Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Ислом Каримов хотираси ёдга олинди

 
 

2017 йил 30 январ куни халқ қаҳрамони, Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида дунё саҳнасига олиб чиққан буюк йўл бошчи, давлатимизнинг биринчи Президенти, марҳум Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таваллуд топган куни муносабати билан Самарқандда кенг миқёсда хотира тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шахсан иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, вилоят ҳокимлиги, ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги, шаҳар ва туман бош имом хатиблари, жамоат бирлашмалари, таълим муассасалари каби қатор ташкилот вакиллари қатнашди.

Дастлаб, Ислом Каримов қабри зиёрат этилиб, Қуръон тиловати қилинди. Сўнг марҳум юртбошимизнинг руҳини шод этиш мақсадида ташкил этилган эҳсон дастурхонига ўтилди. Унда муфтий Усмонхон Алимов йиғилганларга Ислом Каримов ҳақида, у кишининг Ўзбекистон халқи учун қилган буюк хизмати, жасорати ҳақида сўзлаб, доимо бу сиймони ёд этиш, ортидан яхши дуолар йўллаш, охаритини обод этишни Яратгандан сўраш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини таъкидлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган:

خَيْرُ النَّاسِ مَنْ طَالَ عُمْرُهُ وَحَسُنَ عَمَلُهُ

“Инсонларнинг яхшиси умри узун бўлиб, амали гўзал бўлганидир”, ҳадисини айтиб, марҳум юртбошимиз ҳам ўмрлари давомида кўплаб яхши ишларини қилгани, ортидан Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юртни қолдириб кетгани хусусида сўз юритди.

Муфтий ҳазратлари яна шуни таъкидладики, Аллоҳ таолонинг бандалари орасида дўстлари бўлиши, улар Аллоҳга жуда яқин инсонлар экани, бундай кишилар жамият орасида яширин бўлгани сабабли ҳамма ҳам уларни пайқавермаслигини айтиб, ана шундай Аллоҳга яқин бандалардан баъзилари тушларида Ислом Каримовни Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдулхолиқ Ғиждувони, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк бобокалонларимиз билан бирга кўраётганини гапириб берди. У кишининг ҳаёти давомида қилган садақаи жориялари савоби отрларидан қиёматгача етиб, иншааллоҳ жойлари жаннатда эканига далолатлар кўплигини маълум қилди.

Эҳсон сўнгида Қуръон тиловати қилиниб, марҳум Юртбошимизнинг қилган хизматлари қабрларига нур ўлароқ ёғилиши, охиратлари обод бўлишини сўраб, дуои хайрлар қилинди.

30 январь куни Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда турли маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилиб, эҳсон берилди.

Бу тадбирларда Ислом Каримовнинг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан тарихда ўчмас из қолдиргани, нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилгани эътироф этилди.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 31/01/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 1119
 
Материал манзили: http://www.sammuslim.uz/press/news/islom-karimov-xotirasi-yodga-olindi
Чоп этилган вақт: 15/11/2019 05:58
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг