Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

БАЙРАМ ОЛДИДАН

 
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги томонидан Умумхалқ байрами 9-май – Хотира ва Қадрлаш кунини муносиб кутиб олиш ва нишонлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан вилоятнинг чекка туманлари ва чегараолди ҳудудларида жойлашган масжидларга жума намозини адо этиш ва ўша атрофдаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, ногиронлар, ёлғиз кексалар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш мақсадида малакали имомлар сафарбар этилди.

29 апрел жума куни вилоятнинг чегараолди ҳудудларидан Ургут туманидаги “Бойбул” жоме масжидига малакали имомлардан “Хўжа Абду Берун” жоме масжиди имом хатиби Лутфулло Ибодуллаев, Булунғур туманидаги “Чўянтепа” жоме масжидига “Намозгоҳ” жоме масжиди имом хатиби Ҳамзахон Пўлатовлар ташриф буюрдилар.

Воизлар жума намозида тезис асосида маъруза қилар эканлар, юрт тинчлигини авайлаб-асраш, доимо ҳушёр туриш, айниқса чегара ҳудудларда ҳушёрликни янада ошириш борасида фикр-мулоҳазалар билдириб ўтдилар. Байрам муносабати билан масжидлар, қабристонларни обод этиш, қўни-қўшнилар, қариндошлар ҳолидан хабар олиш фазилати ҳақида ҳам батафсил тўхталдилар.

Намоз адо этилгач, имом домлаларимиз масжид атрофида истиқомат қилувчи кекса отахонлар, меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиб, уларга байрам совғалари улашдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилоят вакилиги


Киритилган вақти: 29/04/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 1320
 
Материал манзили: http://www.sammuslim.uz/press/news/bayram-oldidan
Чоп этилган вақт: 17/10/2019 23:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг