Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Самарқанд Ҳадис ва Калом илми мактабларида биринчи дарс машғулотлар

 
 

9 ноябрь куни Самарқанд Ҳадис ва Калом илми мактабида биринчи дарс машғулотлари бошланди. Мазкур мактабларда талабалар суҳбат ва асл манбадан матн ўқитиш асосида қабул қилинди.

Имом Бухорий асарлари ва Имом Мотурудий таълимоти асосида соф ислом ақидасини ўргатишнинг бугунги кундаги аҳамияти, ҳадис ва калом илми тарихи ва унинг мусулмон оламида тутган ўрни кенг тушунтирилди. Ҳадис ва Калом илми мактабида дарс машғулотлари “Устоз шогирдлик” анъанасига кўра ҳар бир гуруҳда 5-6 талабадан иборат бўлиши белгилаб қўйилди.

Мактабларнинг асосий мақсади Ислом динининг асл моҳиятини, илмий-маънавий асосларини, юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, мутакаллим ва алломалар ҳаёти ва маънавий меросини ўрганиш, соф ислом эътиқодини таълим бериш, ижтимоий ахлоқий масалалар ҳамда ёшлар тарбиясига доир манбаларни кенг ёритиш ва ташвиқ қилишдан иборат.

“Жаҳолатга қарши – маърифат” асосида ислом динига нисбатан содир этилаётган асоссиз хуружларнинг олдини олиш, шунингдек, диний ақидапарастлик, мутаассиблик, экстремизм, миссионерлик, сохта тариқатлар ва жамоаларнинг мақсадлари, ғоявий-ақидавий негизлари, замонавий кўринишлари ва фаолият услубларини ўрганиш ва уларга қарши курашнинг илмий-маърифий асосларини ишлаб чиқиб амалиётда жорий этишга қаратилган.

Ҳадис ва Калом мактабларида дарс машғулотлари машҳур муҳаддис ва мутакаллимлар томонидан тасниф этилган мўътабар асарлардан олиб борилади.

Мактаб талабалари биринчи дарсни зўр қизиқиш ва диққат билан тинглаб, келажакда ушбу мактабни битириб буюк аждодларимизга хос ворис бўлишликни ўз олдиларига мақсад қилиб олдилар.

Манба: “bukhari.uz”


Киритилган вақти: 09/11/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 1317
 
Материал манзили: http://www.sammuslim.uz/press/news/samarqand-hadis-va-kalom-ilmi-maktablarida-birinchi-dars-mashgulotlar
Чоп этилган вақт: 18/11/2019 06:47
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг