Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Ижтимоий-ахлоқий тарбияда ҳадисларнинг аҳамияти

 
 

Аллоҳ таолонинг инсониятга ато этган энг буюк инъоми, бу Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юбориш билан башариятни жаҳолатдан маърифатга, залолатдан ҳидоят сари олиб борадиган йўлларни очиқ ва равшан кўрсатиб берганлигидир. Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам инсоний фазилатлар борасида инсоният учун юксак бир намунани тақдим қилдилар. У зотнинг сийратлари, хулқлари асрлар оша аҳли иймонга ўрнак ва дастурул амал бўлиб келмоқда. Ҳатто, Яратган зот Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни Ўзининг энг маҳбуб бандаси ва улуғ хулқ соҳиби эканликларини бизларга маълум қилиб: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам, 4) дея у зот барокоти, ахлоқи тарбиялари билан бутун инсоният учун намуна бўладиган даражада эканлигини билдирди.

Оқил инсон ҳаёти давомида солиҳ кишиларнинг энг гўзал фазилати, жиҳатларидан ўрнак олиб яшайди. Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сўзлари, у зотнинг турмуш тарзлари, ҳаётлари, у кишининг одоб-ахлоқлари ва барча яхши сифатлари барча учун умримиз давомида уни дастурул амал қилиб олишга  арзигулик буюк бир намуна мактабидир. Бу умматнинг камолоти учун у зотнинг гапирган сўзлари, айтган панд-насиҳатлари ҳаёт тарзи тўғрисидаги маълумотлар ҳақида муҳаддис алломаларимиз томонидан том-том китоблар битилди. 

Ислом динида Қуръон каримдан кейинги мўътабар манба саналган Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифларида ота-онага ҳурмат, Ватанга садоқат, меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат, эҳсон, сабр-тоқат, камтарлик, вафо-садоқат, поклик каби инсонга хос ахлоқий фазилатлар билан бирга, инсоннинг ижтимоий камол топиши, атрофидагилар билан  хушмуомала бўлиш, бутун борлиқ – табиатга меҳр-шафқатли бўлиш тарғиб қилинган. Шу сабабдан ҳам Марказий Осиё халқлари Қуръон карим ва ҳадисларни маънавий баркамол комил инсонни тарбияловчи муҳим манба сифатида қарайди. Шунинг учун ҳам оила, мадраса ва дорилфунунларда уларни ўқиб-ўрганиш ва ёд олишга этибор бериб келинган.

Ҳадислар мусулмонларнинг қимматли маънавий қадрияти ҳисобланиб, улар асрлар давомида ёшларнинг онгини маънавий жиҳатдан такомиллаштиришда, ота-оналарнинг тарбия усулида, масжид, мадраса ва мактабларда таянч қўлланма сифатида хизмат қилиб келган. Ҳадисларни ўз ҳаётига татбиқ этиш орқали ҳар бир мусулмон кишида шахсий (ота-она, оила, қариндош уруғ, фарзанд олдидаги масъулият) бурчи ва ижтимоий (халқи, жамоаси олдидаги жавобгарлик ҳисси, Ватаннинг гуллаб яшнашида, халқ манфаатлари учун ҳалол меҳнат қилиш) бурчларининг мутаносиблиги асосида шаклланган маънавий-маданиятининг юксак намунасини кўриш мумкин.

 Ҳадислар “савоб” моҳиятини очиб берувчи ота-она ва кексаларга ҳурмат, ҳамкорлик, дўстлик, илмсеварлик, инсонпарварлик, аёлларни қадрлаш, саховат, ростгўйлик, иффат, раҳм-шафқат, эътиқод, меҳр-оқибат, покизалик, тадбиркорлик, ҳалимлик, сабр-қаноат, ишонч, ҳиммат, хушхулқлик, мулойимлик, тўғрилик, вафодорлик, тежамкорлик, аҳдга садоқат, ҳаё каби фазилатлар инсон маънавий тараққиётини белгилаб берувчи маънавий-ахлоқий омиллар тарзида намоён бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳадис нафақат мусулмонларнинг ахлоқи ва маънавиятини юксалтиришда балки Қуръони каримдан кейин турадиган асосий манба ҳам ҳисобланади. Дин уламолари учун Қуръон каримдаги баъзи кўплаб оятлар маъноларини аниқлаштиришда ва оятларда келтирилган воқеа, ҳодисаларни тушунтиришда шарҳ, тафсир вазифасини ҳам ўтайди.

Шунингдек, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: “Имон дарахт янғлиқ олтмишдан ортиқ шохга эгадир. Аллоҳ ва бандаларидан уялиб гуноҳ қилмаслик ўша шохларнинг биттасидир,”[1]– деб имон бир неча инсоний фазилатлар мажмуаси эканлигини баён қиладилар. Демак, инсонда мужассам бўлган инсоний фазилатлар ва у томонидан амалга оширилаётган хайрли ва савобли ишларнинг аксари имон билан боғлиқ экан. Ушбу фазилатларнинг энг аълосидан бири ундаги ҳаё сифати алоҳида аҳамиятга моликдир. Чунки, инсонни ҳайвондан ажратиб турувчи энг олий сифат ундаги шарм-ҳаё бўлади.

Шунингдек, саҳобаи киромлардан ҳам Ватан туйғуси ҳақида ибратли фикрлар ривоят қилинган. Жумладан ҳазрати Умар “Ватанни севиш бўлмаганда ёмон юртлар (яшашга ноқулай) хароб бўлур эди”, Ҳазрати Алидан эса “Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлади”, деган каби ҳикматлар етиб келган. Юқоридаги келтирилган оят-ҳадисларни Исломда шаръий-нақлий далиллар дейилади. Тор маҳаллийчилик, ёки миллатчиликни, ақлга ҳам нақлга ҳам мувофиқ келадиган ватанпарварлик билан чалкаштириб юбориб, иккинчисини исломга зид деб даъво қилиш жаҳолатдан дарак беради. Юқоридаги оят-ҳадислар эса ватанпарварлик, ватан ҳисси исломга бегона тушунчалар эмаслигини кўрсатади.

Шу ўринда “Ҳуббу-л-ватани мина-л-иймон” (Ватанни севиш – иймондандир) ибораси ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни ўринли деб билдик. Бу ибора (ёки шартли равишда ҳадис) ҳақида Ибн Ҳажар ва Муборакфурий каби ҳадис алломалари “келиб чиқиши номаълум, лекин маъноси дуруст” дейдилар. Яъни “ҳадис” номини кўтариши учун керакли талабларга жавоб бермаса-да унинг маъно-мазмуни шариат мезонига зид эмаслигини айтмоқчи  бўладилар.

Ҳадисларда улуғланувчи инсоний фазилатлар билан бир қаторда, инсонларга макруҳ қилинган, таъқиқланган ва исломда қораланувчи иллатлар ҳақида ҳам гапирилади. Шундай ҳадислардан бири  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бадгумон бўлманглар, тирноқ остидан кир қидирманглар, гап пойламанглар, бир-бирингизга ҳасад қилманглар, бир-бирингиздан аразламанглар ва нафратланманглар. Ака-ука тутиниб, Оллоҳнинг солиҳ бандалари бўлинглар! Мусулмон одам ўз биродари билан диндоши билан уч кундан ортиқ аразлашмасин!” – дейдилар”[2].

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жамиятни бадбахтликка элтувчи иллатлар; бадгумонлик, бировни айбини қидириш, гап пойлаш, гап ташиш, ҳасад, араз ва нафратдан сақланишга ҳамда ўзаро биродар, ака-ука бўлиб умргузаронлик қилишга буюрдилар. Агар, инсон зоти Пайғамбаримизнинг ушбу кўрсатмаларига амал қилиб яшаса, ер юзида  ундай жамиятдан гўзал жамият бўлмайди.

Маълумки, Исломда мунофиқлик, яъни ичи бошқа усти бошқаликдан қаттиқ қораланган. Мадинада мунофиқлар бир у тарафга бир бу тарафга ўтиб,  Расулуллоҳ ва мусулмонларга қаттиқ зарар етказишган.  Тилда иймон келтириб дилларида куфр ва адоватни сақлаган ҳолда мусулмонларга муомала қилганлар. Хозирги кунда ўзбек халқи учун Ватан мустақиллиги ва унга дахлдор неъматларга садоқат  Расулуллоҳ даврларидаги ислом неъматларига садоқат каби ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунинг учун Расулуллоҳ замонларида мунофиқлар кофирлардан кўра муаммолироқ бўлишган бўлса, ундан кейинги ҳамма даврларда саботсиз, бебурд, лоқайд одамлар билан муомала қилиш жамият учун турли қийинчиликлар ва муаммолар туғдирган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида Ватанга, дин-диёнатга садоқат нималигини билмаган мунофиқ кимсалар қаттиқ қораланади. Мунофиклик холислик ва самимийлик пардаси билан пардаланганлиги ҳамда уни очиқ кўриш имконияти бўлмаганлиги учун Расулуллоҳ бир ҳадиси шарифларида унинг белгиларини, далолат ва аломатларидан муҳимларини зикр килиб ўтдилар: “Мунофиқнинг аломати учта: сўзласа, ёлғон сўзлайди, ваъда берса ваъдасига вафо қилмайди, омонат берилса унга хиёнат қилади.” [3]

 Бироз фикр юритсак маълум бўладики юкоридаги уч иллат қасддан содир этилса, кишининг ўша ҳолатда ички бошқа ташқи бошқа бўлганлигини билдиради. Агар бу икки-уч бор қайтарилса демак, бу иллатлар ўша одамнинг феъл-атворига айланиб бўлганлигини кўрсатади. Мунофиқлик иллати Расулуллоҳ даврларидаги айнан мунофиқларнинг белгиси сифатида тушунишни келтириб чиқарди. “Дейлик фалон иш мушрикларнинг иши” дейилса, у ишдан қанчалар ҳазар қилсак,  юкоридаги иллатларни содир этиб мунофиқ бўлиб колишдан ёки мунофиққа ўхшаб қолишдан шунчалар сақланишимиз керак .

Қуръони каримда: “Мунофиқлар дўзахнинг энг тубида, энг қаърида бўладилар” дейилганига қараганда мунофиқликнинг жазоси мушрик бўлишдан хам оғиррок. Шунинг учун тафсирларда дўзахнинг табақалари ҳакида гапирилганда унинг энг тубида, яъни азоби энг оғир қисмида мунофиқлар бўлишини айтганлар. Юқорида келтирилган холислик тушунчаси орқали ёшларимизни барча муносабатларда айникса миллат ва мамлакатга бўлган муносабатларида садоқатли, холис ва содиқ бўлишга даъват этиш мумкин. Маълумки ҳар қандай улуғ ғояни амалга ошириш учун одамлар тарафидан ўша ғояга ишонч, садоқат, холислик жуда муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Шунингдек, ёлғончилик сифати ҳам ҳадисларда қаттиқ қораланиб, “Ёлғончилар менинг умматим эмас” дейилади. Жумладан, ота-онага оқ бўлиш, қўшничилик ҳақларини бажармаслик, Ватан ҳимоясида душманга орқа ўгириш, ҳаёсизлик, ахлоқсизлик каби иллатлар қаттиқ қораланган.

Пағамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари одоб-ахлоқ ва маърифатга асослангани учун ҳам ҳар бир шахсни ақлий, жисмоний, ахлоқий жиҳатдан камолга етказишга оид эътиқод ва имондан иборат бўлиб, фақат эзкуликка хизмат қилади. Диний қадриятларимиз олижаноб бўлиш, покиза юриш ва бир бурда луқмани ҳалол қилиб ейиш, жаҳолат ва жаҳолатпарастликка йўл қўймаслик, ўз биродарининг, қариндош-уруғларининг, миллатининг ва Ватанининг қадриятларини асрашдан иборатдир.

[1] Имом Бухорий Муҳаммад ибн Исмоил. “Саҳиҳи Бухорий”, “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси”, Т.: 2008.  –Б 15.

[2] Имом Бухорий Муҳаммад ибн Исмоил. “Саҳиҳи Бухорий”, “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси”, Т.: 2008. –Б 101.

[3] Имом Бухорий Муҳаммад ибн Исмоил. “Саҳиҳи Бухорий”, “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси”, Т.: 2008. –Б 15.

Нодир Қобилов, Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,

Пайариқ туман “Соғиш ота” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 14/10/2019 15:59;   Кўрилганлиги: 1365
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/eductaion/ijtimoiy-axloqiy-tarbiyada-hadislarning-ahamiyati
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 10:31
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг