Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

АЁЛ ЭРИГА АЙТМАСДАН КЎЧАГА ЧИҚСА…

 
 

Бир оилада рўзғорини бутлаш учун ишга чиққан эрнинг йўқлигидан фойдаланган аёл икки боласи билан эридан берухсат тез-тез онасиникига кетиб қоладиган одат чиқаради. Эр қайта-қайта насиҳат қилиб, танбеҳ берсада фойда бўлмасди. Ҳатто айби учун кечирим сўрашни ўзига эп деб билмаган аёл “меҳрибон” яқинларининг гапига учиб, турли баҳоналар билан эрининг мол-мулкини ундириш пайида бўларди. Натижада...

Тўғри, динимизда аёлга нисбатан чиройли муомала қилиш, озиқ-овқат ва кийим-бош кабилар билан таъминлаш эр зиммасидаги мажбурият саналади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: "...Улар (аёллар) билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин (Нисо сураси, 19-оят).

Бу илоҳий буйруқда эрнинг хотинига яхши муомалада бўлиши, аёли табиатидаги айрим ноқисликларга сабр қилиши, баъзи хатоларига эса кўз юмиши лозимлиги айтиляпти. Бироқ, динимизда аёллар зиммасига ҳам эрига итоатли бўлиши, унинг розилиги билан кўчага чиқиши, инжиқлик қилмаслиги сингари мажбуриятлар юкланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга қарата: “Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб, бўлар бўлмасга уйларингиздан ташқарига чиқаверманглар,..)”деган (Аҳзоб сураси, 33-оят).

Ҳадисларда аёл эр рухсатисиз уйдан чиқмаслиги зикр этилган. Бироқ бу - умуман кўчага чиқиши мумкин эмаслигини англатмайди. Айтмасдан кўчага чиқиб кетавериш мумкин эмаслигини эслатади. Умуман олганда оиланинг асоси бўлган эр ва хотин ўзаро ҳақларига, бурч ва вазифаларига риоя қилиб яшасалар ана шунда мустаҳкам оила қўрғони барпо бўлади ва бу қўрғонни ҳа деганда бузувчи топилмайди. Оилаларимиз тинч-тотув ва бахтли-саодатли бўлсинлар.   

Ботирали РИЗАЕВ, Самарқанд шаҳар “Панжоб жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 28/10/2019 12:14;   Кўрилганлиги: 155
 
Материал манзили: http://www.sammuslim.uz/articles/family/ayol-eriga-aytmasdan-kochaga-chiqsa
Чоп этилган вақт: 15/11/2019 08:05
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг