Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

АҲОЛИ БИЛАН МУЛОҚОТНИ КУЧАЙТИРИШ ДАВР ТАЛАБИ

 
 

Маълумки, киши нимага интилса ўша нарса унга чинакам бахт бўлиб туюлади. Бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак бахтнинг ранги, ифори турлича. Лекин ишончимиз комилки, бахтлар ичида энг ширини, энг азизи ва энг ардоқлиси оилавий бахтдир.Чунки барчамизнинг юкиниб, талпиниб борадиган манзилимиз, хузурланадиган ва ҳаловат топадиган масканимиз- бу оиламиздир.

Оила келажагимиз ворисларини тарбиялаб, умуминсоний қадриятлар ва миллий анъаналарни авлоддан-авлодга етказишда муҳим рол ўйнайди. Мамлакатимиздаги ҳар қандай ўзгаришлар ўз таъсири ва ифодасини оила муҳитида акс эттиради. Шунинг учун ҳам ҳар бир оилада тинчлик-осойишталик ва ижтимоий –маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш энг муҳим вазифадир. Чунки мустаҳкам оила – юртнинг ишончли келажаги, таянчи, меҳр-мурувват, маданият ва маънавият ўчоғидир. Мамлакатдаги тинчлик-хотиржамлик, халқнинг фаровонлиги, иқтисодий юксалишлар оилалар тотувлиги туфайлидир. Мустақиллик йилларида оилага муносабат масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди, бу борада бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат дастурлари амалга оширилди. Бош қомусимизнинг 63-моддасида «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга» деб белгилаб қўйилган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган эзгу ишлар, ҳукумат қарорлари оналик ва болаликнинг муҳофаза қилиш оилани мустаҳкамлаш сиёсати билан боғлиқдир. Оилаларни асраш ва ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш мақсадида бутун бир йиллар оила масаласига бағишланди. 1998-йилнинг «Оила йили», 2012-йилнинг «Мустаҳкам оила йили», 2013-йилнинг «Обод турмуш йили», 2016-йилнинг «Соғлом она ва бола йили» деб номланиб ва улкан ишларнинг амалга оширилганлиги фикримиз исботидир.

Статистик маълумотларга кўра республикамиз аҳолисининг 98 фоизи 7 миллион 500 мингдан ортиқ оилаларда яшайди, қайд этилаётган никоҳлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Оилаларни сақлаш борасида аҳоли орасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларга қарамай, ажримлар сонининг ошиб бораётгани барчамизни қайғуга солади. Аксарият ёшларимизнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, ўз соғлигига етарлича эътибор бермаслиги, йигитларнинг оилани бошқариш, моддий таъминлаш, фарзандларни тарбиялаш масъулиятини тўлиқ ҳис этмаслиги, қизларнинг эса уй бекаси, оналик вазифаларини яхши англаб етмаслиги, оилада соғлом маънавий муҳитни яратишга қодир эмасликлари сабабли оилавий ажримлар кўпаяётганлиги кўпчиликка маълум. Шунингдек, йигитларнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби иллатларга берилиб кетиши, қизларимизнинг ижтимоий тармоқларга қарам бўлиб виртуал оламдан бахт излаб, оиладан воз кечиш ҳолатлари, хориждан бахт излаб узоқ юртларга турмушга чиқишлари, кутганлари сароб бўлиб бахтсиз бўлиб қолиш ҳолатларининг учраётгани ғоят ташвишли ҳолатдир.

Инсон қадри улуғланаётган юртимизда 1995-йилда БМТнинг «Хотин - қизлар хуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида» ги (СЕДАW) Конвенция ратификация қилинган ва юртимизда мазкур конвенция шартларига амал қилинади.

Баъзан ҳаётимизда аёлга нисбатан салбий муносабатлар, келишмовчиликлар, қўйди-чиқдиларнинг учраб туриши ҳам сир эмас. Бундай ҳолатларни бартараф этиш учун Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида «Аёллар маслаҳат маркази» ташкил этилган. Марказларнинг асосий вазифаси - ҳаёт йўлларида жиддий муаммоларга учраган, кутилмаган синовлар, ташвишлар эсанкиритиб қўйган, тушкун кайфиятдаги, маънавий ва руҳий ёрдамга муҳтож хотин-қизларга ва уларнинг оилаларига ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий ва психологик ёрдам кўрсатиш, зарур тушунтириш ишларини олиб боришдан иборат.

Жойларда фаолият юритаётган мазкур марказларнинг иш самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан «Аёллар маслаҳат маркази» фаолиятини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ишчи гурухи шакллантирилди. Ишчи гуруҳ томонидан мазкур марказлар фаолиятини ўрганиш жараёнида йўл қўйилган камчиликлар аниқланиб уларни бартараф этиш йўллари кўрсатилди, тегишли маслаҳатлар берилди. 125та хонадонларга кириб намунали суҳбатлар ташкил этилди ва муаммолар ечими юзасидан зарур тавсиялар берилди.

Дарҳақиқат, кишилар кайфиятидаги тушкунлик, руҳий эзилиш унинг соғлигига, оиласи, ҳамда иш фаолиятига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Турмуш қийинчиликларидан, ҳаёт ташвишларидан эзилган аёл ширин сўзга, тасалли ва тавсияга, тўғри маслаҳатга муҳтож бўлади. Зарур ҳолатларда берилган маънавий-руҳий далда кишини ҳар хил нохушликлардан асраб йўл қўйилиши мумкин бўлган жиддий хатолардан ҳимоялаш мумкин. Шунинг учун ҳам марказга мурожаат этаётган муаммоли хотин-қизларимиз ишончларини қозониш «Аёллар маслаҳат маркази»нинг кундалик шиорига айланмоғи лозим.

Н.Темирова: Самарқанд вилоят

бош имом хатибининг хотин-қизлар

масалалари бўйича маслаҳатчиси


Киритилган вақти: 20/04/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2728
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/aholi-bilan-muloqotni-kuchaytirish-davr-talabi
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 22:25
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг