Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Нурсултон Назарбоев Наврўз куни Самарқандга келди

 
 

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон халқини Наврўз билан табриклаш мақсадида Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

Президент матбуот хизмати берган хабарга кўра, олий мартабали меҳмонни Президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида икки давлат раҳбарининг учрашуви ўтказилди.

«Қардош ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан ёнма-ён яшаган, яхши кунларда ҳам, қийинчилик дамларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаган. Бундай дўстлик ва аҳиллик бугунги кунда халқларимиз ўртасидаги алоқаларга мустаҳкам асос бўлмоқда.

Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Мамлакатларимиз вазирлик ва идоралари, ҳудудлари ўртасидаги алоқалар фаоллашди. Транспорт йўлаклари очилиб, темир йўл ва автобус қатновлари йўлга қўйилди.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик кенгайди. Санъат ва маданият намояндалари, шоир ва ёзувчилар икки мамлакатдага кўргазма ва фестиваллар, маданий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этмоқда. 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили ўтказилаётгани халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади», дейилади хабарда.

Президентлар минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги самимий муносабатлар ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамланиб бораётганини қайд этиб, чегаралардаги енгилликлар икки мамлакат халқларининг ўзаро борди-келдиси учун кенг йўл ва имкониятлар очгани, бунда энг катта мақсад бўлган халқларимиз розилигига эришилганини таъкидлашди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати юқори баҳоланди, уни янада ривожлантиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Биринчи Президент қабрига гул қўйилиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилди, Қуръон тиловат қилинди.

Қозоғистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини томоша қилди.

манба: “kun.uz”


Киритилган вақти: 22/03/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1085
 
Материал манзили: http://www.sammuslim.uz/press/news/nursulton-nazarboev-navroz-kuni-samarqandga-keldi
Чоп этилган вақт: 23/09/2020 01:46
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг