Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ МАСЪУЛИЯТИ

 
 

             Фарзанд Аллоҳ таолонинг бандаларига берган улкан неъматларидан биридир, бу неъматни шукрини адо қилиш ҳар биримизнинг зиммамиздаги энг асосий бурчларимиздан бири ҳисобланади. Уни  асраб–авайлаб, чиройли тарбиялаб камолга етказиш эса бу неъматнинг олий шукронасидир.

Таниқли адиб Абдулла Алвоний: “Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамотдир...”, деган экан. Аслида ҳам шундай, чунки фарзандни яхши тарбия топиб вояга етиши оила ва жамиятда эътиборга молик муҳим нарсалардан бири ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота – она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”,- деб айтганлар. Чунки эътиқоди ва дунёқараши соғлом фарзанд ота-она хизматини қилиб, ватанига садоқатли, комил инсон бўлиб вояга етади. Фарзанднинг яхши, комил инсон бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топишида тарбия билан биргаликда илмнинг хизмати беқиёсдир. Зеро, чиройли тарбия билан зийнатланган илмли инсон юртимиз равнақи ва келажаги ҳисобланади. Инсоннинг ўсиб, камолга етишида илмнинг зарурлигини қисқа сатрларда таърифлаб бериш қийин, албатта. Бу тўғрида доно халқимизнинг ажойиб бир ҳикматли сўзи бор; “Фарзанд азиз, тарбияси эса унданда азиз (халқ мақоли)”. Халқимизда одоб-ахлоқ ва тарбияга  бу қадар эътибор берилиши бежиз эмас, чунки инсон илми билан ета олмаган чўққиларни чиройли одоб-ахлоқи билан забт этади.

Аллоҳ таоло илмли бандаларининг даражасини баланд қилиб, олимларнинг фазилати ҳақида: “....Айтинг: “биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”...”, - дейди[1]. Илмнинг инсон ҳаётида нечоғлик катта ўрин тутиши мазкур оятдан ҳам маълум бўлади, чунки ҳар бир миллатнинг салоҳияти, куч-қудрати ва келажаги унинг олимлари билан белгиланади, жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом бу ҳақда: “Бешикдан қабргача илм изланг”, “Илм олиш ҳар бир эркагу аёл муъмин-мусулмонга фарздир”, деб бизларни илм сари  интилишимизга буюрадилар, ҳатто “Бир кунлик илм талабида бўлиш олтмиш кунлик нафл ибодатдан афзал” деб илмнинг фазилатини баён қиладилар.

  Фарзанларимизга чиройли тарбия бериб, ҳунар ўргатиб руҳан кучли ва эътиқоди соғлом ҳолда вояга етказиш билан бирга уларни жисмонан бақувват қилиб вояга етказиш ҳам ота-онанинг бурчларидандир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом ҳам: “Фарзанларингизга сувда сузишни, камонда отишни, найза улоқтиришни ва отда чопишни ўргатинглар”,-дейдилар. Дарҳақиқат, ҳар бир йигит-қиз замоннинг талабидаги илмларни мукаммал эгалламоғи лозим.

 Азиз замандош фарзанд тарбияси келажагимизни таъминлашдир. Яхши тарбия – саодатли келажакдир, ёмон тарбия эса истиқболсиз келажакдир. Биз фарзандимизга яхши тарбия бериш орқали келажагимизда ҳосил берадиган меванинг уруғини ерга қадаётгандек бўламиз.  Бу борада ота-оналарнинг фарзанд тарбияси масаласида масъулияти каттадир. Бу масъулиятни қанчалик ҳалол адо этсак, келажагимиз ҳам шунчалик фаровон бўлади.

[1]  Зумар сураси. 9- оят.

Нодир Қобилов, Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,

Пайариқ туман “Соғиш ота” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 16/10/2019 15:30;   Кўрилганлиги: 1578
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/eductaion/farzand-tarbiyasi-masuliyati
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 19:27
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг