Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Қуръон оятлари

“Бақара” сурасининг 16-ояти тафсири

 
 

بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

أُولَٰئِكَ الَّذِينَ اشْتَرَوُا الضَّلَالَةَ بِالْهُدَىٰ فَمَا رَبِحَت تِّجَارَتُهُمْ وَمَا كَانُوا مُهْتَدِينَ (16)

  1. Ана ўшалар залолатни ҳидоятга сотиб олганлардир. Бас, тижоратлари фойда келтирмади ҳамда ҳидоят топганлардан бўлмадилар”.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мунофиқларнинг ҳидоятни қўйиб, залолат – адашиш йўлини ихтиёр қилганликларини илоҳий таъбирлар билан баён қилмоқда. Агар улар хоҳласалар, ҳидоят қўлларига теккан эди, ундан фойдаланиб юрсалар бўлар эди. Набий алайҳиссалом бошқалар қатори, уларни ҳам даъват қилган эдилар. Аммо улар ҳидоятни бой бериб, залолатни танладилар. Яъни ҳидоятга залолатни сотиб олдилар. Аммо уларнинг бу “тижорат – савдолари” фойда келтирмади. Шу билан бирга, улар ҳидоятда – тўғри йўлда юрувчилардан бўлмадилар.

Мунофиқлар ҳақида яна кўплаб оятлар келади. Иншааллоҳ, уларни ўз ўрнида ўрганамиз. Ҳозир Набий алайҳиссалом уларни қандай васфлаганлари хусусида бир-икки мисол келтирайлик.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

“Мунофиқнинг белгиси учдир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, сўзида турмайди ва омонатга хиёнат қилади”, – деганлар.

Имом Бухорий Ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

“Тўрт нарса бор, кимда улар бўлса, тўлиқ мунофиқ бўлади. Кимда улардан бир хислат бўлса, уни ташлагунча, нифоқнинг хислатларидан бири у кишида туради. У омонатга хиёнат қилади, ёлғон гапиради, аҳд қилса, алдайди ва тортишса, фожирлик қилади”, – дейилган.

Қатода розияллоҳу анҳу мунофиқнинг васфида:

“У ахлоқи бузуқ, тилидагини дили инкор этади, хилоф амал қилади, эрталаб бир ҳолатда, кечқурун бошқасида, кечқурун бир ҳолатда, эрталаб бошқасида бўлади, шамолда тебранган кема сингари тебраниб туради”, – деганлар.

Имом Молик:

“Набий алайҳиссалом даврларидаги мунофиқ – ҳозирги кундаги зиндиқдир”, – деганлар.

(“Тафсири Ҳилол” китобидан)

   Давоми бор...


Киритилган вақти: 11/09/2019 16:08;   Кўрилганлиги: 1679
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/islam/ayahs/baqara-surasining-16-oyati-tafsiri
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 15:35
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг