Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА ОНАНИНГ ЎРНИ

 
 

Муқаддас ислом динимизда фарзанд - инсон ҳаётининг мазмуни, насл - насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам силсиласидир. Яхши, солиҳ фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбандидир. Оила ва солиҳ фарзандлар кўришни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак.

Фарзанднинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан онасига боғлиқ бўлади. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, она тарбиясини олган, унинг ғамхурлиги, шафқатини ҳар қадамда ҳис этиб турган болалар бутунлай ўзларини жамоат ишларига бахшида қилиб, соғлом, ақлли, тарбияли ва кўнгилчанг бўлиб улғайишар экан.

Фарзанд тарбиясида онанинг муҳим вазифаси фарзандларига меҳрибонлик кўрсатиб, уларни турли азият берадиган нарсалардан муҳофаза қилган ҳолда вақтида озиқлантириб, ювиб-тараб, тоза кийинтириб, шамоллаб қолишига йўл қуймай, уни парвариш қилишга дангасалик қилмай доимо ҳушёр ва ундан хабардор бўлиши лозим. Оила даврасида қиладиган онанинг ҳар бир ҳаракати, оғзидан чиқадиган ҳар бир сўзи, фарзандининг тарбиясига ва унинг шакланишига ижобий ёки салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳар бир ҳаракатидан ўзига нусха олиб, ҳали шаклланмаган сўз захирасига онанинг сўз бойлигидан андоза олади. Авваламбор, оиланинг тинч-тотув, оила аъзоларининг бир бирларига меҳр-оқибатли бўлишлари фарзанд тарбиясида муҳим ва муносиб ўрин эгаллайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримида:

"Фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир" - деб, фарзандларни дунё ва охират саодати, зийнати қилиб қўйган. Уларни гўзал хулқли, одоб-ахлоқли қилиб тарбиялашда, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқини намуна қилиб олишимиз зарур. Расулуллоҳ (с.а.в.) ни Ўз каломи шарифида қуйидагича таърифлаган:

(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Ҳақиқатда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди. Уни ҳаёттимизнинг ҳамма жабҳаларида намуна қилиб олсак, ҳаётда ўз ўрнимизни топамиз. Бундан ташқари, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни айнан хулқ жиҳатидан ҳам гўзал ўрнак эканликларини мақтаб:

 “Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз”, - деб марҳамат қилган (Қалам сураси 4-оят). 

Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадисларида:

"Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришдан яхшироқдир" - деб марҳамат қилган (Имом Термизий ривояти).

Боланинг табиати, хулқ-атвори оиладаги муҳитга боғлиқ. Албатта, яхши фарзандлар ўз-ўзидан вояга етмайди, балки оилада ота-она назоратида тарбияланиб улғаяди. Улуғларимиз томонидан фарзандни ҳар томонлама баркамол вояга етиши учун бир-неча тавсиялар берилган. У “Ислом, Илм, диёнат, қаноат, интизом, виждон ва ватанпарварлик, адолат, иффат, сабр ҳамда тўғрисўзлик” каби тавсиялардан иборат бўлиб, ёшлар одоб-ахлоқ соҳиби бўлиб шакланишида муҳум ўрин тутади.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига, улуғларимизнинг берган тавсияларига амал қилган ҳолда, айниқса шу кунларда таълим муассасаларида ўқишни тугатиб, ёзги таътилга чиқиш арафасида турган фарзандларимизга эътиборли бўлишимиз лозим. Уларнинг мароқли дам олишларига қулай шароитлар яратиб бериб, фарзандлармизни кўча куйда беҳуда тентираб бўлмағур, ножуя хатти-ҳаракатлар қилишидан уларни сақлаб, гўзал хулқ эгаси бўлишига чақирайлик. Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси борасида оилада онанинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Фарзандга меҳр деган улуғ туйғуни онадан бошқа ҳеч ким бера олмайди.

А.Раҳматова – Самарқанд туман бош отинойиси


Киритилган вақти: 18/05/2020 16:48;   Кўрилганлиги: 1606
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/eductaion/farzand-tarbiyasida-onaning-orni
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 10:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг