Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Саҳобалар ҳаёти

САЛМОН ФОРСИЙ.Ҳақиқат изловчи (4-қисм)

 
 

Хандақ қазишда қаттиқ ишлаган одамлар орасидан Салмон ҳам муносиб ўрин эгаллаган эди. Расулуллоҳ ҳам чўқморни олиб, мусулмонлар билан биргаликда хандақ қаздилар. Бир пайт Салмон қазиётган жойдан катта тош чиқиб қолди. У кучли ва бақувват эди, чўқмори билан бир урса, анча-мунча тошни парчалаб юборишга қодир эди, аммо бу тош қаршисида ожиз қолди. Атрофидаги шерикларини чақириб, ҳар қанча уринишмасин, ҳеч наф бермади. Салмон Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, хандақни бошқа томондан, яъни йўналишини ўзгартириб қазишга рухсат сўради. Пайғамбар Салмон билан бориб, ўша харсангни кўргач, чўқморларини қўлларига олдилар ва тош парчалари тегиб кетмаслиги учун саҳобаларига четроқ туришни буюрдилар. Сўнг Аллоҳнинг номини айтиб, муборак қўллари билан чўқморни тутган ҳолда, жидду жаҳд билан урдилар. Тош ёрилди. Тошнинг ёриқлари орасидан нур чиқиб кетди. Салмон розияллоҳу анҳу бу ҳақда: “Тошдан нур чиққанини кўрдим. Атрофни ёритиб юборди”, - деган эди. Расулуллоҳ такбир айтиб: “Менга форснинг калитлари берилди. Кисронинг шаҳарлари ва Ҳайранинг қасрлари менга қараб нур сочаяпди. Шак-шкбҳа йўқки, умматим улар устидан ғолиб бўлажак”, - дедилар.

Сўнгра чўқморни кўтариб, иккинчи марта тошга зарба бердилар. Яна тош ёриғи орасидан нур чиқиб, ҳамма ёқни ёритиб юборди. Расулуллоҳ яна такбир айтиб: “Менга Рум давлатининг калитлари берилди. Унинг қизил қасрлари мен томон нур сочяпди. Шак-шубҳа йўқки, умматим ўша қасрларнинг тепасида бўлади”, - дедилар. Учинчи марта зарба бердилар. Тош парча-парча бўлиб кетди. Расулуллоҳ билан мусулмолар биргаликда такбиру таҳлиллар айтишди. Кейин эса, Пайғамбаримиз ўз саҳобаларига Сурия, Санъо ва бошқа шаҳарларнинг қасрлари тепасида тез кунда Аллоҳ таолонинг байроғи ҳилпираб туришини кўраётганларини айтиб, башорат бердилар. Мусулмонлар буни эшитиб: “Бу Аллоҳ ва Пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Пайғамбарининг сўзи ростдир”, - дея ҳайқиришди. Хандақ қазиш маслаҳати Салмон Форсийдан чиққан эди. Шу билан бирга, баъзи ғайб сирларининг очилишига сабабчи бўлган харсангтош ҳам унга йўлиқди. Салмон Расулуллоҳнинг тошга урган зарбалари туфайли ундан чиққан нурни кўрди ва айтган башоратларини бирма-бир эшитиб турди. Бу башоратлар кейинчалик рўёбга чиққанига гувоҳ ҳам бўлди. У Рум ва Форс шаҳарларини кўрди. Санъо, Сурия, Миср ва Ироқ қасрларини кўрди. Ер юзининг барча жойларини кезиб, баланд миноралардан яхшилик ва ҳидоят нурларини таратаётган муборак азон овозини ўз қулоғи билан эшитди.   

         Давомини кузатиб боринг

  Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ – ЎМИ Самарқанд вилояти вакили

“Пайғамбар атрофидаги кишилар” китобидан.


Киритилган вақти: 18/11/2019 12:49;   Кўрилганлиги: 134
 
Материал манзили: http://www.sammuslim.uz/articles/sahaba/salmon-forsiyhaqiqat-izlovchi-4-qism
Чоп этилган вақт: 16/12/2019 09:27
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг