Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

“Бойбул” масжиди янгидан қад ростламоқда

 
 

Ургут туманида бугунги кунда 61 та масжид фаолит юритаяпди. Собиқ шўролар тузуми даврида туманда атиги битта масжид фаолият юритган. Аллоҳга беадад шукрки, юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидларимиз кундан-кунга обод бўлмоқда. Кўп масжидлар замонавий шаклда таъмирланиб, чиройли ва қулай ҳолатга келтирилмоқда. Уларда намозхонларимиз ўзларининг ибодатларини эмин-эркин амалга оширмоқдалар. Ургут туманида ҳозирги вақтда 6 та масжид тубдан янгидан бино қилинмоқда. Шулардан бири Бойбул маҳалласида жойлашган “Бойбул” жоме масжидидир. Масжид 2004 йилдан буён фаолият юритиб келади. Ўша йиллари қурилган хонақоҳ кичик ҳажмли, кўримсиз эди.

Унинг ўрнидан шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ қурилиш ишлари бошланган. Ушбу масжид учун тайёрланган лойиҳага кўра, масжид биноси ҳашаматли, намозхонлар учун жуда қулай ва шинам бўлишига алоҳида эътибор қаратилган. Барпо этилаётган янги жоме масжидининг катталиги 16-16 метрга тенг бўлиб, атрофида 5,5 метр энлиликда айвон ҳам бор. Масжид ўз бағрида 600 нафар намозхонни сиғдира олади.

Таъкидлаш жоизки, қурилиш ишларига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилган. Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда. Масжид қурилишига беминнат ёрдамларини аямаётган саховатли кишилар, бу ишни ташкил этишда жонбозлик кўрсатаётган масжид ходимлари ва барча мутасаддилар учун ҳам улкан ажр ва савоблар борлиги ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Шулардан бирида шундай дейилади: “Ким Аллоҳ учун какликнинг тухумларини қўядиган еричалик бўлса ҳам, масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради” (Аҳмад ривоят қилган).

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги


Киритилган вақти: 12/10/2019 15:09;   Кўрилганлиги: 1352
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/boybul-masjidi-yangidan-qad-rostlamoqda
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 18:10
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг