Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Қуръон оятлари

Аллоҳ таолонинг бандаси ва набийи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббати

 
 

Оламларнинг Роббисига энг улуғ ҳамдлар ва энг афзал бандаси, ҳабиби ва набийи Муҳаммадга саловот ва саломлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг энг суюкли бандасидир. Бу ҳақиқатни ҳар бир Қуръонни ўқиб унинг ажойиб маъноларини тааммул, тадаббур ва тафаккур қилган одам топади. Бунга жуда ҳам кўп мисоллар келтириш мумкин. Шулар жумласидан Зуҳо сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

بسم الله الرحمن الرحيم

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг исми билан бошлайман.

والضحى

Зуҳо билан қасам. Бундан мурод чошгоҳ вақти ва у қуёш кўтарилаётган пайтдаги кундузнинг бошидир. Зуҳо қасам билан хосланди, чунки бу вақт Аллоҳ Мусо алайҳиссалом билан гаплашган ва сеҳргарлар саждага ташланган соатдир. Ёки бундан мурод тунга муқобил бўлишлиги учун тўлиқ кундуздир.1

والليل إذا سجى

Сокин бўлган (йўки зулматли бўлган) тун билан қасам. Сокин бўлган тун, яъни мурод одамлар ва ундаги овозлар сукунатидир.1 Имом Ал-Қушайрий роҳимаҳуллоҳ ўз тафсирларида: “Бундан мурод Меърож кечаси”, дейишган.2 Имом Ал-Қуртубий роҳимаҳуллоҳ ўз тафсирларида ушбу фикрларни Қатода, Муқотил ва Жаъфар Ас-Содиқ келтирганини зикр қилиб ўтган.3 Ва қасамнинг жавоби:

ما ودعك ربك وما قلى

Роббинг сени тарк қилмади ва ғазаб ҳам қилмади. Яъни эй Муҳаммад, Роббинг сени ихтиёр қилиб, тарк қилмади. Сени яхши кўриб, сенга ғазаб ҳам қилмади. Бу Мушриклар “Роббиси уни ташлаб қўйди”, деганларига раддиядир.4 Ҳафиз Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўз тафсирларида бу сура нозил бўлиши сабаби тўғрисида шундай деганлар:

Имом Аҳмад Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади, у киши дейишди: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам касал бўлдилар ва бир ёки икки кеча турмадилар. Ва бир аёл келиб: “Эй Муҳаммад, шайтонинг сени тарк қилган деб ўйлаяпман”, деди. Сўнг Аллоҳ азза ва жалла “Зуҳога қасам. Сокин бўлган тун билан қасам. Роббинг сени тарк қилмади ва ғазаб ҳам қилмади” оятларини нозил қилди.” Ва яна бир ривоятда: “Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳга кечикди ва мушриклар: “Муҳаммадни Роббиси тарк қилди”, дейишди ва Аллоҳ таоло “Зуҳога қасам. Сокин бўлган тун билан қасам. Роббинг сени тарк қилмади ва ғазаб ҳам қилмади.” оятларини нозил қилди.5

Бу оятларда Аллоҳ таоло ўзининг буюк мўъжизалари тун ва кун билан қасам ичиб, ўз набийи, ҳабиби ва энг суюкли бандасига уни ташлаб қўймаслиги, ғазаб қилмаслиги ва яхши кўриши хабарини бермоқда.

وللآخرة خير لك من الأولى

Ва албатта, охират сен учун бу дунёдан яхшироқ. Ҳафиз Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўз тафсирларида Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоятларини келтиришади, у киши деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўйрада ётиб қолгандилар, ёнбошларига таъсир қилибди, уйғонганларидан сўнг ёнбошларини силаб туриб: “Эй Аллоҳнинг Расули, изн берсангиз, бўйранинг устидан бирор нарса тўшаб берсак”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга нима ва дунёга нима. Мен бу дунёда бир дарахт соясида от миниб кетаётган одамга ўхшайман, тезда ўтиб кетаман, соя эса қолади”, дедилар”.5

ولسوف يعطيك ربك فترضى

Ва албатта, Роббинг сенга ато қилур ва сен рози бўласан. Яъни Роббинг охиратда савоб, шарофат, шафоат ва бундан бошқасини то рози бўлгунингча ато қилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу “Бу умматларига шафоат”, деганлар. Имом Ал-Қуртубий роҳимаҳуллоҳ ўз тафсирларида Имом Муслим Саҳиҳларидаги Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинган ҳадисни зикр қилиб ўтганлар: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг Иброҳим алйҳиссалом тўғрисидаги сўзини: “Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилувчи ва раҳмлисан.” (Иброҳим сураси, 36-оят) ва Исо алайҳиссаломнинг: “Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг.” (Моида сураси, 118-оят) сўзини тиловат қилиб, икки қўлини кўтардилар ва: “Эй Аллоҳ, умматим, умматим”, деб, йиғладилар. Ва Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга: “Муҳаммаднинг олдига боргин ва ундан “Сени нима йиғлатди?” деб сўрагин, ваҳоланки Роббинг билувчироқ”, деди. Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келди, сўради ва У Зотга хабар берди. Сўнг Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга: “Муҳаммаднинг олдига боргин ва унга “Албатта, Аллоҳ таоло сенга: “Албатта, Биз сени умматинг борасида рози қиламиз ва сени хафа қилмаймиз”, деяпти”, дегин”, деди”.3

Бу оятларни ўқиб тааммул қилсак, Аллоҳ таоло ўз набийини жуда яхши кўриши ва икром қилишини кўришимиз мумкин. Бу Қуръондаги бунга ўхшаш кўп мисоллардан бир кўриниш холос. Бизга бу дунёда Китоб, суннат ва ҳикматни ўргатган, бизни поклаган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Бизни ҳамма ўзи билан овора бўладиган, даҳшатли, қўрқинчли, улуғ кунда аҳволимиздан қайғурадиган, шафоат қиладиган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Бизнинг ҳам у кишига муҳаббатимиз шунга лойиқ бўлсин. У киши Аллоҳ таолонинг энг суюкли набийи, биз ҳам, бандалар у зотни яхши кўрайлик, у кишига саловот ва саломларни кўпайтирайлик.

Ер ва осмонларнинг барчасини Робби Аллоҳга энг аъзим ҳамдлар бўлсин. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ!

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Имом Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ан-Насафий. “Тафсийру ан-Насафий ав Мадаарикут танзил ва ҳақоиқут таъвийл”.

2. Имом Абул Қосим Абдулкарим ал-Қушайрий. “Тафсийрул Қушайрий ал-Мусамма Латоифал ишарат”.

3. Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Қуртубий. “Ал-Жаамеъ лиаҳкамил Қуръан”.

4. Шайх Муҳаммад Али ас-Собуний. “Софватут тафасийр”.

5. Шайх Муҳаммад Али ас-Собуний. “Мухтасару тафсийри Ибн Касийр”.

6. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири Ҳилол”.


Киритилган вақти: 28/11/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 34910
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/islam/ayahs/alloh-taoloning-bandasi-va-nabiyi-muhammad-sollallohu-alayhi-va-sallamga-muhabbati
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 01:21
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг