Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Чегара ҳудудларга ташриф

 
 

2017 йил 2 июнь жума куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги раҳбарияти, иқтидорли имом-хатиблар Ургут ва Булунғур туманининг чегара ва чегараолди ҳудудларида жойлашган масжидларда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йили ҳамда Рамазон ойи муносабати билан жума намозини адо этиб бериш, масжид шароити билан танишиш, намозхонлар кафиятини ўрганиш мақсадида хизмат сафарида бўлдилар.

Вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов Ургут туманидаги “Сой Ғўс”, бош имом хатиб ўринбосари Ё.Мансуров Ургут туманидаги “Аҳмад Очил”, бош имом хатиб ўринбосари Х.Сатторов Булунғур туманидаги “Чўянтепа”, Самарқанд шаҳар бош имом хатиби Н.Исламов Булунғур туманидаги “Оломон” масжидига ташриф буюриб, жума тезиси асосида ҳамда Рамазон ойи фазилати, бу ойда қилиниши лозим бўлган амаллар, тинчлик-хотиржамликни қадрлаш, уни авайлаб-асраш, доимо ҳушёр туриш, айниқса чегара ҳудудларда ҳушёрликни янада ошириш борасида маъруза қилдилар.

Тинчлигимизнинг шарофати ўлароқ барча соҳаларда хусусан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ҳам кўплаб ислоҳотлар олиб борилаётгани, яқинда Сурхандарё вилоятида янгидан қад ростлаган Имом Термизий масжидининг очилиши муборак ойда нафақат Сурхандарё музофоти, балки бутун юртимиз мусулмонлари учун катта туҳфа бўлганини айтиб, бу хайрли иш билан йиғилганларни муборакбод этдилар.

Масжидларда ибодатларнинг эмин-эркин адо этилиши, ҳар куни хотиржам тонг оттириб, шу тахлид кечга етаётганимиз, ифторлик ва саҳарлигимиз серфаз ва обод дастурхонлар узра бўлаётгани Аллоҳнинг тинчлик деб аталмиш бемисл неъмати боисидан эканини ҳар бир мўмин-мусулмон теран англаши лозимлигини айтиб, доимо шукрона ила яшашга чорладилар.

Шунингдек, жойларда ифторликларни хонадонларда ҳашаматсиз ва камтарона ўтказиш ҳамда ушбу маросимни ислом таълимоти ва миллий қадриятларимизга зид равишда кафе ва ресторанларда дабдаба ва исроф билан ташкил этишга йўл қўймасликка лозимлигини таъкидладилар.

Ўз навбатида масжид аҳли ва намозхонлар меҳмонларга ташриф учун миннатдорчилик билдириб, олиб бораётган ишларига муваффақият, юртимиз тинчлиги бардавом бўлишини сўраб, илиқ тилаклар билдириб қолдилар.

Усмонхон Муҳаммадиев: ЎМИ

Самарқанд вилояти вакиллиги мутахассиси


Киритилган вақти: 02/06/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 1328
 
Материал манзили: http://www.sammuslim.uz/press/news/chegara-hududlarga-tashrif
Чоп этилган вақт: 22/11/2019 02:54
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг