Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Қуръон оятлари

“Бақара” сурасининг 35-ояти тафсири

 
 

بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

وَقُلْنَا يَا آدَمُ اسْكُنْ أَنْتَ وَزَوْجُكَ الْجَنَّةَ وَكُلا مِنْهَا رَغَدًا حَيْثُ شِئْتُمَا وَلا تَقْرَبَا هَذِهِ الشَّجَرَةَ فَتَكُونَا مِنَ الظَّالِمِينَ (35)

  1. Ва: Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатни маскан тут. Унда хоҳлаган жойингизда бемалол енглар ва мана бу дарахтга яқинлашмангларки, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласизлар, – дедик”. 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одамга яна бир бор улуғ марҳамат қилди: жуфти Ҳаво билан унга жаннатдан жой ато этди ва у ерда фароғатда яшашини таъминлади.

“…мана бу дарахтга яқинлашманглар…” деганидан уларга ҳамма нарсадан тановул қилишга рухсат бўлгани, фақатгина битта дарахтдан тановул қилишга рухсат бўлмагани маълум бўлади. Бу инсон ҳаётидаги ман қилинган нарсаларнинг намунасидир. Аллоҳ таолонинг инсонга баъзи нарсаларни ман қилиши – иродани мустаҳкамлаш учундир. Агар ман қилиш бўлмаса, инсон билан ҳайвоннинг орасида фарқ қолмайди. Инсон ўзига жон, ақл, илм берган Аллоҳга аҳду паймон қилган, ўша аҳду паймонга вафо қилиши учун унга сабр-матонат, ирода керак. Бу нарсалар эса ман қилиш билан ҳосил бўлади. Сабр-матонатли, иродали кишилар ўзларини Аллоҳ ман қилган нарсалардан сақлаб турадилар. Ҳавойи нафсига банда бўлганларнинг эса ҳайвондан фарқи йўқ. Улар ман қилинган нарсадан ўзларини тийиб тура олмайдилар.

Аллоҳ таоло жаннатдаги ҳамма меваларга рухсат бериб, фақат биттагина дарахт мевасини ман қилганидек, бу дунёда ҳам ҳамма нарсага рухсат бериб, фақат саноқли нарсаларни – инсоннинг ўзи учун зарарли бўлган нарсаларни ман қилган.

Ман қилинган дарахт қайси дарахт экани ҳақида узундан-узоқ тортишувлар бўлган. Ҳар ким ўзи билган дарахтнинг номини айтган ва ушбу гапни тасдиқлаш учун далил ва ҳужжатлар келтирган. Аммо тўғрисини айтганда, бирорта одамга ўша дарахтнинг исмини билиш билан фойда ёки билмаслик билан зарар етмайди. Агар уни билиш зарур бўлса, Аллоҳ Қуръонда ёки Пайғамбаримиз ҳадисларида айтган бўлар эдилар.

Аллоҳ таоло оятнинг охирида:

“…ва мана бу дарахтга яқинлашмангларки, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласизлар”, – дедик”, – демоқда.

Шундан кўринадики, шариатнинг амридан чиқиш зулм экан. Зулм эса катта гуноҳ.

 

“Тафсири ҳилол” китобидан


Киритилган вақти: 16/10/2019 16:51;   Кўрилганлиги: 3324
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/islam/ayahs/baqara-surasining-35-oyati-tafsiri
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 11:13
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг