Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Қуръон оятлари

“Бақара” сурасининг 8-9-оятлари тафсири

 
 

 بِسْمِ ٱللّٰهِ ٱلرَّحْمٰنِ ٱلرَّحِيمِ

وَمِنَ النَّاسِ مَن يَقُولُ آمَنَّا بِاللّهِ وَبِالْيَوْمِ الآخِرِ وَمَا هُم بِمُؤْمِنِينَ 

8. Ва одамлардан Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик, дейдиганлари бор. Ҳолбуки, улар мўмин эмаслар.

Мунофиқларнинг бош сифатлари ушбу оятда зикр қилинмоқда. Улар “Аллоҳга иймон келтирдик, қиёмат кунига иймон келтирдик, мўмин бўлдик”, деб мўмин кишига лозим бўлган икки буюк эътиқодни айтишади. Аслида эса улар на Аллоҳга ва на қиёмат кунига ишонишмайди.

Демак, қалбида йўқ нарсани бор, деб кўрсатиш мунофиқликдир.

Ушбу оятда улар ақийда масаласининг аввали бўлмиш Аллоҳга иймонни ва сўнги бўлмиш охиратга иймонни даъво қилишди, шу билан гўё ақийда бобида ҳамма нарсага ишонамиз, демоқчи бўлишди.

يُخَادِعُونَ اللّهَ وَالَّذِينَ آمَنُوا وَمَا يَخْدَعُونَ إِلاَّ أَنفُسَهُم وَمَا يَشْعُرُونَ

9. Улар Аллоҳни ва иймон келтирганларни алдамоқчи бўларлар. Ҳолбуки, сезмаган ҳолларида фақат ўзларини алдарлар.

Яъни мунофиқлар қалбларида иймон бўлмаса ҳам, ёлғон даъво ила Аллоҳни ва мўминларни алдамоқчи бўладилар. Лекин бундан кимга фойда, кимга зарар? Зарар ўзларига-ку. Демак, улар сезмаган ҳолда ўзларини ўзлари алдамоқдалар. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳамма нарсани билиб турувчи Зотдир, Уни алдаб бўлмайди. Мўминларнинг ҳимоясини эса Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган. Шунинг учун ҳам ушбу оятда “Аллоҳни ва иймон келтирганларни”, деб уларни Ўзи билан бир сафга қўймоқда.

Демак, мўмин-мусулмонларга душманлик Аллоҳга душманлик билан баробардир.

(“Тафсири Ҳилол” китобидан)

   Давоми бор...


Киритилган вақти: 05/09/2019 13:51;   Кўрилганлиги: 1331
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/islam/ayahs/baqara-surasining-8-9-oyatlari-tafsiri
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 06:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг