Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Қўшнилар билан яхши бўлиш – тинч-тотувлик гарови

 
 

Ҳар бир жамият аъзоси ҳаётди давомида ўзининг ҳоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда доимий равишда қўшниси билан алоқада бўлиб туради. Кўпинча, жамиятни тинч-осуда бўлишлиги ҳам жамият аъзоларининг ўзаро ва қўшнилари билан бўладига чиройли муомалаларига боғлиқ бўлади.

Шунинг учун ҳам азалдан ота-боболаримиз қўни-қўшнилар билан яхши муомалада бўлиб, тўй-ҳашам, маросим ва ҳашарларда ёнма-ён туриб бир бирларини қўллаб-қувватлаб келишган. Доно халқимизнинг “Ҳовли олма, қушни ол”[1], “Қўшнинг тинч – сен тинч”[2] деган бу мақолларни замирида ҳам пурмаъно, ҳикматлар бор. Агар қўшни яхши бўлса, кўпгина яхшиликларга сабаб бўлади. Бордию аксинча бўлса, кўпгина ёмонликларга сабаб бўлиб, ҳаётдаги тинчлик ва хотиржамлиги йўқолади. Шу сабабли муқаддас динимизда қўшничилик алоқаларига алоҳида эътибор берилиб, уларга яхшилик қилишни ибодат даражасигача кўтарган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда қўшниларга яхшилик қилишга буюриб, шундай марҳамат қилади:

﴿ وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلاَ تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لاَ يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالاً فَخُورًا ﴾

“Аллоҳга ибодат қилингизлар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-оналарга эса яxшилик қилингизлар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам(яxшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”[3].

Ушбу оятнинг тафсири қўшнининг қўшнида учта ҳаққи борлиги айтилади. Улар:

-  агар қўшни қариндош ва мусулмон бўлса, унинг қўшничилик, қариндошчилик ва исломий ҳаққи.

-  агар қўшни мусулмон бўлса, унинг қўшничилик ва исломий ҳаққи

-  агар қўшни бошқа дин вакили бўлса, унинг қўшничилик ҳаққларидир.

Кимлар қўшни деб ҳисобланади деган саволга қуйидаги ҳадиси шариф жавоб бўлади:

عَنِ الْحَسَنِ: أَنَّهُ سُئِلَ عَنِ الْجَارِ فَقَالَ: "أَرْبَعِينَ دَارًا أَمَامَهُ وَأَرْبَعِينَ خَلْفَهُ وَأَرْبَعِينَ عَنْ يَمِينِهِ وَأَرْبَعِينَ عَنْ يَسَارِه"ِ.[4]

Ҳасандан ривоят қилинади: У кишидан қўшни ҳақида сўралганда. У киши: “Олдидан қирқ ҳовли, ортидан қирқта, ўнгидан қирқта, чапидан қирқта”, деди.

Демак, олди томондан, орқа томондан, ўнг томондан ва чап томондан қирқта ҳовли қўшни ҳисобланиб, уларнинг бир-бирида қўшничилик ҳаққи бор экан.

Ислом динида ўта муҳим бўлган амалларни баъзида Жаброил алайҳиссалом орқали Пайғамбар алайҳиссаломга кўп бора таъкидлаб, васият (топшириқ) қилганлар. Шундай амаллардан бири, қўшничилик ҳаққига риоя қилиш бўлиб, бу борада Пайғамбар алайҳис саломдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

عن عائشة رضي الله عنها عن النبي صلى الله عليه و سلم قال: " مَا زَالَ جِبْرِيلُ صلى الله عليه و سلم يُوصِيِني بِالْجَاِرِ حَتَّى ظَنَنْتُ أنَّهُ سَيُوَرِّثُهُ".[5]

Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил алайҳиссалом қўшни ҳаққига риоя қилиш тўғрисида менга шу қадар кўп васият қилдиларки, мен уни ҳатто молимга ҳам меросхўр қилиб қўйсалар керак деб ўйладим”,- дедилар.

Қўшничиликнинг ҳаққини улуғлиги сабабидан Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар алайҳиссаломга қўшнига мудом яхшилик қилишликка, шу қадар кўп васият қилган эканки, ҳатто, Пайғамбар алайҳиссалом васият шундай давом этаверса, тез кунларда кўшни меросхўрлар қаторига кириб қолса керак, - деб ўйлаган эканлар.

Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини қўшнига яхшилик қилишга буюриб шундай марҳамат қилганлар:

عن أبى شريح الخزاعي عن النبي صلى الله عليه و سلم قال:"مَنْ كَاَن يُؤءمِنُ بِاللهِ والْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُحْسِنْ إِلَى جَارِهِ ..."[6].

Абу Шурайх Ҳузоий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:  “Кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймон келтирса, қўшнисига яхшилик қилсин...”,- дедилар.

Демак, кимки Аллоҳ таолога иймон келтирган бўлса, қиёмат кунига ишониб ва у кунда яхшиликлардан умидвор бўлса, энг аввало, қўшнисига яхшилик қилиб, улар билан яхши муомалада бўлиб юриши лозим экан. Яъни, кишини қўшнисига яхшилик қилиб юриши унинг Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймони борлигининг аломати экан.

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ قُلْتُ: "يَا رَسُولَ اللهِ اِنَّ لِي جَارَيْنِ فَإِلَى أَيُّهِمَا أُهْدِى", قَالَ: "إِلَى أَقْرَبِهِمَا مِنْكَ بَابًا"[7].

Ойша розияллоҳу анҳоданривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ! Мени иккита қўшним бор, уларнинг қайси бирига ҳадя берай?” – деб сўрадим. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сенга эшиги яқинроқ бўлганига”, - дедилар.

Демак, эшиги яқин қўшниларни ташлаб ундан кейингиларига ҳадя берилса, ўртада қолган қўшнилар “Бизни ёмон кўрар экан” деган хаёлларга бориши мумкин. Шу сабабли қўшниларга яхшилик қилиш ва ҳадя бериш борасида ҳам адолатли бўлиб, уларнинг ўртасида салбий муносабатлар пайдо бўлмаслиги учун, аввало уларнинг эшиги яқин бўлганидан бошлаш керак экан.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "خَيْرُ الْأَصْحَابِ عِنْدَ اللَّهِ خَيْرُهُمْ لِصَاحِبِهِ وَخَيْرُ الْجِيرَانِ عِنْدَ اللَّهِ خَيْرُهُمْ لِجَارِه"[8] .

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ҳузурида дўстларнинг яхшиси -дўстига яхши (содиқ) бўлганидир. Аллоҳ ҳузурида қўшниларнинг яхшиси - қўшниларга яхши (муомалада) бўлганидир”,- дедилар.

Қўшниларга кўп яхшилик қилиб, улар билан чиройли муомалада бўлган киши, албатта, Аллоҳ таолонинг ҳузурида қўшниларнинг энг яхшиси деб ҳисобланар экан.

Ислом динида нафақат қўшниларга яхшилик қилишга, балки уларнинг ҳолидан бохабар бўлиб туришга ҳам буюрилган. Жумладан, Пайғамбар алайҳис салом ўзи тўқ бўлатуриб, қўшнисини оч қолдирган кишини қоралаб шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ عَلِيٍّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيهِ وَ سَلَّم: "مَا أمَنَ بِي مَنْ أَمْسَى وَهُوَ شَبْعَانُ وَ جَارُهُ جَائٍعٌ"[9].

Муҳаммад ибн Алидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч бўлган ҳолда кунни ўтқазса, менга иймон келтирмаган бўлади”, - дедилар.

Демак, бир киши ўзи тўқ ва хотиржам бўла туриб, қўшнисининг ҳолидан хабардор бўлмаса, яъни қўшниси оч ва ночор бўлса, бу ҳолат у кишининг иймони комил эмаслигига далолат қилар экан. Мўмин киши доимо қўшнисининг ҳолидан хабардор бўлиб, унинг оч ва ночор қолишидан жуда эҳтиёт бўлиши лозим экан.

Агар ҳар бир инсон қўшнисини қайси дин вакили эканлигидан қатъий назар, қўшничилик маданиятига амал қилиб, уларнинг ҳолидан хабардор бўлиб ва улар билан чиройли муомалада бўлса ҳамда уларнинг оч ва юпун қолишига йўл қўймаса, ўша жамият бағрикенглик ва халқлараро тотувлик тамойилларига амал қилган, тинч-тотув ва аҳл жамият бўлади.

[1] Ўзбек халқ мақоллари. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1989. – Б. 566.

[2] Ўша манба. . – Б. 108.

[3]Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Мансуров А. – Т.: Шарқ, 2009. “Нисо” сураси, 36-оят. – Б.84.

[4] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад (араб тилида). – Т.: Мовароуннаҳр, 2013. – Б.33.

[5] Ўша асар. – Б.31.

[6] Ўша асар. – Б.31.

[7] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳу-л-Бухорий. Ж.1.– Қоҳира, 2004. – Б.498.

[8] Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий. Сунану-д-Доримий. Ж.2.  – Байрут. 1407 ҳ. – Б. 284.

[9] Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий. Ал-Бирру ва-с-сила. – Риёз. 1419 ҳ. – 133.

  Йўлдошхон ИСАЕВ - Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи


Киритилган вақти: 09/10/2019 10:29;   Кўрилганлиги: 1258
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/society/qoshnilar-bilan-yaxshi-bolish-tinch-totuvlik-garovi
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 21:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг