Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

3 ДЕКАБРЬ ХАЛҚАРО НОГИРОНЛАР КУНИ

 
 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1992 йилда 3 декабрь “Халқаро ногиронлар куни” деб эълон қилинган ва бутун дунёда кенг нишонланиб келинмоқда. Республикамизда, хусусан вилоятимизда ҳам ушбу тадбирни нишонлаш анъанага айланган ва йил сайин нуфузи ортиб бормоқда.

Ҳар йили “3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни”да ногиронлар учун байрам тадбирлари ташкил этиш, уларга совғалар ажратиш орқали нишонланиб келинган. Шу йил ҳам Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд давлат драма ва мусиқа театрида ушбу кун нишонланди. Унда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, Ногиронлар жамияти, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди каби кўплаб ташкилотлар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакили ўринбосари Зайниддин Эшонқулов ҳамда Самарқанд шаҳар имом хатиблари ҳам фаол қатнашди. Имомлар томонидан тадбирга келган имконияти чекланган фуқароларга уч миллион сўм миқдоридаги турли хил совға-салом ва кийим-кечаклар ҳамда молиявий кўмаклар берилди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят вакили ўринбосари З.Эшонқулов кўмакка муҳтожларга ёрдам бериш инсоний бурч экани, имкони бор киши бундай ишларга ҳамиша рағбат қилиши лозимлиги, нафақат махсус саналарда, балки йил бўйи яхшилик ва саховат ишларини кўрсатиб бориш кераклигини таъкидлади ва сўзининг тасдиғи сифатида Бақара сурасининг: “Бас, хайрли ишларда ўзиб кетингиз!” (148-ояти) оятини келтирди. Шунингдек, имкониятлари чекланганлар жамият орасида алоҳида ўринга эканини таъкидлаб, бунга яқинда Бразилянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган паралимпиада ўйинларида иштирок этган паралимпиадачиларимизнинг натижаларини мисол қилди.

Эслатиб ўтиш жоизки, ушбу мусобақада 32та паралимпиадачиларимиз 31та медални қўлга киритган: шундан 8та олтин, 6та кумуш ва 17 бронза меддаллардир. Турнир вақтида спортчиларимиз 6та жаҳон, 7та паралимпиада ва 12та Осиё рекордларини ўрнатишди. Улар жаҳонда 15-ўринни, Осиёда иккинчи ва Марказий Осиёда биринчи ўринни эгалладилар.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 03/12/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2904
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/3-dekabr-xalqaro-nogironlar-kuni
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 13:30
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг