Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

Яхшиликни яқинлардан бошлаш

 
 

Дарҳақиқат, динимиз таълимотида ҳамма масалалар ҳақида очиқ ойдин баён қилинган. Жумладан яхшиликнинг фазилати ва зарарлари ҳам баён қилинган бўлиб, ислом динида яхшиликни аввал ўз яқинларингдан бошланглар деб буюрилгандир. Яқинларга қилинадиган яхшилик эса шаръий истилоҳда силаи раҳм дейилади. “Силаи раҳм” ибораси арабча сўз бўлиб, у қавму қариндошлик ришталарини маҳкам боғлаш маъносида тушунилади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда силаи раҳм ҳақида шундай марҳамат қилади: “Эй одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Раббиларингдан қўрқинглар! Шунингдек, ўрталарингдаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир” (Нисо сураси, 1-оят).

Ушбу ояти каримадан ҳам маълум бўладики, киши ҳаёти мобайнида инсонларни бир ота ва онадан тарқатган Парвардигоридан қўрқиши ва инсонлар билан кундалик муносабатларда ҳамда қариндошлик муносабатларида ҳам Аллоҳдан қўрқиши буюрилмоқда.

Зеро Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида: “Қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндошнинг ҳолидан хабар олишдир” (Бухорий ва Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Ушбу ҳадисда силаи раҳмни узиш нақадар оғир бир мусибат экани, бундай қилиш ҳатто банданинг бошқа амаллари қабул бўлмай қолишига ҳам сабаб бўлишини тушуниб етмоғимиз ва қариндошлик ҳақлари фақатгина борди-келдиларнинг такрорланиши билан чегараланиб қолмасдан, балки хурсандчилик кунларида хурсандчилигига шерик бўлиш ҳамда синовли кунларида ёнида далда бўлиш моддий ва маънавий ёрдам беришликни ҳам тақозо этиши баён қилинмоқда. Силаи раҳм ҳақида Имом Нававий шундай таъриф келтирган: “Силаи раҳм, инсоннинг имкониятларидан ва муҳтожнинг ҳолатидан келиб чиқиб, бири иккинчисига эҳсон-ёрдам қилишидир. Бундай ёрдам хизмат қилиш, зиёрат этиш каби моддий ва маънавий кўринишларда бўлиши мумкин”.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳобалар қариндошларидан шикоят қилишганида, у зот: “Улар ёмонлик қилишса ҳам, сизлар яхшилик қилаверинглар”, деб буюрганлар.ушбу ҳадисда нафақат қариндошларга яхшилик қилиш, балки улардан бирон бир зиён зарар етадиган бўлса сабр қилишлик ҳам силаи раҳм эканлиги маълум бўлади. Демак, юқоридаги оят ҳадисларни ўқиб ўрганиб чиройли бир хулоса қилишимиз ва кундалик ҳаётимизда яқинларимизга яхшилик қилишда шариатимиз кўрсатмаларига қай даражада риоя қилаётганимизни таҳлил қилишимиз лозим. Омонат дунёда ғанимат умримизни сарҳисоб қилишимиз ва албатта яқинларимизга яхшилик қилишимизда Аллоҳнинг розилигини ният қилишимиз муҳимдир.

Р. Равшанов - Нуробод туман бош имоми


Киритилган вақти: 13/06/2020 11:25;   Кўрилганлиги: 1688
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/family/yaxshilikni-yaqinlardan-boshlash
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 15:44
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг