Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Қуръон оятлари

“Бақара” сурасининг 27-ояти тафсири

 
 

بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

الَّذِينَ يَنقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِن بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَن يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الأَرْضِ أُوْلَئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ (27)

 

  1. Улар Аллоҳнинг аҳдини боғланганидан сўнг бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни кесадиган, ер юзида бузғунчилик қиладиган кимсалардир. Ана ўшалар, ўшаларгина зиён кўрувчилардир.

Ушбу оятда Аллоҳ кофир ва мунофиқларнинг учта катта сифатини келтирган.

Биринчи сифат:

“…Аллоҳнинг аҳдини боғланганидан сўнг бузадиган...”

Яъни ҳар бир банданинг Яратган билан боғлаган аҳди бор. Кофир ва мунофиқлар ўша аҳдни бузиш билан бошқалардан ажралиб турадилар. Бу аҳд кўп нарсаларда боғланган, жумладан:

а) ҳар бир банда яратилиш чоғида Аллоҳ унинг табиатига диндорликни солган. Кофир ва мунофиқлар ўша табиатга қарши чиқадилар;

б) Аллоҳ таоло одам боласини Ўзининг ердаги халифаси қилган. Улар бу аҳдни бузиб, халифаликка хиёнат қиладилар;

в) ҳар бир шариат келганда, Аллоҳ Ўзидан бошқага сиғинмаслик аҳдини олган бўлса ҳам, кофир ва мунофиқлар хиёнат қиладилар. Шунингдек, фосиқлар, яъни кофир ва мунофиқлар ҳаётларида Аллоҳнинг шариатига амал қилиш, унинг кўрсатган йўлидан юриш каби нарсаларга боғлаган аҳдларини бузадилар.

Иккинчи сифат:

…Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни кесадиган...

Аллоҳ кўп нарсаларни, жумладан, қариндошлик алоқаларини боғлашга, инсоний алоқаларни боғлашга, иймон ва диндошлик алоқаларини боғлашга ва ҳоказо ишларга буюрган. Фосиқ – кофир ва мунофиқлар ушбу алоқаларни ҳам кесадилар.

Учинчи сифат:

…ер юзида бузғунчилик қиладиган...

Фасоднинг тури жуда кўп. Жумладан, юқоридаги икки сифат ҳам ер юзини фасодга тўлдирадиган сифатлардан ҳисобланади. Аммо энг катта фасод борлиқни яратувчи Зот бўлмиш Аллоҳ таоло кўрсатган йўлни тарк этиб, бошқача яшашга ҳаракат қилишдир. Ҳамма фасод шундан келиб чиқади.

Мазкур сифатлар қандай натижага элтади? Шундай сифатдаги кишилар албатта ютқазадилар. Бу дунёларини ҳам, у дунёларини ҳам бой берадилар.

Ана ўшалар, ўшаларгина зиён кўрувчилардир.

         Келаси оятда кофирлар ҳақида учинчи шахс сифатида гап юритишдан бевосита уларнинг ўзларига хитоб қилишга ўтилади.

(“Тафсири Ҳилол” китобидан)

   Давоми бор...


Киритилган вақти: 23/09/2019 15:59;   Кўрилганлиги: 514
 
Материал манзили: http://www.sammuslim.uz/islam/ayahs/baqara-surasining-27-oyati-tafsiri
Чоп этилган вақт: 20/09/2020 03:52
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг