Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

“Энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир”

 
 

Ҳар қандай бино чидамли, узоқ йиллар хизмат қилиши учун унинг асоси- пойдевори мустаҳкам бўлиши лозим. Кейинги уч йил мамлкатимизнинг “муҳташам биноси” қурилиши учун асос вазифасини бажарди десак муболаға бўлмайди. Энди навбат иморатнинг деворларини қуриш.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномани тақдим этди. Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган йиғилишда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек, ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар, ОАВ вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирок этди. Ушбу мурожаатнома Ўзбекистон тараққиётининг навбатдаги босқичи бошлангани ва мурожаатнома кўрсатилган фикрлар бу борада дастурул амал бўлади деб ўйлайман.

Шиддат билан ривожланаётган бугунги давр инсонга моддий эҳтиёжларини қондиришдек бирламчи эҳтиёжлар қаторига сув ва ҳаводек зарур — илмни ҳам қўшдики, шу туфайли у ўзлигини англаб, тараққиёт сари дадил қадам қўймоқда. Муҳаддислар султони, дунё имоми – Имом Бухорий ҳазратларининг “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деб айтган сўзлари айнан бугун учун, барча даврлар учун сўзлангандек, гўё. Шу ҳақиқатга асосланган ҳолда муҳтарам Президентимиз томонидан 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодни ривожлантириш йили” деб ном берилиши таклиф қилинди.

“Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, Энг катта мерос – бу яхши тарбия, Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!”. Шу сабабли, ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш, узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак. Тараққиётга эришиш учун, рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт”, - деди Ш.Мирзиёев.

Албатта рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан бирга, энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам самарали воситадир.

Шунингдек, Ш.Мирзиёев мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий истиқболини юксалтиришда амалга ошириладиган ишлар, йўл қўйилган хатолар ҳақида тўхталиб ўтди. Жумладан, давлатимиз раҳбари ўтган 2019 йилда “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган сайловлар натижасида мамлакатимизда демократ вазият вужудга келганини алоҳида таъкидлаб, шундай деди:

“Барча депутат ва сенаторларга, уларнинг тимсолида бутун Ўзбекиcтон халқига мурожаат қилиб айтмоқчиман, демократик ислоҳотлар йўли биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир.

Биз янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда барпо этамиз, деган улуғвор мақсадни ўз олдимизга қўйганмиз”.

         Мурожаатномада Президентимиз мактабгача таълим, мактаб, ўрта махсус ва олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳақида тўхталар экан шундай деди:

“Боғчадан бошлаб таълимнинг барча бўғинларида таълим сифатини ошириш даркор. Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг савиясини ошириш лозим. Зеро, бизга илм-маърифат ва юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва, албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.

Шарқ донишмандлари айтганидек, энг катта бойлик – бу ақл-заковат, илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир”.

Мамлкатмизда ёшлар, хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, кекса ёшлиларнинг қўллаб-қувватлаш  иқтисод йўналиши бўйича аниқ таклифлар киритди.

Шунингдек, муҳтарам Юртбошимиз диний-маърифий соҳа ҳақида тўхталиб,   Мамлакатимизда “Жаҳолатга қарши – маърифат”, деган эзгу ғоя асосида Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолади.
Жорий йилда ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, калом илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг давомчиси Абу Муин Насафий ҳаёти ва илмий меросига бағишланган ҳамда диний бағрикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади.
Имом Бухорий бобомизнинг Самарқанддаги ёдгорлик мажмуасини бу мўътабар зотнинг мусулмон дунёсидаги улуғ мақомига мос равишда, мутақо янги лойиҳа асосида қайта барпо этиш ишларини ҳам бошлаймиз.   Шунингдек, буюк аллома Баҳоуддин Нақшбанд бобомизнинг 700 йиллик таваллуд айёмининг юқори савияда ўтказишимиз керак. Сизларга маълумки, кейинги йилларда олиб борилаётган инсонпарвар сиёсат туфайли тўғри йўлдан адашган, билиб-билмай хатога йўл қўйган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда ҳам диний экстремистик йўлга кириб қолган чин дилдан пушаймон бўлган шахсларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, уларни жамиятга мослаштириш бўйича ишлар давом эттирилади.

Жаҳонда шиддат билан ўзгараётган нотинч ва мураккаб вазият, турли можаролар жонажон Ватанимиз хавфсизлигини ва эл-юртимиз осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда мавжуд хатарларга муносиб жавоб беришда доим тайёр туришимизни тақозо этмоқда, деб таъкидлади ўз Мурожаатномасида.

Юрт истиқболи, халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотларда барчамиз бирдек фаол бўлишимиз, ўз билим ва тажрибмиз билан иштирок этишимиз юртимизга садоқат ва фидойилигимизни исботлайди.

Зайниддин Эшонқулов ЎМИ – Самарқанд вилоят вакили


Киритилган вақти: 24/01/2020 16:07;   Кўрилганлиги: 1214
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/eng-katta-qashshoqlik-bu-bilimsizlikdir
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 13:02
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг