Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

ЎЙЛАМАСДАН СЎЙЛАМА!

 
 

Инсониятнинг асосий муомала қуроли тил бўлиб, барча муносабат ва мулоқотлар гаплашиш орқали амалга оширилади. Доно халқимизда тилга эҳтиёткор бўлиш, ҳар бир жумлани  ўйлаб сўйлаш, сўзлашиш маданияти ҳақида жуда кўп ибратли ҳикматлар бор.

Бу борада доналаримиздан қолган 8 қоидани келтирмоқчимиз. Улар: бемаврид гапирмаслик, лутф ила юмшоқлик билан сўзлашиш, юзда самимиятни сақлаш, эшитувчининг дилини оғритмаслик, фақат фойдали гаплар учун оғизни очиш, андиша мувозанатини ушлаш, шошқалоқлик пушаймонлик келтиришни ёдда тутиш ва бошқаларни фикрини ҳурмат қилиш, сўзни бўлмаслик шарт. Ҳуда беҳуда кулиш ҳам тарбиясизлик аломатидир.

    Биз ҳамиша ҳам  бу мезонларга амал қилавермаймиз, оқибатда кишиларни ўзимиздан бездиришга сабабчи бўламиз. Ҳадиси шарифда айтилганидек, “Ўзингга раво кўрмаган ёмон нарсани бировга ҳам тилама”. Бунинг учун бесуяк тилимизга кўринмас, аммо мустаҳкам чегара ўрнатишимиз, ўзгаларга озор берадиган, кўнггилни қолдирадиган, иззат–нафсига тегадиган, ор-номуси, шаънини оёқ ости қиладиган ножўя гапларни сўзламаслик, қалбни найза тиғидан кўра тил ёмон жароҳатлашини англамоғимиз даркор. Чунки бу дунёда ҳаммамиз меҳмон, ғаниматмиз. Бесуяк, бир парча гўштни ҳар томонга йўрғалатиб, арзимас икир-чикир, лаш-лушларини деб Яратган муқаддас санаган ҳазрати инсон шаънини ер билан яксон қилишга ҳаққимиз йўқ.

    Бир-биримизни қадрлаб, меҳр кўрсатиб, амалимизга яраша ажру мукофотлар олиб яшайлик!

   Ғолиб РАСУЛОВ- Тайлоқ тумани “Садақайроғоч” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 21/11/2019 11:23;   Кўрилганлиги: 123
 
Материал манзили: http://www.sammuslim.uz/articles/society/oylamasdan-soylama
Чоп этилган вақт: 16/12/2019 10:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг