Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Халқаро ҳамкорлик

Марказга АҚШнинг Darelsalam islamic world travel сайёҳлик ширкати сайёҳларидан иборат делегация ташриф буюрди

 
 

Мамлакатимизда кейинги йилларда диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш, ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома аждодларимиз илмий меросини тадқиқ этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бунёд этилган ва ўз фаолиятини бошлаган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига кейинги кунларда маҳаллий меҳмонлардан ташқари халқаро меҳмонлар ташрифи ҳам тобора ортмоқда.

Жорий йилнинг 14 июнь куни Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига АҚШнинг “Darelsalam Islamic World Travel” сайёҳлик ширкати дастури асосида америкалик 93 нафар мусулмон сайёҳлардан иборат делегация ташриф буюрди. Дастлаб меҳмонлар Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиб, у буюк муборак зотнинг ҳаққига Қуръон тиловат қилди.

Дастлаб ушбу мажмуа мажлислар залида меҳмонлар ва Марказ илмий ходимлари ўртасида тадбир давра суҳбати тарзида ташкил этилди. Учрашувда Самарқанд вилояти бош имом хатиби З.Эшонқулов меҳмонларни Самарқандга ташрифи билан табриклаб, келгусида ўзаро илмий-амалий алоқаларни йўлга қўйиш борасида гапирди.

Тадбирда ИБХИТМ директори Ш.Зиёдов сўзга чиқиб, янги бунёд этилган марказнинг ташкил этилиши фаолияти ва вазифалари тўғрисида маълумотлар берди ҳамда меҳмонларга илмий ходимлар томонидан улуғ аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросини тадқиқ этиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима қилиш ва ўрганиш ҳамда мавжуд манбаларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш каби масъулиятли вазифалар билан шуғулланиб, илмий тадқиқотлар олиб бораётганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар берди.

Америкалик исломшунос олим Ёсир қози ва Буюк Британиялик Шайх Абу Исо Неъматулло, буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг қолдирган бой илмий мероси у улуғ зотнинг ақл-заковати, чексиз қобилиятини намоён этиб, беихтиёр қалбда фахр ва ғурур туйғуларини ҳис этишга ундашини таъкидлади ва ҳадис йўналиши бўйича илмий ходимларимизга ижозалар тақдим этди.

Шундан сўнг Ш.Зиёдов меҳмонларни марказга таклиф этиб, уларни бинонинг кириш қисми пештоқларига ёзилган Қуръон оятлари ва ҳадислар билан таништириб, марказнинг бунёд этилиши тарихи, унинг фаолияти ва вазифалари ҳамда илмий ходимларнинг буюк аждодларимиз меросини ўрганиши учун яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди.

Шундан сўнг меҳмонларга Имом Бухорийнинг турли даврларга тегишли ҳадис илмига оид асарлари, экспозициялар ҳамда замонавий ахборот берувчи воситалар тўғрисида маълумотлар берилди. Меҳмонлар музейдаги буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг Бағдоддаги имтиҳон жараёни акс этган сурат ва илмий сафарлари тасвирланган деворий суратларни қизиқиш билан томоша қилдилар. Меҳмонлар томонидан марказдаги музей ва тарихий қўлёзмалар фонди ушбу масканнинг том маънода халқаро аҳамият касб этиши, унинг дунё миқёсидаги нуфузи ва салоҳияти юксаклигини кўрсатиб туриши қайд этилди. Хорижий сайёҳлар Марказ жамоаси билан илмий жараёнда кечган давра суҳбатларидан мамнун эканлигини таъкидлади.

Марказ раҳбарияти ва меҳмонлар келгусидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва илмий-амалий алоқаларни изчил давом эттириш тўғрисида келишиб олишди.

Диний-маърифий тадбирлар бўлими

илмий ходими

Ж.Жумаев

Манба: bukhari.uz


Киритилган вақти: 15/06/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1479
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/international-cooperation/markazga-aqshning-darelsalam-islamic-world-travel-sayyohlik-shirkati-sayyohlaridan-iborat-delegatsiya-tashrif-buyurdi
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 20:05
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг