Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Ўзаро ҳамкорлик ҳамжиҳатлик омили

 
 

Ўз каломида "Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг" ("Моида" сураси, 2-оят), дея марҳамат этган Яратган зот, ушбу хитоби билан бандаларига кўплаб яхшиликларни ирода этган. Ўзаро ёрдам ижтимоий ҳаётни юқори даражага кўтаради, жамият аъзоларининг фаровонлигини оширади, уларнинг қайғу-аламларини енгиллаштиради. Ҳамкорлик ҳар бир шахс ва ҳар бир жамиятнинг бахтиёр бўлиши учун зарур омиллардан бири бўлиб ҳисобланади.

Юқорида зикр этилган ана шундай хайрли ишлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд ва Жиззах вилояти вакилликлари ўртасида амалга оширилди.

2017 йил 29 июнь куни Самарқанд вилояти бош имом хатиби Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида 10дан зиёд вилоятнинг кўзга кўринган имомлари, шаҳар ва туман бош имом хатиблари ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликларни йўлга қўйиш мақсадида қўшни Жиззах вилоятига ташриф буюрдилар.

Меҳмонларни Жиззах вилояти бош имом хатиби Меҳмонали Жабборов ҳамда Зомин тумани бош имом хатиби Аброр Равшанов кутиб олди.

Сафар давомида меҳмонларга вилоятда олиб борилаётган диний соҳадаги ўзгаришлар, эришилган ютуқлар, вакиллик ва имом хатиблар томонидан амалга оширилган ва оширилаётган ишлар, масжидлардаги қайта қуриш ва ободонлаштириш жараёнлари борасида батафсил маълумот берилди.

Аҳоли билан учрашувлар, жамоат ташкилотлари, маҳаллалар, таълим муассасалари билан ҳамкорликда йўлга қўйилган тадбирлар ва уларнинг амалий натижалари диққат билан тингланди. Меҳмонлар томонидан вилоятда диний соҳада кўплаб ютуқларга эришилгани, таҳсинга сазовор ишлар амалга оширилгани эътироф этилди.

Ташриф асносида Жиззах вилояти бош имом хатибининг таклифи билан меҳмонлар миллий меъморчилик ва замонавий архитектура уйғунлигида қайтадан қад ростлаган Жиззах шаҳридаги "Хўжа Нуриддинҳожи" ҳамда Зомин тумани марказидаги "Маърифатли" жоме масжидига келдилар. Мустақиллик шарофати ҳамда юртимизда диний соҳага берилаётган юксак эътибор, айниқса ушбу эътиборнинг сўнги пайтларда тобора ортиб бораётганининг тимсоли сифатида қад ростлаган ушбу икки масжид, ўзининг савлати, файзи билан меҳмонларда ўзгача таассурот уйғотди. Кенг ва ёруғ хонақо, ҳашамли кошинкор айвонлар, серфайз ҳовли, кутубхона, анжуманлар зали, маъмурият хоналари, замонавий таҳоратхона буларнинг барчаси юқори сифат ва юксак санъат асосида олиб борилган бўлиб, намозхонларнинг тўкис ибодат қилишлари, илм-маърифатларини оширишлари учун барча шароитлар ҳозирланган.

Самарқанд уламолари масжидни кўздан кечирар эканлар барча мутасаддиларга, меъморларга, ҳомийларга ўзларининг чуқур миннатдорчиликларини билдириб, ҳақларига дуои хайрлар қилдилар.

Шунингдек, Зомин туманидаги иккита қабристонга ҳам кирилиб, Қуръони карим тиловат қилинди. Тиловат савоби қабристонда ётган барча марҳум ва марҳумалар руҳига бағишланди. Таъкидлаш лозимки, ҳар икки қабристонда ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилган бўлиб, зиёратчилар учун барча шароитлар ҳозирланган.

Сафар ниҳоясида ҳар икки тараф ҳам ташриф ўта самарали бўлгани, бу вилоятлар ўртасида ҳамкорликнинг дебочаси экани, келгусида биргаликда кўплаб ишлар амалга оширилишини таъкидладилар.

Кетиш олдидан Жиззах вилояти бош имом хатиби М.Жабборов ташриф учун меҳмонларга миннатдорчилик билдирди. Ўз навбатида Самарқанд вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов самимий меҳмондўстлик учун ташаккур билдириб, Жиззах вилояти имом хатибларини Самарқандга таклиф этиб қолди.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 29/06/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2683
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/ozaro-hamkorlik-hamjihatlik-omili
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 20:06
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг