Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

101 НАФАР САМАРҚАНДЛИК ЖАСОРАТИ ҲАҚИДА ФИЛЬМ ЯРАТИЛАДИ

 
 

Президентимизнинг 2018 йил 24 июлда қабул қилган “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросига кўра, 1942 йилда Голландиянинг Амерсфорт шаҳри яқинида нацистлар томонидан қатл этилган самарқандликлар жасорати ҳақида “101” номли бадиий фильм суратга олиниши белгиланганди.

Шу муносабат билан Самарқанд шаҳрида голландиялик тадқиқотчилар ҳамдакино усталари иштирокида тадбир бўлиб ўтди.

Унда голландиялик тадқиқотчи Ремко Рейдинг бундан йигирма йил аввал Амерсфорт шаҳри яқинидаги совет қабристони ҳақида эшитгани, қабристонда 865 нафар совет аскари кўмилгани, улар орасида 101 аскарнинг шахсияти ва исмлари йўқлиги, “Номаълум совет жангчиси“, деган битик туфайли Ремко бу воқеа юзасидан архив маълумотларини ўргана бошлаганини айтди.

- 18-34 ёш оралиғида бўлган бу ўзбек аскарлари 1941 йилнинг 10 июлида Смоленск яқинида асир олинган, - дейди Р.Рейдинг. - 10 июлда улар Смоленск шаҳрига келган. 10 сентябргача урушда қатнашиб, фашистларга асирга тушиб қолган. 27 сентябрда Голландияга, Амерсфортга келтирилган. Улар 1942 йилнинг 9 апрель тонгида концлагер яқинидаги ўрмонга олиб чиқиб, отиб ташланган... 101 нафар ўзбек йигитлари ўзларининг мардлиги, жасорати билан голландияликлар қалбидан жой олганки, ҳозиргача Амерсфорт шаҳри яқинидаги ўрмонда ҳар баҳор юзлаб голландлар тўпланишади ва улар 9 апрель, тонг саҳар ўрмонда 101 та шам ёқишади. Ҳозирда бу аскарлар қатл этилган ўша жойда махсус ёдгорлик – “Monument Koedriest” ўрнатилган.

Тадбир давомида кино яратишдан аввал 101 нафар аскарнинг айримлари ҳақида вилоятимиздаги архив идораларидан маълумотлар олиш, фильмда имкон қадар ҳаётий эпизодларни акс эттириш борасида ҳам келишиб олинди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов иштирок этди.

Манба: “zarnews.uz”


Киритилган вақти: 03/10/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1412
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/101-nafar-samarqandlik-jasorati-haqida-film-yaratiladi
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 12:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг