимот давомида мутахассислар Тошкент вилояти бош имом хатиби Хайрулло Турматов, “Мовароуннаҳр” нашриёти ходими Илҳом Маъруповлар китоб моҳияти ва унинг бугунги кундаги аҳамияти борасида батафсил сўзлаб беришди. Шунингдек, йиғилганларга, мавзуга оид видеофилм ҳам намойиш этилди.

Тадбирнинг учинчи қисми муборак Рамазон ойи олдидан ва ой давомида ҳамда ҳайит кунида амалга ошириладиган ишлар муҳокамасига қаратилди. Вилоят бош имом хатиби Н.Исламов залда йиғилган шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари, масжид имомлари ҳамда ноибларига мавзуга оид кўрсатма ва топшириқлар бериб ўтди.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 02/06/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3321
 
Материал манзили: http://www.sammuslim.uz/press/news/samarqandda-yil-imomi-aniqlandi-hamda-kitob-taqdimoti-ramazon-oyi-oldidan-yigilish-tadbirlari-
Чоп этилган вақт: 22/11/2019 21:08
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг