Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Қуръон оятлари

“Бақара” сурасининг 26-ояти тафсири

 
 

بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

إِنَّ اللَّهَ لَا يَسْتَحْيِي أَنْ يَضْرِبَ مَثَلًا مَا بَعُوضَةً فَمَا فَوْقَهَا ۚ فَأَمَّا الَّذِينَ آمَنُوا فَيَعْلَمُونَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِنْ رَبِّهِمْ ۖ وَأَمَّا الَّذِينَ كَفَرُوا فَيَقُولُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّهُ بِهَٰذَا مَثَلًا ۘ يُضِلُّ بِهِ كَثِيرًا وَيَهْدِي بِهِ كَثِيرًا ۚ وَمَا يُضِلُّ بِهِ إِلَّا الْفَاسِقِينَ (26)

  1. Албатта, Аллоҳ чивин ва ундан устунроқ нарсаларни мисол қилиб келтиришдан уялмас. Бас, иймон келтирганлар, албатта, у Роббларидан келган ҳақлигини билурлар. Аммо куфр келтирганлар: «Аллоҳ бу мисолдан нимани ирода қилди?» – дерлар. У Зот ўша билан кўпчиликни залолатга кетказар ва кўпчиликни ҳидоятга солар ва у билан фақат фосиқларнигина залолатга кетказар. 

Кофирлар ва мунофиқлар истеҳзо қилиш ўрнига ақлни ишлатганларида эди, Аллоҳ таолонинг чивин ёки пашша сингари жуссаси кичик нарсаларни мисол қилиб келтириши ожизликдан бўлмай, балки улкан қудратдан далолат эканини билар эдилар. Чунки коинотни яратган Аллоҳ таоло ўша қудрати ила чивинни ҳам, ҳатто ундан кичик нарсаларни ҳам яратгандир. Моҳият нарсанинг жисмида эмас, балки ундаги ҳаётдадир. Хўп, ана шу чивин шунчалик арзимас нарса бўлса, унга Аллоҳдан бошқа ким ҳам ҳаёт ёки жон бера олади? Дунёдаги барча кучлар тўпланиб, Аллоҳ яратган бирорта улкан жуссали ҳайвонни ярата олмаганларидек, битта чивинни ҳам ярата олмайдилар. Зарбулмасалдан мақсад кишилар қалбини синаш, уларни имтиҳон қилишдир. Одамлар эса бундай зарбулмасалдан кейин икки хил муносабатда бўладилар:

  1. Иймон келтирганлар зарбулмасалдан ибрат ва ваъз-насиҳат оладилар, Аллоҳнинг қудратига яна бир бор қойил қоладилар. Ҳамда зарбулмасалнинг Роббларидан келганини, унинг ҳақлигини биладилар, иймонлари янада зиёда бўлади.
  2. Куфр келтирганлар эса Аллоҳнинг нуридан, иймондан бебаҳра бўлганликлари учун бу улкан ҳақиқатни англаб-тушуниб етмайдилар. Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик қиладилар.

«Аллоҳ бу мисолдан нимани ирода қилди?» – дерлар».

Беодобларча берилган бу саволга оятнинг ўзида очиқ-ойдин жавоб бор:

«У Зот ўша билан кўпчиликни залолатга кетказар ва кўпчиликни ҳидоятга солар…»

Демак, зарбулмасал – синов: у ҳар кимга ҳар хил таъсир қилади. Эси бор одам ундан фойда олиб, иймони мустаҳкамланади. Ақли шайтоннинг қўлида бўлганлар эса уни масхара қилиб, куфрида яна чуқур кетади. Куфрида чуқур кетадиганлар фосиқлардир. Одатда, «фосиқ» деб гуноҳ ишларни қилган мусулмонларга айтилади. «Фисқ» сўзи уламолар истилоҳида «Гуноҳи кабира қилиб ёки кичик гуноҳларда бардавом бўлиб, Аллоҳнинг амридан чиқишдир». Қуръони Каримда эса мавзуга қараб, кофир ва мунофиқлар ҳам баъзан фосиқ деб аталадилар.

 

(“Тафсири Ҳилол” китобидан)

   Давоми бор...


Киритилган вақти: 21/09/2019 16:45;   Кўрилганлиги: 507
 
Материал манзили: http://www.sammuslim.uz/islam/ayahs/baqara-surasining-26-oyati-tafsiri
Чоп этилган вақт: 20/09/2020 03:51
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг