Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

Отага ҳурмат

 
 

ОТА!!! Ўзбек оиласида отанинг ўзига хос ўрни бор. У оиланинг сарбонидир. Отанинг оиладаги ўрнини ўлчайдиган тошу-тарози йўқ. Оилада отанинг обрў-эътибори қадрланади, фарзандлар отага суянади, эргашади, ишонади ва фахрланади.

Фақат оталаргина болаларини ҳаётдаги барча оғирликларни ақл-идрок, сабр-чидам, ғайрат ва ирода билан енгиб ўтишга ўргата олади. Ота иродаси фарзандларни қийинчилик, мушкул ишлар олдида иккиланмасликка, уни енгиб ўтишга ўргатади.

Оталик туйғуси - инсон қалбидаги иймонлиликнинг намоён бўлишидир. Фарзанд кўриш осон, лекин унга ҳақиқий ота, маънавий раҳнамо бўлиш ҳамманинг қўлидан келавермайди.

Фарзандни дунёга келтириш оталик, эркаклик бурчининг фақат бир томонидир. Унинг энг асосий вазифаси эса фарзандини яхши тарбиялаб, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини эгаллашини таъминлашдир. Фарзандларга отанинг панд -насиҳатлари эмас, балки қилган ишлари, юриш - туришлари ҳам ибратлидир.

Отанинг яна бир муҳим бурчи - фарзандларини меҳр- муҳаббат билан тарбиялашидир. Ҳаётда қиз отанинг, ота қизнинг таянчидир. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида шундай марҳамат киладилар: “Кимнинг учта қизи бўлса ёки учта синглиси бўлса ёхуд икки қизи ёки икки синглиси бўлса, у уларнинг суҳбатини яхши қилган бўлса ва уларнинг ҳақида Аллоҳга тақво қилган бўлса, унга жаннат берилур” (Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган). Минг афсуслар бўлсинки, ҳаётда қиз фарзандни кўп хуш кўрмайдиган оталар ҳам учраб туради. Ваҳоланки, бундай ҳолатлар Аллоҳ таолонинг берган неъматларига ношукрлик ҳисобланади. Зеро, ношукрлик мусулмон кишига хос ишлардан эмас.

Энди азизлар фарзандларнинг ота оналарига қилаётган муомалалари ҳақида ҳам бироз тўхталиб ўтсак. Ислом динида ота онанинг ёши ўтиб, қўли бир ишга бормай қолгандан сўнг фарзандлар ота оналарининг хизматларида доим тайёр бўлишлари буюрилган. Афсуски, ҳозирги кунда “Қариялар уйи”га бир бориб кўрайлик!!!...... У жойдаги кўзларида умид учқунлари чақнаб турган кекса отахону онахонларни кўриб кўзингизга ёш келади. Уларнинг орасида фарзандларини, невараларини соғиниб, бир кўришга зор бўлиб кутаётганлари жуда ҳам кўп.

Мана шундай меҳрсиз, номард фарзандлар ҳам йўқ эмас. Шу ўринда Пайғамбаримиз ҳузурларида бўлиб ўтган бир воқеани ёдга олсак: Бир йигит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига отасининг жуда ҳам қариб қолганлигини, уйдаги нарсаларнинг ҳаммасини сотиб юборганлигини, ақлдан озиб, бебош, инжиқ бўлиб қолганлигини айтиб шикоят қилиб келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигитнинг отасини ҳузурларига чақирдилар ва “Ўғлингиз айтган гаплар тўғрими?”, деб сўради. Шунда у киши “Ҳа тўғри, мен фарзандимни ўзим тарбия қилдим, емай едирдим, онаси эрта вафот этган эди, ўзим  ёлғиз тарбия қилганман, қариганимда менга меҳрибон бўлади дегандим. Афсус, ўғлим мендан хабар ҳам олмайди, овқат ҳам бермайди. Шунинг учун уйда қўлимга нима илинса бозорга сотиб, қорнимн туйдираман, Ё Расулуллоҳ, шу ишим тўғрими ёки дуруст эмасми?”- деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у йигитнинг елкасидан маҳкам тутиб “Сенинг бор топган мол мулкинг отангникидир, ҳатто ўзинг ҳам. Агар топган мулкинг отангга етмаса сени қул қилиб сотиб юборишга ҳам отангнинг ҳаққи бор, сен ўзим топган мол-мулкка ўзим моликман, отамнинг ҳаққи йўқ деб ўйлама” - дедилар. Шундай экан азизлар, ота-оналаримизнинг қадрига етайлик. Ота онага зор бўлиб юрганлар қанча. Аллоҳ таоло барчамизга инсофу тавфиқ берсин ҳамда барчамизни ота оналарини рози қиладиган бандалардан қилсин!

ИСРОИЛ АМИРИЛЛАЕВ – Пахтачи туман бош имом-хатиби, "Хўжа Зиёвуддин" жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 09/12/2019 15:43;   Кўрилганлиги: 1788
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/family/otaga-hurmat
Чоп этилган вақт: 25/04/2024 10:48
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг