Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Бир соатлик тафаккур, бир йил ибодат қилгандан хайрлироқ

 
 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бепоён саҳро шароитида ушбу ҳайвоннинг мавжудлигини ўзи инсонларга берилган катта неъмат. Чунки туя гўштини, сутини истеъмол қилишда шифо борлигини табобат исботлаб турибди. Бошқа ҳайвонларга нисбатан жазирама иссиқ шароитида ўта кучли ва чидамли. Туянинг оёқлари икки тиззали бўлгани учун бемалол ўтириб-туриши, инсонлар унинг устига чиқиб-тушишларида қулайлик беради. Туя жуда ювош ва беозор ҳайвон. Уни оддий кичкина бола ҳам ўзига бўйсиндириб олади. Бежизга Қуръон ва ҳадисларда туя ҳайвони ҳақида зикр қилинмаган. Яна бир қизиқ маълумот, Аллоҳнинг амри билан ҳозирги Масжидул Набавияда туя чўккан жой Пайғамбаримиз алайҳисалом қабрлари жойлашган жой.

Туяни бежизга – саҳро кемаси дейишмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

أَفَلَا يَنظُرُونَ إِلَى الْإِبِلِ كَيْفَ خُلِقَتْ

Улар назар солмасми: Туянинг қандай яратилганига?” (Ғошия сураси, 17-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз қудратини кўрсатиш учун инсонларга, хусусан, кофирларга Ўзининг яратган нарсаларига назар солиб кўришни тавсия қилмоқда:

“Туянинг қандай яратилганига” назар солмайдиларми?

Қуръон нозил бўлган пайт ва жойда одамларга энг яқин ҳайвон туя бўлган, шунинг учун уларнинг эътибори туяга тортиляпти. Ҳақиқатан ҳам, туя бир мўъжиза: унинг тузилиши – қулоқлари, бурни, кўзлари, оёқлари, туёқлари саҳро учун мослашган. Шунинг учун ҳам уни араблар «саҳро кемаси» дейишади. Туя иссиқ ҳавода юришга мослашган, сув ичмасдан, бир неча кунлаб юриши мумкин ва ҳоказо.

Энди “саҳро кемаси”нинг яратилишидаги баъзи бир ажойиботларга қисқача бўлса ҳам, назар солайлик. Туянинг кўзлари бошнинг юқори қисмида жойлашган бўлиб, ортга қараш имконини беради. Унинг қовоқлари эса қумни тўсишга мослашгандир. Шунингдек, туянинг бурун катаклари ва қулоқлари ҳам қум киришини тўсадиган жунлар билан жиҳозланган. Саҳрода шамол туриши билан туянинг тумшуқлари ҳам, қулоқлари ҳам жисмига тортилиб, қумдан зарар кўрмайдиган ҳолатга келиб олади.

Туянинг туёқлари ҳам алоҳида шаклдаги суякларга кийгизилган гўшт ва теридан иборат қўлқоп бўлиб, қумнинг устида юк ортилган ҳолда бундан бошқа туёқ билан юриш мумкин эмас.

Туя саҳрода оч қолганда, қуруқ ёғочни, ҳатто тиканни ҳам еб кетаверади.

Туянинг ўркачи ўзига хос озуқа омборидир. Агар туя саҳрода оч қолса, ўша ўркачидаги “омбор”дан озуқа олаверади.

Саҳрода энг зарурий нарса сув ҳисобланади. Туяни Аллоҳ таоло бу эҳтиёжга ҳам мослаб яратган. Аввало, туя терламайдиган қилиб яратилган. Яъни жисмидаги сувни ўзида сақлаб туради. Қолаверса, туянинг бурни оғзига уланган. Шунинг учун унинг нафас чиқариши туфайли ажралган буғ оғзи орқали яна ичига қайтади. Шу билан бирга, туя бирдан кўп сув ичиб олиш қобилиятига эга. У олтмиш литргача сув ичиши мумкин. Бу эса унга саҳрода олти кундан ўн кунгача сув ичмай юриш имконини беради.

Қуйида туя ҳақида қизиқарли маълумотларни ўқишингиз мумкин.

-Туя сув ва овқат борлигини ҳид сезиш орқали 40-60 км узоқликдан билади.

-Туя харакатдаги инсонни 1 км узоқликдан, харакатдаги автоуловларни эса 3-5 км дан кўра олади.

-Туя овқат емасдан 30 кун яшай олади.

-Туя сув ичмасдан 6-10 кунгача яшай олади.

-Туянинг териси қуёш нурини қайтариш хусусиятига эга.

-Туя бурунни шамол ва қумдан бутунлай ёпиши орқали ўз саломатлигини сақлайди.

-Туянинг териси буқаникидан 2 марта қалин.

-Туянинг вазни 800 кг ва бўйи 2-3 м га бориши мумкин.

-Туя ўз вазнининг ярмича юк ортиши мумкин айрим турлари 700 кг гача юк кўтара олади

-Туя терисидан 21 кг гача қимматбахо жун хом-ашёси олиш мумкин

-Туя териси ва бадани 70°С температура иссиқдан сақлайди яъни «совитгич (кондиционер)» вазифасини ўтаб беради

-Туя 16 км/соат тезликкача харакатлана олади

-Туя устидаги эгаси билан 1 кунда 80 км гача, юк ва узоқ масофаларга 30-40 км юра олади

-Туянинг панжалари бир-бирига ёпишган ва кенг, бу эса қум устида қийинчиликсиз харакатланиш устунлигини беради

-Туяни иккита тиззаси бўлиб, ерга ўтириши ва туриши учун қулайлик беради

-Туянинг бўйни узунлиги сабабли ноқулай шароитлардаги овқатларни бемалол истеъмол қила олади

-Туяни жаҳли чиқса, туфлаб ўз норозилигини ифода этади

-Туя табиий шароитда 40-50 йил яшаши мумкин

-Туянинг арабчада 80 дан ортиқ номлари бор. Улардан бири “Жамал” (Camel-инглизчада) деб номланади, яъни ўзбекчада “гўзал” деган маънони билдиради.

Бу ғаройиб туя ҳайвони ҳақида жуда кўплаб маълумотларни келтириш мумкин.

Ушбу зикр қилинган нарсалар Аллоҳ таолонинг, ўша туяни яратган Зотнинг қудратига далил эмасми? Ҳа, туянинг ва ҳар бир жонзотнинг яратилишига ибрат назари билан, ақлни ишлатиб қараган инсон Аллоҳ таолонинг қудратига тан бермай иложи йўқ.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бир соатлик тафаккур, бир йил ибодат қилгандан хайрлироқ”, деб марҳамат қилганлар.

Акмал Қурбанов тайёрлади.

Манба: islom.uz


Киритилган вақти: 11/09/2019 17:10;   Кўрилганлиги: 1211
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/bir-soatlik-tafakkur-bir-yil-ibodat-qilgandan-xayrliroq
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 07:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг